Қирғизистонда Усубалиев вафот этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қирғизистонни Советлар даврида чорак аср бошқариб келган инсон, Қирғизистон Коммунистик партиясининг ўша даврдаги биринчи котиби Турдақун Усубалиев Бишкекда 97 ёшида вафот этган.

Кузатувчиларнинг айтишича, Ўзбекистон учун Шароф Рашидов қандай рол ўйнаган бўлса, Усубалиевнинг Қирғизистон тарихида тутган ўрни шунга қиёсдир.

Унинг раҳбарлиги остида Қирғизистонда саноат корхоналари барпо этилган, сув омборлари қурилган, қишлоқ хўжалиги ва чорвадорлик ривожланган.

Жумладан, Қирғизистон собиқ Совет Иттифоқида қўй гўшти етказиш борасида илғор ўринларни эгаллаган, қўй юнгини тайёрлаш бўйича эса иттифоқда етакчи бўлган.

Турдақун Усубалиев аввалига ўқитувчи, сўнг партия ходими, Сталин даврида Москвада партия Марказқўмининг инструктори бўлиб, сўнг Қирғизистонда газета муҳаррири, Фрунзе шаҳри раҳбари ва ахир Қирғизистон Компартияси раҳбари лавозимига кўтарилган.

Бу лавозимда у 1961 йилдан то 1985 йилга қадар ишлаган.

Мустақил Қирғизистонда Усубалиев икки карра Жогорку Кенеш аъзоси бўлиб сайланган.

Уни билган одамларнинг айтишича, у умрининг охиригича камсуқумликда, квартирада яшаб келган.