"Қозоқ тангаси қадрини ҳукумат эмас, бозор тайинлайди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қозоғистон ҳукумати 20 августдан бошлаб янги пул-кредит тизимига ўтди. Унга биноан, қозоқ тангаси курсини ҳукумат эмас, энди бозор белгилайди.

Бу ҳақида Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов ҳукумат йиғилишида эълон қилди.

"Танганинг алмашув курси бозордаги талаб ва таклиф асосида, ҳамда ички ва ташқи макроиқтисодий омилларни ҳисобга олган ҳолда шаклланиб боради", - деб айтди жаноб Масимов.

Мазкур янгилик Қозоғистон банклари ва аҳолиси орасида саросимага сабаб бўлди. Олмотидаги мухбиримизга кўра, ҳеч ким тангани қанчага сотиб олиш ё сотишни билмай қолди.

Россия ва Беларусда миллий валюта қадрсизланиши давом этаётган бир вақтда, Қозоғистон танга қадрини сақлаб келаётганди, бироқ унинг кескин тушиб кетиши аҳолини қийин аҳволга солиб қўйди.

Мухбиримизга гапирган олмотиликлар маошни тангага олишган бўлса, турар жойлари ё офислари ижараси учун тўловни долларда амалга ошириб келганларини билдиришди. Долларда кескин қимматлаши уларга қаттиқ зарба берган.

Олмотида пул алмашиш шохобчалари бош вазирнинг эълони ортидан қайта очилишни бошлаган. Аҳолининг ёппасига долларни сотишни бошлагани туфайли шохобчаларда танга тугаб бораётганди.

Бошқа шохобчаларда эса доллар ҳам, евро ҳам қолмаганини айтишди. Олмотиликлар рубль сотиб олишни бошлаган.

Тижорий банклар ва валюта шохобчаларида 1 доллар 258 тангага сотилган, бу эса сешанбага солиштирганда 60 тангага кўпроқдир.

Баъзи банклар ва валюта шохобчалари умуман савдони тўхтатишган. шунингдек, баъзи савдо марказлари ва онлайн уй-рўзғор техникаси дўконлари ёпилган.

Танга курсининг келгуси кунларда қандай бўлиши ноаниқ бўлиб қолар экан, кўп бизнеслар ҳафта давомида ёпиқ қолиши башорат қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio