Тожикистонда Facebook ва YouTube тўсиб қўйилган

Тожик қўмондони ИД сафига қўшилгач сайтлар блокланган эди Фото муаллифлик ҳуқуқи YOU TUBE
Image caption Тожик қўмондони ИД сафига қўшилгач сайтлар блокланган эди

Тожикистонда мухолифат ва исломий кийимларга босим кучайиши манзарасида Facebook ва YouTube порталларига тўсиқ қўйилган.

Марказий Осиё янгиликлари сайтининг маълум қилишича, ушбу сайтлар Тожикистоннинг барча провайдарлари томонидан 24 август куни блоклаб қўйилган. Сайтнинг ёзишича, Тожикистон Алоқа хизмати "ушбу масала бўйича провайдерларга топшириқ берган", бироқ бундай кўрсатманинг сабабларини очиқламаган.

Вебсайтларнинг тўсиб қўйилиши Тожикистонда биринчи марта учраётгани йўқ. Асосан ижтимоий тармоқлар бўлмиш Vkontakte, Facebook, Odnoklassniki ва YouTube сайтлари Тожикистон ички ишлар зобити Гулмурод Ҳалимовнинг Исломий давлат сафларига қўшилганидан сўнг ёпиб қўйилган эди.

Тожикистонда YouTube ва бошқа сайтлар 28 май куни, Ички ишлар вазирлигининг собиқ қўмондони Гулмурод Ҳалимов Исломий давлат гуруҳига қўшилганини эълон қилган видео тарқалганидан бир кун ўтиб, ёпиб қўйилган.

12 дақиқалик видеомурожаатда Гулмурод Ҳалимов "Исломий Давлат" сафларига қўшилишини тожик ҳукуматининг диний эркинликларни чеклаётганидан норозилиги билан изоҳлаган.

Тожикистон собиқ қўмондонни ватанга хиёнатда айблаган ва халқаро қидирувга берган.

Шу йилнинг феврал ойида бўлиб ўтган парламент сайловлари арафасида эса Тожикистондаги мухолифат сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига тўсиқ қўйилган эди.

Мухолифатга босим

Сал олдинроқ Тожикистон Ислом Уйғониш партиясининг Душанбедаги асосий идораси муҳрлаб кетилган.

ТИУПнинг Душанбедаги идораси 24 август куни шаҳар Иқтисодий суди қарори асосида вақтинча ёпилган.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раиси ўринбосари Маҳмадали Ҳайит маҳкама қарорини "ноқонуний" деб атаган. Унга кўра, бу амалдан мақсад партияси фаолиятига тўсиқ қўйиш ва 15 сентябрга мўлжалланган қурултойининг бўлиб ўтишига йўл қўймасликдир. Олдинроқ, ТИУП қурултой жараёнида партиянинг янги раҳбарияти сайланиши ҳақида маълум қилганди.

Кузатувчилар мазкур амални ҳам ҳукумат томонидан партияга қарши кўрилаётган чоралар навбатдагиси сифатида кўрадилар.

"Ёт" кийимларга қарши кураш давом этмоқда

Душанбе шаҳридаги Марказий масжид атрофида 17 дўкон сўнгги уч кунинг ичида ҳокимият қарори билан ёаиб қўйилган.

Ушбу дўконларнинг диний китоблар, ҳижоб, тасбеҳ каби диний зотлар билан савдо қилгани айтилади.

Расмийлар ушбу дўконларни тожик маданиятига ёт кийимлар сотишда айблаган.

Авеста хабар агентлигининг ёзишича, ҳокимият миллий қадриятларни қандай ҳимоя қилиш ва одамларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда жамиятда экстремизм ва терроризмни олдини олиш мақсадида 45 та ташвиқот гуруҳини тузган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ