Асқаров мукофоти туфайли Қирғиз ҳукумати АҚШ ёрдам пулидан воз кечмоқчи

Қирғизистон президенти девони АҚШ Давлат департаментининг Азимжон Асқаровга мукофот бериш қароридан норозилик билдириб, АҚШ инсонпарварлик ёрдамидан воз кечишини айтди.

Ҳозирда бир умрлик қамоқ жазосини ўтаётган этник ўзбек журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровга АҚШ Давлат департаменти уч кун аввал "Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари мукофоти"ни тақдим қилганди.

Унинг суд иши жараёни халқаро кузатувчилар ва матбуот воситалари томонидан қаттиқ қораланган. Асқаров фойдасига амал қилган адвокатлар ва гувоҳлар қирғиз қурбонлар қариндошлари томонидан судда очиқча калтаклангани ҳужжатлаштирилганди. Асқаровнинг ўзи тергов чоғида қийноққа тутилганини айтган.

"Қирғизистон Республикаси фуқароси Азимжон Асқаров Қирғизистон суд органлари томонидан 2010 йил июнидаги фожеали воқеалар чоғида миллатлараро адоватни қўзғатиш, оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариш ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимини ваҳшийларча ўлдиришга алоқадорликда айбдор деб топилган", - дейилади Президент Алмазбек Атамбаев девони чиқарган баёнотда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи fergananews.com
Image caption Асқаров тергов чоғида қийноқларга тутилганини айтган

Баёнотда ёзилишича, Асқаровнинг айбини Қирғизистонда мустақил саналган суд тизими исботлаган.

"Шундай экан, барча суд инстанциялари томонидан бу каби оғир жиноятларда айбдор деб топилган одамнинг мукофотланиши бизни ўта ҳайрон қолдирмоқда ва чуқур ташвишга солмоқда", - дейилади ҳукумат баёнотида.

Қирғизистон президенти девони бу мукофотни ўз тинчлиги ва фаровонлигига таҳдид деб кўриб, АҚШ билан тузилган гумантир ёрдам борасидаги битимни бекор дея эълон қилиш ниятида эканини айтади.

"Қирғизистон Республикаси ҳукумати Қирғизистон ҳукумати ва АҚШ ҳукумати ўртасидаги ёрдам кўрсатишни енгиллаштириш борасидаги ҳамкорлик учун Вашингтонда 1993 йил 19 майда тузилган келишувни бекор дея эълон қилиш ниятида эканини хабар қилади".

Мазкур келишувда у "Қирғиз Республикаси халқининг фаровонлиги йўлидаги гуманитар ёрдам, ҳамда иқтисодий ва техник ёрдамларни кўрсатишни енгиллаштириш" учун тузилган.

Фарғона хабар агентлигига кўра, АҚШ Қирғизистонга йилига бир неча ўн миллион долларлик гумантир ёрдамини етказиб беради. 1992 ва 2013 йиллар ўртасида кўрсатилган ёрдам 2 миллиард долларга тенг экани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio