Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тожикистонда Исломий вебсаҳифа тўсиб қўйилди

Тожикистонда энг таниқли диний ва сиёсий арбоблардан бўлган Ҳожи Акбар Тўражонзода (Эшон Нуриддин, Маҳмуд ва Ҳожи Акбар Тўражонзода) оиласига тегишли вебсаҳифага тўсиқ қўйилди.

Ҳозирда унга прокси сайтлари орқали кириш мумкинлиги, аммо бунга барча интернет фойдаланувчилари ҳам муваффақ бўла олмасликлари айтилади.

Turajon.org сайти асосан Ислом ҳақидаги маърифий мақолалар ҳамда омма вакилларининг Шариат масалаларидаги саволларига жавоб бериб келган.

Ҳожи Акбар Тўражонзода оиласи ҳозиргача вебсаҳифасининг тўсилиши борасида бирон бир расмий муносабат билан чиқмаган.

Аммо, вебсаҳифада: "Биродарлар ва опа-сингиллар! Афсуски, Тожикистонда саҳифамизга кириш Интернет ширкатлари томонидан тўсиб қўйилди. Шу сабабдан, сизга хизмат кўрсатишимиз мушкул ва саволларингизни қабул қила олмаяпмиз", деган маънода баёнот берилган.

Айни пайтда савол-жавоб хизмати вебсаҳифа қайта тикланиши ва ё бошқа йўллар топилиши билан қайта жонланиши мумкинлиги айтилган.

Тожикистонда Facebook ва YouTube каби ижтимоий тармоқлар ҳам 25 августдан бери ёпиқ қолмоқда.

Навбат кимга?

Мустақил кузатувчилар ва таҳлилчилар вебсаҳифанинг тўсиб қўйилиши мухолифатдаги Ислом Уйғониш партиясига қарши чекловлар, ниҳоят Адлия вазирлигининг фирқани ёпиш тўғрисидаги талаби ҳамда Исломий кийимларга тақиқлар манзарасида кузатилаётганига эътибор қаратишади.

"Тожикистондаги кузатувчилар ва Россиядаги таҳлилчилар Тожикистон ҳукумати Ислом Уйғониш партияси фаолиятига тўсиқлар қўйиш билан қаноатланмай, мамлакатдаги мустақил ва давлатга бўйсунмайдиган руҳонийларга ҳам босимлар ўтказиши мумкинлиги борасида огоҳлантиргандилар", дейди Душанбедан журналист Мардон Муҳаммад.

"Бу амал, албатта, Тожикистондаги таниқли Исломий уламоларнинг обрў-эътиборларига путур етказиш ва уларнинг фаолиятларига тўсиқ қўйишни англатади", дея қўшимча қилади журналист.

Танқид минбари

Turajon.org сайти асосан Ислом масалаларига эътибор қаратган, аммо Тожикистон ҳукуматининг айрим сиёсий амалларига норозилик билдириш учун минбар ҳам бўлгани айтилади.

"Масалан, Тожикистонда ҳижобга ва ёшлари 18га кирмаган йигитларнинг масжидга боришларига тўсиқлар қўйилиши, соқол қўйишга ижозат йўқлиги... бозорларда зўравонлик билан соқолларни қирдириб ташлаш, аёлларнинг бошларидаги рўмолларини олиб ташлаш ҳодисалари бир неча бор Ҳожи Акбар Тўражонзоданинг укаси Эшон Маҳмуджон ва уларнинг акалари Эшон Нуриддин томонидан қаттиқ қораланган. Яъни, бу сайтда Ислом аҳкомларига шарҳлар, балки баъзи сиёсий ҳодисаларга тегишли чиқишлар ҳам пайдо бўлар эди. Тўражонзодалар оиласи Тожикистондаги муҳим ҳодисалар, албатта, Исломга боғлиқ бўлган ҳодисалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришган ва бу амаллар Исломга, мамлакат қонунлари, конституциясига мувофиқ бўлмаганини айтиб келишган", дейди Душанбедан журналист Мардон Муҳаммад.

Мардон Муҳаммадга кўра, айни мана шу чиқишлар вебсаҳифага тўсиқ қўйилишига асосий сабаб бўлиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio