Тожикистондаги Исломий фирқанинг куни битдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Тожикистон Адлия вазирлиги Ислом Уйғониш партияси буткул ёпилишини талаб қилган.

Адлия вазирлиги бу ишни амалга ошириш учун партияга 10 кун муҳлат берган.

Вазирликнинг баёноти икки кун олдин "Ховар" расмий агентлиги орқали тарқатилган.

"Вазирлик Ислом Уйғониш партияси 10 кун ичида барча вилоятлари ва туманларидаги бўлимларини бекитиш борасида протокол олиши, муҳокама қилиши ҳамда бу борада расмий баёнот бериши лозимлигини айтди. Баёнотга кўра, партиянинг вилоят ва туманлардаги 70дан ортиқ бўлимлари фаолиятини расман тўхтатган. Бу борада протоколлар мавжуд. Шундай экан, Адлия вазирлиги Тожикистон қонунларига биноан мамлакат бўйлаб етарли идоралар ва бўлимларга эга бўлмаган партия мавжуд бўла олмаслигини айтади", дейди Душанбедан журналист Мардон Муҳаммад.

Ҳозиргача Тожикистон Ислом Уйғониш партияси баёнотга муносабат билдирмаган.

Айни пайтда Норак шаҳарчаси ( Душанбе жануби-шарқидан 70 чақирим узоқда жойлашган) ва Шаҳртуз туманларида (Душанбе жанубидан 200 чақирим узоқда) ўзини "Исломий Давлат" деб атаётган террорчи ташкилотнинг байроғини осиб кетганлик гумони билан 20га яқин одам қўлга олингани хабар қилинади.

"Охирги икки ҳафта давомида жанубий Тожикистондаги Фархор, Кўлоб, Қумсангир туманларида номаълум шахслар марказий шаҳарлардаги энг баланд нуқталарда "Исломий Давлат" деб аталётган гуруҳ байроғини тикиб кетишган. Баъзи маълумотларга кўра, жума куни Душанбе шаҳри туманларидан бирида айни шундай ҳодиса юз берган. Аммо, бу хабарларни Душанбе шаҳар ҳокимияти тасдиқламаган", дейди журналист Мардон Муҳаммад.

"Аммо, мазкур хабар ортидан Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органларининг Исломий гуруҳларга нисбатан босимлари кучайган", дея қўшимча қилади у.

Босимлар устига босимлар

Ислом Уйғониш Партияси Тожикистондаги энг йирик мухолиф партия ҳисобланади. Шунингдек, у Марказий Осиёда расман рўйхатдан ўтган ягона Исломий фирқа ҳамдир.

Мухолифат аъзолари, жумладан, Ислом Уйғониш Партияси 1997 йил 5 йиллик ички урушларга барҳам берган тинчлик битимига биноан ҳукумат таркибида фаолият қилиш ҳуқуқига эга бўлган.

Бироқ, ўшандан бери Президент Имомали Раҳмон қудратни ўз қўлида мустаҳкамлаган ва мухолифат аъзоларини ҳукумат лавозимларидан қарийб олиб ташланган.

Март ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида Исломий Уйғониш партияси талаб қилинган 5 фоизлик натижага эриша олмагани туфайли 2010 йилдан бери ўз тасарруфида бўлган парламентдаги икки ўринни йўқотган. Ғарб ва мухолифат сайловлар демократия андозаларига мос ўтмаганини айтишган.

Сайловдан сўнг партия раҳбари Муҳиддин Кабирий мамлакатни тарк этган. Сўнгги маълумотларга кўра, у ҳозир Туркияда қолмоқда.

Айрим кузатувчилар Тожикистон ҳукуматининг босимлари Ислом Уйғониш Партияси фаолиятига буткул барҳам беришга қаратилганини айтадилар. Босимлар ортидан партия сиёсий саҳнадан бутунлай кетиши эҳтимоли юзасидан ҳам гап-сўзлар урчиётганди.

24 август куни Тожикистон Ислом Уйғониш партиясининг Душанбедаги асосий идораси шаҳар Иқтисодий суди қарори асосида муҳрлаб кетилганди.

Мазкур ҳолат 15 сентябрда партиянинг қурултойи ўтиши режаланган бир пайтда кузатилди.

Қурултойда партияга янги раҳбар тайинланиши кутилаётганди. "Аммо, ҳозирча, бу қурултойнинг қаерда бўлиб ўтиши маълум эмас. Душанбе шаҳар ҳокимияти фирқа йиғини учун бино ажратиш сўровларини беэътибор қолдирган", дейди Мардон Муҳаммад.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio