Қирғизистонлик имом Рашод Камолов устидан маҳкама бошланди

Қирғизистондаги Қорасув туман маҳкамаси шу йил февралида ҳибсга олинган таниқли имом Рашод қори Камоловнинг ишини кўриб чиқишни бошлаган.

Маҳкамада ўз маърузаларида исломий халифаликни тарғиб этиб, Сурияга одамларни жўнатган деб айбланаётган имом Рашод Камолов, ўзини айбсиз эканлигини, буни тасдиқловчи инсонлар ҳам борлигини айтган.

Тушдан кейин бошланган Қўйчубек Жобонов ҳакамлигидаги маҳкама мажлиси узоққа чўзилгани йўқ. Қорасув туман суд биносида элликка яқин милиция ходимлари маҳкамага келган одамларни текшириб, хавфсизликни таъминлаб турдилар.

Маҳкама бошланиши олдидан судланувчи адвокатлари жараённи видео тасвирга олишликни сўраб ҳакамга қилган мурожаатлари қаноатлантирилмади. Фақат овоз ёзиш ускунаси қўлланишигина рухсат берилди. Темир қафас атрофида йиғилган милиция ходимлари маҳкамада қатнашаётган журналистларга жараёндан аввал ва кейин ҳам тўсқинлик қилиб, судланувчини суратга олишга қаршилик қилдилар.

Маҳкама жараёнида туман прокуратураси прокурори Абдиразақов судланувчи Рашод Камоловга қўйилаётган айблар билан маҳкама қатнашувчиларини таништириб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Рашод Камолов Қирғизистон Республикаси Жиноий кодексининг 299 банди - “Лавозимини суистеъмол қилиб, диний нифоқни қўзғаш” ва 299 модданинг 1-банди “Тақиқланган экстремистик материалларни сақлаш ва тарқатиш” каби жиноятларни содир этганликда айбланаяпти.

“Тергов давомида аниқланишича, жорий йилнинг 15 январида Қорасув туманининг Киров қишлоғи яшовчиси милициянинг маҳаллий идорасига “Халифалик ҳақида” дея номланган диск олиб келган. Дискдаги видео ёзув Рашод Камоловнинг маърузаси эканлиги, ушбу маърузани милиция ходимлари интернетдан ҳам топганликлари ва худди шу маъруза ёзилган диск Камоловнинг уйида тинтув ўтказилган пайтда ҳам топилгани тасдиқланган” – дейди прокурор Абдиразақов.

Унинг сўзларига кўра, дин ишлари бўйича давлат комиссияси мутахассиси Қанатбек Абдраимов маърузани экспертизадан ўтказган ва ушбу маъруза халифаликни тарғиб этувчи эканлиги тўғрисида дея ўз хулосасини берган.

Комиссия қарори асосида, жорий йилнинг 27 январида Рашод Камоловга қарши жиноий иш очилган ва 4 февралда Ўш шаҳар суди қарори билан имом уйида тинтув ўтказилган.

Прокурор Рашод Камоловга нисбатан 2 модданинг 3 банди билан, умумий 6 айблов олға сураяпти.

Суд жараёнида судланувчи Рашод Камолов барча айбловларни рад этиб, ўзини айбсиз эканлигини айтди.

“Прокурор айтаётган сўзлар, бўлмаган. Менинг маърузаларим тўғри маънода, ҳаққоний айтилган. Буни тасдиқловчи жамоат ҳам бор. Мана айтинглар” – дея маҳкама залида ўтирган сафдошларига мурожаат қилди Рашод Камолов

Адвокатлар ҳам ҳимоясидаги инсонни айбсиз эканлигини, унинг маърузаларини экспертиза қилган мустақил тахлилчилар кейинги маҳкама жараёнларига келиб, ўз кўрсатмаларини беришликларини айтиб ўтдилар.

Суд жараёни гувоҳлар келмаганлиги сабабли бир ҳафтага қолдирилди.

Эслатиб ўтамиз, Рашод Камолов, Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги “Ас-Сарахсий” масжиди имоми.

Отаси марҳум Муҳаммадрафиқ Камолов ўзининг маърузаларида ҳаётда бўлаётган ноҳақликларни очиқ айтиб, одамларни огоҳликка чақирган.

2006 йилнинг августида Ўш шаҳрида ўтказилган махсус амалиёт пайтида махсус хизматлар тарафидан отиб ўлдирилган отасининг ўрнига имомлик курсига ўтирган Рашод Камолов, жорий йилнинг февраль ойида қамоққа олинган.

Унга “диний нифоқни қўзғаш” ва “таъқиқланган эстремистик материлларни сақлаш ва тарқатиш” айбловлари қўйилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ