Қозоқ тангаси эркинликка дош беролмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Танганинг қадрсизланиши мамлакатдаги барча табақа ва касб эгаларига таъсир этмоқда.

"Бир кечада 250 минг танга йўқотдик" - деб ёзади Улан исмли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси - "Ҳозирги ҳолат борасида илиқ гап айтишга тилим айланмайди".

Яхши маошли иши, ўз квартирасига эга бу қозоғистонлик ўз ёшлиги ўтган 1990- ва 2000-йиллар яна қайтиб келиб, одамларни қийин аҳволга солиб қўйганини урғулайди.

"Кескин ўзгаришлар даврида ўсганман ва ҳар сафар тўсатдан шундай ҳолатлар рўй берса, одамларнинг жиққа ёшга тўлган кўзларини унутолмайман" - давом этади Улан.

"Чунки шундоқ ҳам ҳаминқадар маошлар, сариқ чақага арзимай қолади".

Қозоғистонда кўпчилик ижтимоий тармоқларда ўз норозилигини изҳор эта бошлаган. Жанна исмли қиз эса "чет элга кўчиб кетишни ўйлаш керак", деб ҳам ёзади.

Йирик иқтисод, йирик йўқотиш

Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисоди бўлган Қозоғистон четга нефть сотади ва минтақанинг жаҳон иқтисодига энг кўп интеграциялашган иқтисоди саналади.

Ҳозирга ҳолат эса бевосита дунёда нефть нархининг тушиб кетиши ҳамда мамлакатнинг энг йирик савдо ҳамкори бўлган Россия рубли қадрсизланиши билан боғлиқ.

Айни икки сабаб туфайли Қозоғистон ҳукумати ўз тангаси қийматини эркин бозор ихтиёрига ташлашга мажбур бўлди.

"Биз шундай қилишга мажбур бўлдик, бошқа иложимиз қолмади" - деб тан олди шахсан Президент Назарбоев.

Ҳукумат сўнгги икки йил давомида ўз миллий валютаси бўлмиш танга қадрини ушлаб туриш учун қарийб 30 миллиард АҚШ доллари сарфлаган.

Лекин эркин бозор шароитлари танга қадрини бир кундаёқ қарийб 35% тушиб кетишига олиб келди.

Image caption Қозоқ тангаси қадрсизланиши, у ерда ишлайдиган ўзбекларга ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Танга қадрсизланиши барчага - бозордаги тужжорлару ипотекага уй олган фуқароларга ҳам, мамлакатда ишлаётган катта-кичик ширкатлару давлатдан маош оладиган оддий муаллим ҳамда шифокорларга ҳам салбий таъсир этмоқда.

Бу ҳолат, табиийки, кўпчиликни ғазаблантирмоқда, аммо Президент Назарбоев ҳар қандай норозилик амалиётини полиция кучлари бостиради, деб огоҳлантирган.

Тангадан сўмгача

Жаҳонда бир неча йил илгари юзага келган молиявий инқироз ҳам Марказий Осиёда айнан Қозоғистонга энг кўп салбий таъсир кўрсатган эди.

Иқтисоди асосан нефт экспортига боғлиқ Қозоғистон ўз тангаси барқарорлиги ва қиммати жаҳон энергия бозоридаги нарх-наво билан белгиланишини ҳам яхши билади.

Бунинг устига, Россияга қарши Ғарб киритган жазо чоралари ва рублнинг қадрсизланиши ҳам катта ўрин тутмоқда.

Айни сабаблар боис ҳатто жаҳон иқтисодига у қадар интеграциялашмаган ва анчайин иҳоталанган қўшни Ўзбекистон миллий сўми ҳам ўз қадрини йўқотмоқда.

Сўнгги йиллар давомида қора бозорда ўртача 2500 ўзбек сўми бир АҚШ долларига тенг эди. Аммо охирги ойлар ичида ўзбек сўми кескин қадрсизланиб, бир АҚШ доллари сотиб олиш учун қора бозорда 3500 сўмдан ҳам кўп тўлаш керак бўлмоқда.

Россияда муҳожирлар оладиган маошлар камайган ва Ўзбекистон расмийлари четга кетганлар муҳожирларни қайтариш йўлида уларнинг оилаларига босим ўтказишмоқда. Шу боис юз минглаб ўзбеклар ватанга қайтишаётир.

Бироқ бу ерда улар ишсизлик, иш бўлганда ҳам оила боқишга етмайдиган маошлар ва ҳукумат органлари сўроқ-терговларига дуч келишаяпти.

Ўзбекистонга муҳожирлар қанча кўп қайтиб келишса, улар жўнатадиган хорижий валюта шунча камаймоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ