Тожикистонда юздан ортиқ масжид ёпилган

Image caption Фаолияти тўхтатилган масжид бинолари маданий марказлар, болалар боғчалари, маҳалла қўмиталари, чойхоналар учун фойдаланишга топширилмоқда.

Шимолий Тожикистонда маълум муддат эшиклари беркитилган 100 тадан ортиқ масжиднинг қайта фаолият юритишига ижозат берилмаган. Суғд вилояти ҳукумати қошидаги дин, анъана ва маросимларни мувофиқлаштириш қўмитасига кўра бу масжидлар бинолари учун вақтида зарур ҳужжатлар тайёрланмаган. Бу бинолардан масжид сифатида фойдаланиш учун Ер қўмитаси ижозати олинмаган, диний муассаса сифатида рўйхатдан ўтилмаган.

Ҳозирда фаолияти тўхтатилган масжид бинолари маданий марказлар, шифокорлик нуқталари, болалар боғчалари, маҳалла қўмиталари идоралари, чойхоналар учун фойдаланишга топширилмоқда. Камида юз йиллик тарихга эга масжидлар бинолари маданий-дам олиш ёдгорликлари сифатида асралади.

Масжид эмас, чойхона

Image caption Маҳаллий диний қўмита вакилларининг айтишларича айрим масжидлардаги намозхонлар сони камайиб кетгани боис, бошқа мақсадлар учун берилган.

Биргина Ғафуров туманидаги Исфисор жамоатида тўртта масжид фаолиятига ижозат берилмаган. Бу масжид биноларининг чойхона ва маҳалла қўмиталари идоралари учун берилиши вилоятдаги ҳукумат телевидениесида кўрсатилган. Бу кўрсатувда маҳаллий аҳоли номидан чиқиш қилган кишилар масжид ўрнида чойхоналарнинг бўлиши ўзлари учун қулайлик туғдирганини, энди чойхонада чойхўрлик қилиб, чақчақлашиб ўтиришларини айтишган.

- Мен бу қўрсатувни бошидан-охиригача кўрдим. Ҳар бир масжид биносининг бошқа мақсадларда ишлатилиши ҳақида гап кетар экан, ҳар гал маҳаллий диний қўмита вакилининг ҳозир бўлганлигини кўрдим. Ана шунда бу кўрсатувни тайёрлаш ва оммалаштиришнинг асл мақсадини тушунгандай бўлдим, - дейди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов.

Аҳмад Бобожоновнинг айтишича унинг ўзи Шўролар пайтида мактаб синфхоналарига айлантирилган масжид биносида бир-икки йил ўқиган экан. «У пайтлар масжидлар бинолари фақат мактаб синфхоналари эмас, минерал ўғитлар, заҳарли химикатлар сақланадиган ерга айлантирилган эди. Ҳозиргача масжид биноларининг биридан, у минг тозаланмасин, заҳарли химикат ҳиди келиб туради», дейди кузатувчи.

Аммо маҳаллий ҳукумат вакилларининг изоҳлашларича Ғафуров туманида текширишлардан сўнг қонунга зид равишда фаолият кўрганлиги аниқланган масжидларнинг ҳаммаси ҳам ёпилган эмас. Аҳоли билан суҳбатлардан сўнг, намозхонлар фикри ўрганилгач, ноқонуний дея топилган 45 та масжиддан еттитасига фаолият юритиш учун ижозат берилган. Жумладан, Исфисор қишлоғида ҳам бир масжид эшиклари намозхонлар учун қайтадан очилган. Бир муддат беш вақтлик масжидга айлантирилган «Сўгир ота» масжидига эса яна жоме масжиди сифатида фаолият юргизиш ижозати берилган.

Маҳаллий диний қўмита вакилларининг айтишларича гарчи айрим масжидлар вақтида ҳашар йўли билан қурилган бўлса-да, бора-бора улардаги намозхонлар сони камайиб кетган. Шу боис ҳукумат дастури ва маҳаллий аҳоли билан маслаҳатлашишдан сўнг, уларнинг розилигини олиб, масжидлар бинолари бошқа мақсадларда фойдаланиш учун берилганлиги таъкидланган

- Тожикистон мустақиллиги йилларида мамлакатда ислом дини ривожланишига алоҳида аҳамият берилмоқда. Собиқ Ленинобод, ҳозирги Суғд вилоятида бор-йўғи учта масжид бор эди. Энди катта қишлоқларда ўн-ўн бештадан масжид бор, - дейди маҳаллий мактаблардан бирининг ўқитувчиси Абдуманнон Воҳидов.

Расмий маълумотларга кўра ҳозирда Шимолий Тожикистонда 1060 та масжид амал қилмоқда. Айни бир пайтда фаолияти вақтинча тўхтатилган 30 тага яқин беш вақтлик масжиднинг қайта фаолияти юритиши учун ҳужжатлар тайёрланиб, қайддан ўтказиш учун тавсия этилган.

Кузатувчиларнинг фикрича эса, масжидларни ёпиш ҳоллари кейинги йилларда Тожикистонда тез-тез юз бериб турибди. Бундан олдинги йилларда мамлакат жанубидаги Хатлон вилоятида айнан ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилмаган, Ер қўмитаси ижозати олинмаган каби важлар билан масжидлар ёпилган эди.

Телевидениеда чиққан ҳижобсиз ҳожи она: «Менга ўхшаб кийининг!»

Маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожоновнинг фикрича масжидларнинг ёпилишига ёшларнинг ислом динига берилишидан хавотирлик ҳам йўқ эмас. Суғд вилоятида ўнлаб масжидларнинг ёпилишини бу вилоятдан юздан ортиқ эркак-аёлнинг Сурияга кетиб, ўзини «Исломий давлат» деб атаётган ҳаракат сафига қўшилиши билан изоҳлаётганлар ҳам бор, дейди кузатувчи. «Лекин ислом динининг ҳақиқий асосларини ўрганган, бу динда инсон қонининг ноҳақ тўкилиши қоралашини билган одамлар ҳеч қачон ноҳақ жангларда қатнашиш учун жўнаб кетмайдилар», дейди Аҳмад Бобожонов.

Айни бир пайтда халқаро ташкилотлар ҳам Тожикистонда кейинги йилларда ислом дини таъсирини камайтириш учун ҳукумат устма-уст қадамлар қўяётганлигини таъкидлашган. Жумладан, хориждаги диний ўқув юртларида ўқиётган тожикистонлик ёшлар Ватанига қайтариб олиб келинган. Уларнинг кўпчилиги учун ўқишни Тожикистонда давом эттиришга имконият йўқ. Масалан, расмий маълумотларга кўра, Суғд вилоятида ҳозирда биронта мадраса амал қилмайди. Илгари фаолият юргизган ўнга яқин мадрасанинг ҳаммаси ёпилган.

Тожикистонда ҳали ўн саккиз ёшга тўлмаган йигитлар, ўсмирлар ва болаларнинг намоз ўқиш учун масжидга боришлари таъқиқлаб қўйилган. Ишхоналарда ва жамоатчилик жойларида намоз ўқиш ман этилиб, бунга амал қилмайдиганлар жаримага тортилмоқда.

Жорий йилда мамлакат Президенти Имомали Раҳмоннинг миллий кийим ҳақидаги сўзлари баҳона қилинган ҳолда ҳижобда юрган ва соқол қўйганларни таъқибга олиш бошланган. Ҳатто маҳаллий ҳукумат вакиллари ҳижоб кийган аёлларни очилишга ва соқол қўйганларни соқолини олдиришга мажбур этиш ҳоллари юз берган.

Суғд вилояти ҳукумати телевидениеси миллий кийим кийиш мавзусида туркум кўрсатувлар тайёрлаган. Бу қўрсатувларда ҳижобда юриш чет мамлакатлардан кириб келганлиги қайта-қайта таъкидланмоқда. Бу кўрсатувларга Ҳаж сафарида бўлган аёллар таклиф қилиниб, улар бошида рўмол, лекин сочи кўриниб турган, бўйни очиқ ҳолда чиқиш қилишган ва ҳижобдаги бошқа аёлларни айнан ўзлари каби кийинишга чорлашган.

Маҳаллий кузатувчилар эса ҳукумат телевидениесида ҳижобли аёллар ва соқолли эркакларни (бундан масжидларнинг имом-хатиблари, диний идоралар ходимлари истисно) кўрсатилмаслигини таъкидлашади.

«Бу менинг фикрим – айниқса кейинги икки йилда ислом дини, масжидларга қатнаш, намозхонлик, исломий таълим олиш, исломий кийиниш каби масалаларда Тожикистон қўшни Ўзбекистоннинг йўлидан боришни маъқул кўргандайин туюляпти», дейди кузатувчи Ҳодибек Тўраев.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio