Зайд Саидов муддати 29 йилга етказилди

Image caption "Эҳтимол, менинг айбим, хориждаги барча маблағимни Тожикистонга сарфлашга қарор қилганим, ҳамда ўзимнинг дўстларимнинг инвестицияларини жалб қилганим, айбим тожик бўлиб туғилганим бўлса керак", деган Саидов.

Тожикистон маҳкамаси 26 йилга озодликдан маҳрум этилган собиқ вазир ва бизнесмен Зайд Саидовга нисбатан қўзғатилган янги "иқтисодий" иш бўйича қарор қабул қилган.

Иқтисодий жиноятларда айбланиб олдин 20 йил берилганига қарамасдан, маҳкама Саидовга яна уч йил муддат қўшган ва барча мол-мулкини мусодара этишга ҳукм чиқарган.

Тожик қонунларига кўра, энг узоқ муддат 30 йилдан ошмаслиги керак. Янги ҳукмга биноан, Зайд Саидовнинг жами жазо муддати 29 йилга тенглашган.

Давлат қораловчиси Саидовга 25 йил қамоқ жазоси, 34 млн сомони жарима ва бор мол-мулкини давлат ҳисобига ўтказишни сўраган эди.

Саидовга "Душанбе Плаза" комплексини қурилишида ҳужжатларни сохталаштириш ва у саноат вазири бўлган даврда "Тожикатлас" ҳиссадорлик бирлашмасини ноқонуний ўзлаштириш айбловлари илгари сурилган.

Маҳкама жараёни ёпиқ тарзда ўтказилганини айтган Саидовнинг яқинлари.

Жаноб Саидов ўзининг 100 саҳифадан иборат чиқиш матнини уч кун давомида ўқиб берган.

Зайд Саидов маҳкамада ҳозирги жараён олдинги айбловнинг мантиқий давоми эканини айтган. "Эҳтимол, менинг айбим, хориждаги барча маблағимни Тожикистонга сарфлашга қарор қилганим, ҳамда ўзимнинг дўстларимнинг инвестицияларини жалб қилганим бўлса керак", деган ва машҳур тожик шоири Лойиқ Шералининг "Менинг айбим тожик бўлиб туғилганим бўлса керак", деган сатрларини келтирган.

Зайд Саидов бу сафар ҳам ўзига қўйилган барча айбловларни рад қилган ва ўзининг барча маблағини Саноат вазири вазифасига келмасидан олдин, ҳали тадбиркор бўлганида ҳалол ишлаб топганини айтган. Жаноб Саидов ҳакамдан бу жиҳатларни эътиборга олишни сўраган.

Жорий йилнинг апрелида Душанбе иқтисодий маҳкамаси Давлат молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш агентлигининг асосий ҳиссалари (95 фоиз) украиналик олигарх Дмитрий Фирташга тегишли "Гулистон" ҳиссадорлик жамияти ноқонуний хусусийлаштирилгани ҳақидаги аризасини қониқтирган. Ташкилотнинг 5 фоиз акцияси Зайд Саидовнинг ўғли Хайрулла Саидовники бўлган.

Шунингдек, июн ойида Хатлон вилоят иқтисодий маҳкамаси 75 фоиз акцияси украиналик бизнесмен Фирташга тегишли "Тожик Азот" нинг ҳиссалари ноқонуний эгаллаб олингани ҳақида Тожикистон аксилкоррупция агентлигининг аризасига ҳам ижобий жавоб қайтарган.

Зайд Саидов 2013 йил декабрда жинсий зўрлаш, кўп хотинлик, порахўрлик ва товламачилик моддалари бўйича айбдор топилиб, 26 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Инсон ҳақлари фаоллари Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмонни мухолифларига нисбатан тоқатсизликда айблашган ҳамда Зайд Саидовга нисбатан маҳкама сиёсий мазмунда эканини айтиб, Тожикистон ҳукуматидан уни озод қилинишини талаб қилиб чиқишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio