Қамоқдаги собиқ вазир Зайд Саидовга яна 25 йил сўралди

Image caption Тожикистон саноат ва энергетика собиқ вазири, таниқли тадбиркор Зайд Саидов айни пайтда 26 йиллик қамоқ жазосини ўтаяпти.

Тожикистон Бош Прокуратураси тутқунликдаги тожик тадбиркори Зайд Саидов ишининг молиявий қисми бўйича навбатдаги жараёнда уни қўшимча 25 йил қамоқ жазоси ва 34 миллион сомони (5,440 млн АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортиш ҳамда бор мол-мулкини мусодара қилишни талаб қилган.

Олий маҳкама жараёни ёпиқ тарзда Тожикистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси изоляторида бўлиб ўтган.

Бу ҳақда Тожикистоннинг мустақил "Азия-плюс" сайти хабар бермоқда.

Тожикистон саноат ва энергетика собиқ вазири, таниқли тадбиркор Зайд Саидов айни пайтда 26 йиллик қамоқ жазосини ўтаяпти.

Зайд Саидов 2013 йил 25 декабрда порахўрлик, товламачилик, жинсий зўрлаш, кўпхотинликда айбдор деб топилиб, 26 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Саидов жаноблари бу айбларнинг барчасини қатъий инкор этган.

Жаноб Саидов энди иқтисодий жиноятларда, жумладан пул ювиш, солиқлардан бўйин товлаш ва хизмат вазифасини суистеъмол қилганликда айбланмоқда.

Тожикистон Жиноят Кодексига биноан, энг узоқ жазо муддати 30 йилга тенгдир.

Ушбу хабар орқасидан бир қанча интернет фойдаланувчилари захарханда изоҳларни ёзиб қолдирганлар.

"Анекдотми бу... жами 50 йил?? Бу ҳақда ҳатто Инсон ҳақлари қўмитасида ҳам эшитмаган бўлсалар керак... "Мўъжизалар мамлакати"!!!- деб ёзади бири.

Бошқа бир ўқувчи шундай дейди: У жуда хавфли жаноблар. Уни озодликка чиқармаслик керак, бўлмаса давлатни ҳам хусусийлаштириб олади. Бу эса жуда ёмон ўртоқлар! Қандай хоҳласам шундай бошқараман, ўртоқлар, деб қўшимча қиларкан, киноя қилади у.

Сизга ачинаман Зайд ака, деб ёзади бошқа бир тожикистонлик.

Зайд Саидов қариндошларининг "Азия Плюс" мухбирига айтишларича, янги жиноий иш асосида "Душанбе Плаза" комплексининг қурилишида ҳужжатларни сохталаштириш ва "Тожикатлас" ҳиссадорлик ташкилотини ноқонуний хусусийлаштириш каби айбловлар бор.

Ўтган йилларда Зайд Саидов ва унинг қариндошларига тегишли саккиз ташкилот давлат ҳисобига ўтказилган.

2015 йил 4 июнда Зайд Саидов иши бўйича эшитиш жараёнида собиқ энергетика вазири Гул Шерали ва Тожикистон Бош вазири собиқ ўринбосари Матлубхон Давлатовлар кўрсатма берганлар.

Икки гувоҳ ҳам Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг қариндошлари ҳисобланишади.

Зайд Саидов 2014 йил декабрида ўзига қўйилган иқтисодий жиноятларда кўрсатма берганлар билан юзма-юз учраштиришни сўраган.

Таниқли тадбиркор феврал ойида мамлакат Олий маҳкамасига мурожаат қилиб, ўзига нисбатан қўзғатилган янги жиноий иш бўйича очиқ маҳкама ўтказишни талаб қилган.

Image caption Зайд Саидов ўзининг президентликка даъво қилмаслигини айтган.

Имомали Раҳмон мухолифи

Зайд Саидов 2013 йил бошида Тожикистонда "Янги Тожикистон" деб номланган янги партия тузиш ташаббуси билан чиқади.

"Янги Тожикистон" партиясини барпо этаётгани борасида эълон қилиниши ортидан Саидов жаноблари ва бошқа ташкилотчиларга нисбатан босимлар кучаяди.

Зайд Саидов ва бошқа мухолифат вакилларига босимларни мухолифат вакиллари ва таҳлилчилар 2013 йил ноябр ойида кечган президентлик сайлови олдидан қилинган сиёсий босимлар сифатида изоҳлашган.

Зайд Саидов журналистлар билан суҳбати чоғи президентликка номзодини қўйиш нияти йўқлиги ва янги партияси 2015 йилги парламент сайловларида иштирок этишни режалаётганини бир неча бор таъкидлаган.

Инсон ҳақлари фаоллари Саидов узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилиниши ортидан, бу иш бутунлай сиёсий мазмунда эканлиги, мухолифатга нисбатан Имомали Раҳмон сиёсатининг бир кўриниши эканини айтганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio