Россияда тўрт нафар тожикистонлик ҳалок бўлган

"Авеста" сайти хабар беришича, Москва вилоятида содир этилган ҳодисада гумон билан 51 ёшли орловлик шахс қўлга олинган. Айтилишича, меҳнат муҳожирлари яширин ер ости йўлини қазиётган бўлганлар.

Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси вакили Муҳаммад Эгамзоднинг журналистларга айтишича, гумондор тўрт нафар меҳнат муҳожирини туннел қазишга ёллаган ва улар ёрдами билан нефт қувурини кесиш ҳамда нефт маҳсулотларини ўғирлашни режалаштирган.

Бироқ ер остида ишчиларга ҳаво етмай, воқеа жойида бўғилиб нобуд бўлганлар.

Суриштирув ходимларига биноан, ҳибсдаги гумонланаётган шахснинг айби исботланса, у бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Айни пайтда, ҳалок бўлганларнинг шахслари аниқланган. Булар Ҳамадоний туманилик 26-27 ёшли Хуршид Ёрматов ва Самандар Халифаев, кумсангирлик 1982 йилда туғилган Солиҳжон Дилшодов, данғаралик 30 яшар Фирдавсий Нодиров ва 27 ёшли Шаҳром Набиевлар экани хабар берилади.

Тожикистоннинг Россиядаги элчиси Имомуддин Сатторов Тожикистон фуқароларининг ўлими юзасидан текширувларни ўз назоратига олган.

Элчи жаноблари консуллик бўлимига тергов идоралари ва қурбонларнинг оиласи билан боғланиб туришни топширган.

Россия оммавий ахборот воситалари ёзишича, "қора нефтчи" ҳалок бўлган Тожикистон фуқароларини ўз жиноий бизнесини йўлга қўйиш учун ёллаган. Бироқ бахтсиз ҳодиса туфайли муҳожирлар жасадларини Тула ва Москва вилоятлари ҳудудига олиб чиқартирган.

Ҳодиса юзасидан тергов ишлари давом этмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio