Олма-отада сел боис 900 киши эвакуация қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи tengrinews.kz

23 июл ярим тунда Олма-ота шаҳрининг айрим ҳудудларини сел босди.

Тоғдан оқиб келувчи Қарғали сойининг тошиши оқибатида шаҳарнинг ғарбий жанубида жойлашган уй ва йўлларни сув босган.

Расмий хабарларда тошқиндан жабр чекканлар йўқлиги ва 900 га яқин одам ҳодиса жойидан хавфсиз жойларга кўчирилгани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган расмларда машина, йўллар ва биноларнинг сув остида қолганини кўриш мумкин.

Гувоҳлар сувнинг қаттиқ шовқинидан уйғониб кетганини айтишган.

“2:30 ларда уйғондим, қаттиқ шовқин бор эди. Танишимни уйғотиб ўша томонга чопдик. Йўлни тўлдириб катта сув оқаётганини кўрдик. Бутун ҳаётим кўз ўнгимдан ўтди. Уйимизга ҳеч нарса қилмади, лекин қўшниларимизникини сув босди”, - деган tengrinews.kz сайтига Таусамал посёлкаси турғуни.

Одамлар орасида Қарғали сойи юқорисида жойлашган тўғон бузилиб кетгани ва сув тошқинининг иккинчи босқичи бўлиши мумкиндиги ҳақида миш-мишлар тарқалган.

Миш-мишлардан ваҳимага тушган одамларнинг ўз авто уловларида шаҳарни тарк этаётгани акс этган суратлар пайдо бўлди.

Бироқ Фавқулотда вазиятлар қўмитаси тўғоннинг ўз жойида тургани, сув сатҳи меъёрида эканигини таъкидлади.

Ижтимоий тармоқларда фикр қолдирувчилар, сув тошқини борасида ўз вақтида хабар берилмагани одамлар ўртасида ваҳиманинг янада кучайига олиб келганини ёзишган.

Табиий офатни бартараф этиш учун махсус кучлар ва ҳарбийлар жалб қилинган.

Олма-ота шаҳри тоғ ён бағрида жойлашган бўлиб, шаҳар юқорисида тўғонлар билан бекитилган йирик сув ҳавзалари мавжуд.

Об-ҳаво хизмати кунларнинг исиб кетиши ортидан сув тошқини бўлиши мумкинлиги ҳақида бундан сал олдинроқ огоҳлантирган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio