Россия Думаси яна Марказий Осиё фуқаролари учун виза талвасасига тушди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Марказий Осиё фуқароларига нисбатан виза тартибидан ким зарар кўради?

Россия давлат Думасининг айрим аъзоларига кўра, мамлакатга «Исломий давлат» гуруҳи таъсири ёйилмаслиги учун Марказий Осиё давлатлари билан виза тартибини жорий қилиш керак.

Айни масалада Россия федерал муҳожирлик хизматига Думадаги миллатлар иши бўйича шуғулланадиган мулозимлардан бири Валерий Рашкин ва коммунистлар раҳбарларидан Сергей Обуховлар мурожаатнома йўллашган.

Россия матбуотига кўра, бу депутатлар виза тартиби жорий қилиниши билан шарт бўладиган савол-жавоблар орқали турли «экстремист унсурларни» аниқлашлари мумкин, деган қарашда собитлар.

Виза тизими, депутатларга кўра, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон билан жорий қилиниши лозим.

Экстремистларга виза керакми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Уларга виза керакми?

Россия интернет саҳифаларидан бири «Экономика сегодня» нашри билан суҳбатда тарих фанлари номзоди Наталя Харитонова виза тизими иш бермаслигини айтади.

«Исломий давлат» гуруҳи аъзолари Россияга киришни истаса, бу давлатлар билан виза тизими уларга тўсиқ бўлиши қийин, деб ҳисоблайди олима.

«Халқаро террорчи ташкилотлар турфа бюрократик тўсиқларни енгишга етарлича тажриба орттиришган», дейди Наталя Харитонова.

Гарчанд, Россияга «Исломий давлат» гуруҳи аъзолари сизиб кираётгани ва турфа манбаларга кўра, муҳожирлар орасида «жангари ёллаш» ҳолатлари рўй бераётгани сир бўлмаса ҳам, матбуотдаги чиқишларнинг аксарияти вазиятни бўрттиришдир.

Айни нашр билан суҳбатда Харитонова хоним Толиблар давридаги ўхшаш васвасани мисол келтиради.

«Биз аввал Толиблар ҳақида ҳам шунақа йўл тутгандик. Айни ҳаракат паштун миллатчилигига асослангани, Марказий Осиё давлатларига хавф солмаслиги, айниқса Россияга таҳдид деярли йўқ эканига гувоҳ бўлдик. Ҳозир «Исломий давлат» билан худди шундай вазият рўй бераётир», дейди олима.

Ҳибслар ва рақамлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ҳибсдаги муҳожир

Ўтган бир неча ой ичида Россия хавфсизлик кучлари мамлакат бўйлаб бир неча «жангари ёлловчилар» ва ё «Исломий давлат» гуруҳи аъзоларини ҳибсга олгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгашининг ўринбосари Евгений Лукянов яқинда «Исломий давлат» гуруҳи сафида 2000 нафарга яқин россияликлар жанг қилаётгани ҳақида айтган эди.

Сўнгги ойларда аксарият Марказий Осиё давлатлари ҳам “Исломий Давлат” сафларида жанг қилаётган фуқароларининг сони ортиб бораётганидан ўз хавотирларини яширишаётгани йўқ.

Агар, ICSR ва АҚШ Марказий Жосуслик Хизматининг шу йил март ойида эълон қилган расмий маълумотларига таянилса, минтақадан 'Исломий Давлат" сафига ёлланган энг кўп жангарилар ўзбекистонликдир.

Россия ва Ўзбекистон собиқ Шўро республикалари орасидан бу икки ташкилот рўйхатида юқори ўринларни эгаллаган иккита давлат бўлишганди.

1.500 та экани айтилган жангариларининг сони бўйича Россия рўйхатда учинчи ўринни эгаллаган, "Исломий Давлат" сафидаги "500 нафар жангариси" билан Ўзбекистон 13 давлат орасидан энг қуйи ўринда келганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ