Қирғиз-Тожик чегарасидаги вазият ҳамон таранг

3 август куни Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида бошланган можаро боис икки мамлакат чегара хизматлари кучайтирилган хизмат тартибига ўтказилганлар.

Икки томондан камида 15 инсон жароҳатлангани хабар қилинган.

Тожикистоннинг Исфара туманига қарашли Чоркўҳ анклав қишлоғи ва Қирғизистоннинг Боткен тумани Кок-Таш қишлоғи яшовчилари ўртасидаги жанжал сув ва йўл беркитиб қўйилгани устидан келиб чиққани айтилмоқда.

3 август куни икки томондан ҳам кўплаб одамлар йиғилиб бир-бирларига тош отишгани, бир неча киши яралангани хабар қилинган.

Жанжал 4 август куни ҳам давом этган.

Ҳодисага Тожик қишлоғи яшовчиларининг ўзларига сув келтирадиган қувурни таъмирлашга ҳаракат қилганлари, бироқ Қирғиз қишлоғи яшовчилари бунга рухсат бермагани, бунга жавобан эса Тожик қишлоғи яшовчилари йўлни тўсиб қўйганлари сабаб бўлгани айтилган.

Тожикистон чегара хизмати расмий хабарида айтилишича, низо пайти Қирғизистон фуқаролари ичига ёқилғи солинган шиша идишлар ва овчилик милтиқларини ишга солганлар.

Тожик расмийларига кўра, етти Тожикистон фуқароси ўқотар қуролдан жароҳат олган.

Улар шифохонага ётқизилган, икки нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Қирғиз қишлоқларидаги хонадонларга ҳам Молотов коктейллари улоқтирилгани сабабли шикаст етган.

4 август куни Қирғиз қишлоқлари яшовчилари автомат қуроллардан ўқ отилгани овозларини эшитганларини хабар қилганлар.

Бу нарса Қирғизистоннинг Кок-Таш, Таш-Тумшуқ ва Маасейиттин қишлоқлари яшовчилари ўртасида ваҳимага сабаб бўлган.

Улар болалар, аёллар ва кексаларни кўчиришни бошлаганлари, чегарадан узоқ қишлоқлардаги қариндошлариникида жойлаштирганлари ҳақида айтганлар.

Ҳудудга Қирғизистон ва Тожикистон ички ишлар вазирликлари ва чегара хизматларининг қўшимча кучлари ташланган.

Икки мамлакат ҳукуматлари расмийлари музокаралар бошлаганлари, бундай тўқнашувлар такрорланишига йўл қўймаслик мақсадида маҳаллий аҳоли билан музокаралар ўтказишаётгани хабар қилинмоқда.

5 август куни махсус комиссиялар етказилган моддий зарарлар миқдорини аниқлашга киришганлари, уйма-уй юриб, аҳволни ўрганаётганликлари айтилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ