Туркманистон: вазирлар ислоҳотлар секинлиги учун лавозимидан бўшатилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи STR AFP Getty Images

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳукуматдаги қатор вазирларни вазифаларидан бўшатган.

Туркманистон ҳукуматининг кенгайтирилган мажлисида Бош вазирнинг иқтисодиёт ва молия масалалари бўйича ўринбосари Аннамуҳаммад Гочиев, қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Аннагелди Язмирадов, Иқтисодиёт ва тараққиёт бўйича вазир Вепа Абдилҳакимов, қурилиш ва меъморчилик бўйича вазир Ғапурберди Байраммуродов ҳамда Озиқ-овқат саноати Давлат бирлашмаси раиси Ўрозмурот Гурбанназаровлар ўз лавозимларидан четлатилганлар.

Президент Бердимуҳамедовга кўра, Бош вазир ўринбосари Аннамуҳаммад Гочиев жаҳон иқтисодидаги салбий жараёнларни ҳамда бу жараёнларнинг Туркманистон иқтисодига таъсирини ўз вақтида таҳлил қилолмаган.

Рейтер ахборот агентлигининг хабар қилишича, Ашхободдаги Туркман ҳукуматининг кенгайтирилган йиғилишида иқтисодий ўсиш кутилганидан паст бўлгани раҳбарларнинг камчилиги сифатида кўрсатилган.

2014 йили Туркманистон Ялпи Ички маҳсулоти ўсиши 10,3 фоизни ташкил этгани, 2015 йилда эса 9,1 фоиз даражасида кутилаётгани айтилган.

Халқаро Валюта жамғармаси ҳам жорий йилда Туркманистонда ўсиш, аввал кутилганидек, 10,3 фоиз эмас, 9 фоизни ташкил этади деб башорат қилган.

Рейтер агентлиги раҳбарларнинг лавозимларидан бўшатилиши сабабларидан бири сифатида коррупцияни тилга олган.

Туркманистон Бош вазирининг иқтисодиёт ва молия масалалари бўйича ўринбосари этиб шу пайтгача Балкан вилоятининг ҳокими вазифасида ишлаб келган Баширмурод Хўжамаммедов тайинланган.

Шунингдек, Дашогуз, Ахал вилоятлари раҳбарлари, Каспий денгизи соҳилидаги Туркманбоши шаҳри ҳокимлари ҳам алмашган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ