Россия ва муҳожирлар: йиғими ё кулги?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Оврўпо остонасида...

Яқинда ўз блогимда мен бу дунёда 100 фоиз яхши ва ёки ёмон бўлган ҳеч нарса йўқ, деб ёзгандим.

Бугун ана шу анчайин сийқаси чиқиб кетган ҳақиқат бутун бошқа бир масалада «керак» бўлиб қолди.

Оммавий ахборот воситалари шу кунлар Оврўпо Иттифоқига мисли кўрилмаган муҳожирлар оқими ҳақидаги хабарлар билан тўлган.

Иттифоқ чегараларидаги давлатларда қарийб 110 минг муҳожир йиғилгани ҳақида айтилади.

Белградда Сурия, Афғонистон, Сомалия ва бошқа давлатлардан келган қочқинлар шаҳар майдонлари ва таътил пайти бўшаб қолган университетнинг бир биносини эгаллаб олишган.

Сентябр ойи ўқиш бошланганида талабалар нима қилишади деган савол очиқ қолмоқда.

Можаристон ҳукумати эса Сербия билан чегарасига тўрт метр баландликда симтиконлар ўрнатмоқда.

Бу чегаралардан ўтаман деганларнинг сони 2010 йилга нисбатан 25 баробар кўпайган, ҳар куни бир ярим минг муҳожир деганидир.

Олмонияда 2015 йилда қочқинлик мақомини олиш учун 750 минг киши мурожаат қилиши тахмин қилинмоқда.

Айни сон ўзига хос рекорд бўлиб, бундан аввал 1992 йилда Югославиядаги инқироз авжига чиққанида 480 000 киши қочқинлик мақомини олиш учун ариза берганди.

Шу йил бошидан бери турфа кемаларда Италия ва Юнонистонга 240 минг қочқин келган.

Оврўпо давлатларидаги сиёсатчилар ва мулозимлар қочқинларни қабул қилишга доир квота жорий этиш юзасидан айтишишни давом қилишмоқда.

Фуқаролар эса муҳожирларни ўз туманларида жойлаштирилишига қарши чиқишмоқда.

Айрим минтақаларда айни мана шу намойишлар чоғи тўқнашувлар ҳам рўй бермоқда.

Буларни ўқиб, эҳтимол, қандай яхши, Россияга буларнинг алоқаси йўқ деб ўйлаш мумкин.

Россияга ўзи шу етмай турибди…

Аммо…

Инсон яхши жойга интилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Марказий осиёликларнинг аксарияти эса Россияга чорасизликдан келади

Мутахассислар эса турфа рейтинглар тузиб чиқишдан чарчашмайди.

Ҳатто «бахтлилик кўрсаткичини» ҳам ясаб қўйишади.

Танқидчилар эса бу каби рейтинглар бир томонлама эканини айтишади.

Аслида эса Ялпи Ички Маҳсулотни ҳаққонийроқ рақамларда кўрса бўлар, аммо ҳаётнинг яхши ва ё ёмонлиги, демократия даражаси, хавфсизлик, сармоя муҳити, коррупция каби масалаларга баҳо бериш мубоҳасалидир.

Москва кўчаларини хавфсизроқ кезиш мумкинми ва ёки Ню-Йорк деган савол атрофида тугамас баҳсга ҳам киришиш мумкин.

Бахтни эса, Аркадий Гайдар айтмиш, ҳар ким ўзича тушунади.

Аммо давлатнинг қанчалар ривожлангани ва фаровон эканини билиш масаласида бир омилга ҳеч нарса тенг келолмайди…

Омилки, айни мамлакат ўзига муҳожирлар оқимини қанчалар жалб қилиши билан боғлиқ.

Одамлар аҳмоқ эмас. Иқтисоди ва вазияти абгор мамлакатга ҳеч ким қочиб бормайди.

Айни масалада бир киши хато қилиши мумкин, аммо омма адашиши қийин.

Одамлар Оврўпо ва Америкага ошиқишади.

Улар мисли кўрилмаган тўсиқларни енгиб ўтишга тайёр.

Етиб олишса бўлди…Бунинг учун ноқонуний одам ташувчиларга бор йиққанларини беришади, етиб олгач йиллаб ҳуқуқлари чекланган ҳолда, гоҳида ноқонуний яшашади, баъзида бу мушкул йўлда ўз жонларини хавф остига қўйишади.

Россияга эса одамлар бу қадар интилишмайди.

Айни ҳақиқат борасида баҳслашиш ҳам ортиқча…

Зотан, Марказий Осиёдан келадиган муҳожирлар истиснодир.

Чунки аксарият марказий осиёлик муҳожирлар Рус тилини билишади.

Тенг имкониятлар бўлган тақдирда улар ҳам Россияни танлашмас эди.

Бу ижтимоий пирамида тепасида ҳам шу аҳвол.

Ҳамма нарса учун пул тўланиши керак.

Россия федерациясидан Шимолий Америка, Оврўпо ва Австралияга кетган ҳар бешинчи россиялик йирик ширкатларда , каттагина маош олиб ишлар экан.

Россияликлар бу обод ўлкаларда илм-фан, илғор технологиялар соҳасида меҳнат қилишади.

Хорижлик мутахассислар эса, айрим истиснолар назарга олинмаса, Россияга фақат узоқроқ меҳнат таътилига келишлари мумкин, холос.

Ғарбда яшайдиган машҳур россияликларни санайдиган бўлсангиз, бармоқларингиз етмайди, бизда ким бор…Сноуден ва Депардье!

Шунга…Оврўпонинг муҳожирлар муаммосига бир россиялик ўлароқ, на йиғлашни, на кулишни билади киши…

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio