Назарбоев: нефтнинг 30-40 долларлик баҳосига мослашиш керак

Фото муаллифлик ҳуқуқи European Photopress agency

Президент Нурсултон Назарбоев айтишича, Қозоғистон нефтнинг ҳар баррелига 30-40 долларлик баҳосига мослашиши лозим.

Жаноб Назарбоевнинг ушбу баёноти Қозоғистон миллий валютаси тенге АҚШ долларига нисбатан бирданига қадрсизланиши ва тенге девалвация қилиниши мумкинлиги ҳақидаги овозалар манзарасида янграган.

19 август куни Президент Назарбоев махсус мажлис ўтказган.

Бу мажлиснинг дунё бозорида вазият ёмонлашиши муносабати билан Қозоғистон иқтисодиёти кўраётган зарарларни камайтириш чораларига бағишлангани хабар қилинмоқда.

Қозоғистон раҳбари сўзларига кўра, "Қозоғистон шу пайтгача бундай инқирозга дуч келмаган".

Жаноб Назарбоев дунё ва Қозоғистон иқтисоди яқин йилларда дуч келиши мумкин бўлган салбий омилларни санаб ўтган.

Президент Назарбоев айтишича, яқин беш йил мобайнида нефт ва металлар нархининг пасайиши давом этади.

Ривожланаётган мамлакатларнинг сармоя ва капиталларга қўли етмай қолади.

Ва Қозоғистоннинг асосий иқтисодий шериклари Россия ва Хитойнинг Қозоғистон маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи камаяди, деб айтган Президент Назарбоев.

Қозоғистон президенти бундан олдин давлат бюджети ҳисоб-китоблари нефтнинг жаҳон бозоридаги юқори баҳосига мослаб қурилганини, бундан кейин 30-40 долларга асосланиш оқил қадам бўлишини айтган.

Президент Назарбоев давлат бюджети дефицитини 2018 йилгача 1 фоизга пасайтиришга буйруқ берган.

19 август куни Brent хом нефтининг баҳоси 48,85 доллар нархида қайд этилган.

Бу нефт нархи йил бошига нисбатан 50 фоиз арзонлаганини англатади.

Бугун Қозоғистон тижорат банкларида АҚШ долларининг нархи Қозоқ валютаси тенгега нисбатан кечаги кунга нисбатан 9-10 тенге қимматлаган.

Кеча банкларда 1 доллар 187-189 тенгега сотилган бўлса, бугун 197-198 тенгени ташкил этган.

Қозоғистон Миллий банки долларнинг алмашув йўлагини 170 тенге билан 188 ўртаси деб белгилаган, бироқ бугун доллар бирданига кўтарилиб кетган.

Қозоғистон тенгеси қадрсиланишига қўшни Россияда рубл қадрсизланаётгани ҳамда мамлакат иқтисодининг асосий таянчларидан бўлган нефт нархининг дунё бозорида арзонлашиб бораётгани сабаб бўлмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ