Азимжон Асқаров "катта ўйин" қурбони бўляптими?

АҚШ Давлат департаментининг Азимжон Асқаровни "Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси" мукофоти билан мукофотлагани Қирғизистон ва ташқарида кескин баҳсу-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Бишкекдаги АҚШ элчилиги Қирғиз расмийларининг икки мамлакат ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорликни тўхтатиш ҳақидаги таҳдидларидан ҳафсаласи пир бўлганини билдирди.

Бу орада Жалолобод вилоятида ўнлаб намойишчилар Қирғизистондаги АҚШ дипломатик миссиясини ёпиш талаби билан норозилик тадбири уюштирдилар.

Бу можаро марказида эса 2010 йилдаги зўравонликларга алоқадорликда айбланиб бир умрлик қамоқ жазосини ўтаётган этник ўзбек Азимжон Асқаровнинг шарафланиши турипти, деб ёзади Би-би-си муҳаррири Иоханнес Делл.

Азимжон Асқаровга чиқарилган ҳукм ҳам халқаро миқёсда кўп танқидларга сабаб бўлган эди.

Азимжон Асқаровнинг иши узоқ вақтдан буён халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг эътиборида бўлиб келмоқда, улар Қирғизистон жанубидаги жамоалараро рўй берган қонли ҳодисалардан кейинги таранглик манзарасида маҳкама жараёнининг адолатсиз бўлиб ўтгани, адвокатлар ва гувоҳларга таҳдидлар, ҳақоратлар билан бўлиб ўтганини қайта-қайта урғулаб келадилар.

Ҳозирга келиб эса бу масала сиёсий футбол можаросига айланди, Асқаровнинг мукофотланиши ҳар турли талқинлар ва мишмишларга туртки берди.

Хусусан, айрим Россия матбуоти АҚШ-Қирғиз можаросида ўз манфаатини ҳам кўрган.

Баъзи шарҳловчилар Азимжон Асқаров мукофотлангани вақтига эътибор қаратганлар, Қирғизистондаги парламент сайловлари арафасида бу нарса мамлакатни беқарорлаштиришга уриниш истаги эканини "кўрганлар" ҳам бўлаяпти.

Яна бир таҳлилчилар назарида, АҚШ мукофоти Россия етакчилигидаги Овросиё Иқтисодий иттифоқига қўшилишга қарор қилгани учун Қирғизистондан ўч олишдир.

Россиядаги айрим оммавий ахборот воситалари АҚШнинг Марказий Осиёдаги манфаатлари ва таъсирига ўта шубҳа билан қарайди.

Кўплаб шарҳловчилар фикрича, собиқ Шўро давлатларидаги турли рангли инқилоблар ортида АҚШ, Марказий Истиғборот агентлиги, хорижий ноҳукумат ташкилотлари орқали маблағ олган кучлар турган.

АҚШ бундай талқинларни рад этади.

Мукофотлаш вақти кўпроқ АҚШ Давлат департаментининг йиллик тақвимига боғлиқ: охирги йилларда айни шу мукофот май ёки июн ойларида фаолларга берилган. Бу фаоллар эса турли мамлакатлар, мисол учун, Уганда, Сурия, Ироқ, Афғонистон ва Венесуэлада турли йўналишда фаолият юритадиган инсонлар бўлганлар.

Бу йилги мукофотланганлар орасида Венесуэладаги инсон ҳақлари ташкилоти фаоли Форо Пенал ҳам бор, унинг мукофотланишини ҳам Венесуэла расмийлари кескин танқидлар билан қарши олдилар.

Аммо шуниси ҳам борки, АҚШ Давлат департаменти ўз шерик давлатларига нисбатан танқидий муносабат билдирса ҳам, мисол учун йиллик диний эркинлик ёки инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича ҳисоботларда танқид қилинса ҳам, бу танқид мамлакатларнинг ўзаро практик муносабатларига таъсир кўрсатмайди.

Аслида АҚШнинг ўзи инсон ҳақлари ташкилотлари томонидан Марказий Осиёдагига ўхшаш репрессив режимлар билан ҳамкорлик қилаётгани учун қаттиқ танқидларга тутилади.

Мукофотлангани ортидан юзага чиққан бу баҳслар Азимжон Асқаровнинг ҳозирги аҳволини яхшилайдими ёки бадтар қилади, номаълум.

Қирғиз расмийлари "ярани тирнаш" амалини афзал кўраётган эканлар, Азимжон Асқаровнинг ҳукми ўзгартирилишини сўраб қилган аризалари ўзи учун яхши натижа берадиган тарафга бурилиши эҳтимоли бундан кейин камайиб бориши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ