Тожикистондаги Исломий партия йўқ қилинадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи internet
Image caption Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий ватанига борса ҳибсга олишлари эҳтимолидан қайтмасликка қарор қилганини айтди

Афтидан, Тожикистон ҳукумати Ислом Уйғониш партиясини тақиқлаш томон бормоқда. Марказий Осиё республикаларидаги ягона расман рўйхатдан ўтган исломий фирқанинг омма орасида анчайин таниқли экани ҳукуматни қўрқитаётган кўринади. Партия раҳбари мамлакатдан чиқиб кетган.

Тожикистон конституциясига диний сиёсий партияларни тақиқлашга оид ўзгартириш киритиш юзасидан референдум ўтказилиши мумкин. Кейин ТИУП - Тожикистон Ислом Уйғониш партияси ўз-ўзидан ноқонуний деб эълон қилинади.

Мутахассислар мўътадил Исломни тарғиб қилувчи фирқанинг тарқатилиши мамлакатда радикализм кучайишига етаклаши эҳтимолидан огоҳлантирадилар

Тақводор мусулмонларга босим ортиб борар экан, мамлакат тинчлиги ҳеч қачон бу қадар омонат кўринмаган.

Омонат тинчлик

Тожикистонда 27 июн куни 5 йиллик фуқаролар урушига якун ясаган Ваҳдат - Миллий бирдамлик кунининг 18 йиллиги нишонланди. 1997 йил худди шу кун Москвада Тожикистон ҳукумати ва Бирлашган тожик мухолифати яраш битимини имзолаган эдилар. Ислом Уйғониш партияси Бирлашган тожик мухолифатида асосий ўрин тутган.

Аммо, партия бу кунни байрам қилишдан бош тортди. ТИУПга кўра, сўнгги бир неча йил асносида ҳукумат тарафидан ўртадаги "битим шартлари кенг миқёсда бузилди".

Фирқа ўзига қарши туҳмат кампанияси бораётганига ишонади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption 1997 йил 27 июнда Москвада Тожикистон ҳукумати ва Бирлашган тожик мухолифати яраш битимини имзолаган эдилар

Ислом Уйғониш Партияси масалани парламент ва ҳукумат олдида кўтарган ва ҳуқуқ-тартибот органларидан шикоят қилган. Аммо, партия мамлакат Президентига қилган 189 саҳифалик ёзма мурожаати эътиборсиз қолдирилган ҳисоблайди.

ТИУП раҳбари Муҳиддин Кабирий 17 июн куни Москвада ўтган халқаро анжуманда фирқа аъзоларига таъқиблар 2010 йилдаги парламент сайловларидан кейин бошлагани ҳақида айтди. Сайловда Ислом Уйғониш партияси каттагина дастакни қўлга киритганди.

ТИУП 2012 йилги ҳукумат махфий йиғилишида 32-20 рақамли протокол тасдиқланиши ортидан ўз аъзоларига таъқибу тазйиқлар кучайтирганини даъво қилади.

Хабарларда мазкур ҳужжатда ҳуқуқ-тартибот тизимларига Ислом Уйғониш партиясини обрўсизлантириш ҳамда аъзолари фирқадан кетишларига етакловчи чора-тадбирларни ишлаб чиқиш кўрсатмаси берилгани ҳақида ёзилди.

Ўшандан кейин Ислом Уйғониш Партиясига тегишли экани даъво қилинган муллалар номақбул жинсий ҳатти-ҳаракатлар ва қаллобликларга қўл ураётгани акс этган қатор видеоёзувлар тарқатилган ва фирқага қарши руҳда қатор мақолалар чоп қилинган.

Image caption Мўътадил мусулмонларни бурчакка тиқиш радикал Исломнинг кучайишига хизмат қилишидан огоҳлантирилади

20-21 июн кунлари интернетда ТИУПнинг вилоят ва ноҳиялар бўлимлари раҳбарлари партияни тарк этаётганлари акс этган видеолар ҳам пайдо бўлди.

Айрим фирқа аъзолари ўз баёнотларида ТИУПни ёпишни ҳам маслаҳат беришган.

Онлайн орқали тарқатилган баёнотларнинг кўплари Президент Имомали Раҳмон сиёсатига хайрихоҳлик ва мамнуният билан якунланган.

Ислом Уйғониш Партияси раҳбари ўринбосари Муҳаммадали Ҳайит эса, матбуотга гапирар экан, мазкур ҳолатлар ҳақиқий воқъеликни акс эттирмаслиги, бундай чиқишлар ҳукумат босимлари остида бўлаётганини айтади.

Радикализм хавфи

Партия раҳбари Муҳиддин Кабирий EurasiaNet.org хабар агентлигига берган интервюсида ҳукуматнинг тақводор мусулмонларга қарши ҳаракатлари хатарли оқибатларга етаклаши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Аксар мусулмонлар истиқомат қилувчи давлатнинг асосан дунёвийлардан иборат раҳбарияти кундалик ҳаётда Исломнинг роли кучайишидан хавотирланади.

Мамлакатда болаларнинг масжидларга боришларини тақиқланган, ёпиқ эшиклар ортидаги маҳкамаларда анъанадор мусулмонларга қамоқ жазолари тайинланган. Устига-устак соқол қўйиш, ҳижоб кийиш ва ҳатто, мусулмонча исмларга ҳам қарши кампания олиб борилади.

Интерфакс агентлигига билан суҳбатида эса, Кабирий жаноблари айни қадамлар Тожикистонда радикал ғоялар кучайишига хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлайди.

Унинг ишонишича, вазият шундай давом этса, янада кўпроқ ёшларнинг ўзини "Исломий Давлат" деб атаётган гуруҳга ва ё бошқа экстремистик оқимларга хайрихоҳлиги ошиши тайин.

Референдум

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Имомали Раҳмоннинг бошида нима ўй?

Ислом Уйғониш партияси Тожикистондаги катта таъсирга эга иккинчи партия. Март ойида ўтказилган парламент сайловларида бирон бир ўринни қўлга кирита олмади. Бундай ҳолат 2000 йилдан бери илк бор кузатилди.

Адолатсиз ўтгани айтилган сайловлар ортидан партия раиси Муҳиддин Кабирий Тожикистондан чиқиб кетди. Исломий партиянинг сиёсий кенгаши унга ватанга қайтмасликни маслаҳат берган. Фирқа раҳбарлари агар Кабирий қайтса, ҳибс қилиниши ё-да, ҳатто ўлдирилиши мумкинлигидан қўрқишади.

Россиялик эксперт Андрей Серенкога кўра, "Раҳмон тузуми бошқарувнинг қаттиққўл усуллари"ни қўллашга ўтмоқда. Унинг айтишича, бу келажакда қудрат кимга ўтиши масаласи билан боғлиқ. Шунингдек, ҳукумат омма қарашларини референдум учун тайёрламоқда.

Унинг ишонишича, Президент Раҳмон конституцияга ўзгартириш киритиб, 2020 йилги сайловларга иштирок этишига йўл очади. Экспертга кўра, у ҳукуматни ўғли ва ё бошқа бир яқин қариндошига топширишни ҳам кўзлайди. Серенко, ўз ўрнида, диний илдизларга эга партиялар фаолияти ҳам тақиқланишини башорат қилади.

Андрей Серенкога кўра, Ислом Уйғониш партияси мухолифат эмас, аммо "ўз ғоялари, айтар сўзи, кучли Исломий қадриятларга асосланган анъаналарига эга муқобил партиядир".

Эксперт Президент мағлубиятдан қўрқиши ва "хавфли мухолифи"ни ўртадан олиб қўя қолишини айтади.

Андрей Серенконинг ишонишича, Президент ёрдамчилари "онгли равишда радикал Исломни қўзғаш сиёсатини олиб боришмоқда... Чунки, радикал Ислом таҳдидигина жорий президентни ўрнини ҳеч ким боса олмайдиган раҳбарга айлантириши мумкин".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ