Матбаа уйидан кейин навбат партиянинг ўзигами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи internet
Image caption Муҳиддин Кабирий Тожикистонда исломий партияни ёпмасликларига умид қилишини айтган.

Тожикистон расмийлари мухолифатдаги “Ислом Уйғониш партияси”нинг “Муаттар” матбаа уйини ёпишга қарор қилганлар.

Бунга матбаа уйида санитария-эпидемиология меъёрларига риоя этилмагани сабаб қилиб кўрсатилган.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси бундай қарор Маданият вазирлиги, Солқи қўмитаси, Тожикстандарт ва Санитария-эпидемиология станцияси йўллаган расмий хатда қабул қилингани айтилган.

Мактубда ёзилишича, нашриёт ходимлари “тиббий кўрикдан ўтмаганлар, талаб қилинган махсус кийимга эга эмаслар”.

Шунингдек, “нашриёт ходимлари тиббий-даво озиқ-овқати билан таъминланмаганлар”.

“Муаттар” матбаа уйида “Тожикистон Ислом Уйғониш партияси” нашри бўлган “Нажот” рўзномаси ва “Сафинаи Умед” журнали чоп этиб келинган.

Мухолифат партияси эса ушбу амалларни Ислом Уйғониш партиясига қарши Тожикистонда амалга ошириб келинаётган дастурнинг давоми деб ҳисоблайди.

Марказий Осиё республикаларида рўйхатдан ўтган ягона исломий фирқа Тожикистон Ислом Уйғониш партияси шу йил бошигача мамлакат парламентида ўринларга эга эди.

1 март куни бўлиб ўтган парламент сайловлари арафасида Тожикистон Ислом Уйғониш партияси ўз аъзолари ва дастакловчиларига нисбатан расмийлар томонидан босимлар кучайтирилгани ҳақида хабар қилди.

Ушбу сайловнинг “натижаси олдиндан маълум” сайлов экани башорат қилинди.

Сайловлар жараёнида сохта овоз бериш ҳоллари қайд қилинган ва бу ҳолларнинг баъзилари ижтимоий тармоқларда тарқатилган.

Тожик расмийлари мухолифатдаги исломий партия парламентда бирорта ҳам ўринни қўлга киритолмаганини эълон этдилар.

Сайлов ортидан фирқа ўз аъзоларига Тожикистон Ислом Уйғониш партиясидан “ўз ихтиёри билан” чиқиш талаби билан босимлар ортганидан шикоят қилди.

Партия раҳбари Муҳиддин Кабирий шу йил март ойида Тожикистонни тарк этган.

У ватанига қайтса ҳибсга олишлари эҳтимоли мавжудлигини айтган.

Жаноб Кабирий фикрича, Тожикистон ҳукуматининг мўътадил мусулмонларга нисбатан юритаётган сиёсати мўътадилларни бурчакка тақаб бормоқда ва радикал қарашдагиларнинг сони кўпайишига ёрдам бераяпти.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раиси минтақада ушбу партия тарафдорлари радикаллашишидан ҳам манфаатдор кучлар мавжудлигини соқит қилмаслигини айтади.

Жаноб Кабирий Тожикистонда исломий партияни ёпмасликларига умид қилишини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ