Ғарб юлдузлари Путинни севишадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Памела Андерсон Путиннинг мухлисларидан экан

Модел ва актриса Памела Андерсон Владивостокда кечган...иқтисодий форумда қатнашиб, Владимир Путин билан суҳбатлашиш ниятида бўлган экан...Би-би-си Ғарб юлдузларидан кимлар ва нима учун Россия президентига муҳаббат қўйганига доир айрим тафсилотларни ўрганган.

Шундай қилиб, Памела Андерсон...У июл ойи Владимир Путинга очиқ хат йўллаб, Россия президентидан Шимолий денгиздаги сув йўлларида Исландиядан ноёб саналган китнинг гўшти ортилган кеманинг кечиб ўтишига тақиқ жорий этишни сўраган. Ана шу мактубида Андерсон хоним Путинни кечки зиёфатга таклиф қилган эди. Кейинроқ уни Владивостокдаги форумга таклиф қилишди.

Ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя этувчи 48 яшар фото модел ва актриса Путин билан учрашдими, йўқми , ҳамда бу суҳбатнинг тафсилотлари ҳақида ҳеч қандай хабар беришгани йўқ.

Аммо Памела Андерсон журналистлар билан суҳбатда россияликлар “ атроф-муҳитга масъулият билан ёндашадиган” бўлишгани ҳақида гапириб берди.

Албатта, моделнинг бу чиқишига қарши фикр билдирадиганлар атрофда йўқ эди, аммо борлар орасида…Россия табиий заҳиралар ва экология вазири бор эди.

Айнан вазирнинг ўзи Уссурийскдаги ҳайвонот боғи сув тошқини остидан қандай қилиб қутқарилгани ва бошқа жойга кўчирилгани ҳақида Памела Андерсонга ҳикоя қилиб берди.

"Мени бу ерга таклиф қилишади деб ўйламагандим, мен сизнинг ноёб ҳайвонларни асраш учун қанчалар жон куйдираётганингизни кўрдим», деб айтганларини РИА Новости хабарлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption "Путин - яхши одам..."

80 ёшли Брижит Бардони Памела Андерсон билан нафақат сочларининг ранги ва актёрлик ўтмиши боғлаб туради, балки у ҳам ҳайвон ҳуқуқларининг ашаддий ҳимоячиси саналади.

Франса киносининг юлдузи Жерар Депардьенинг ортидан Россия фуқаролигини олиш учун ариза топширишига бир баҳя қолди.

Бундан икки йилча аввал актриса агар Париж циркдаги икки фил – Бэби ва Непални сақлаб қолмаса, унда Россияга кетвораман деб пўписа қилди.

Ишқилиб, бу филларга Монако маликаси Стефани бошпана бериб, Бардо хонимлари Франсада қоладиган бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи d
Image caption Дўстлар

2012 йилдан бери Бардо хоним ўз суҳбатларида Владимир Путинни «идеал президент» деб таърифлаб келади.

"Мен уни яхши одам деб биламан, ҳар гал нимадир сўрасам, албатта бажаради. У ҳайвонлар ҳуқуқлари учун бизнинг президентлардан ҳам ўтказиб, жуда кўп иш қилди», дейди Брижит Бардо.

Бунгача актриса Путин жанобларига Гренландия денгиз мушукларининг териларини экспорт ва импортини тақиқлагани ва денгиз мушукларининг болаларини ов қилмаслик қарорини бергани учун миннатдорлик изҳор этганди.

Брижит Бардо 2011 йилда Путинга мурожаат қилар экан, «менинг суюкли Бош вазирим», деб айтганди.

Икки йилдан бери Россия фуқароси бўлган Жерар Депардьени ҳисобга олмасак ҳам, Путин сиёсатини очиқчасига ёқлайдиган юлдузлар оз эмас.

Урсур филмларда ҳаммадан, ҳар қачон ғолиб чиқадиган Стивен Сигал ёдингиздами?

Бир пайтлар у Бош вазир ўринбосари Дмитрий Рогозинга Россия армиясини “оммабоп” қилиб бераман деб ваъда берганди, хуллас, бу ўтда ёнмас, сувда чўкмас актёр ҳам Владивостокдаги форумга келди.

Сигал билан Путин ўзаро суҳбатлашиб туришлари маълум бўлди.

Сигалнинг айтишича, унинг аксарият ҳамюртлари россияликларни яхши кўришар экан.

Бундан икки йил аввал эса актёр Дегтяров номидаги милтиқ заводига сафар қилиб, Россия қуролларини реклама қилишга тайёрлигини айтганди.

Ёзда эса…Стивен Сигал Украинанинг «қора рўйхати»га тушди.

Бу рўйхатда «мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид» деб кўрилган 600 нафар санъат аҳли бор экан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Микки Рурк ҳам Россияни севади

Микки Рурк ҳам Россияни севишини айтади.

Москвага сафари давомида Россия раҳбарларини бу актёр роса мақтади.

2011 йилда эса у Санкт-Петербургда «Орзунгга ишон» аталмиш хайрия концертида иштирок этганди.

Владимир Путин ҳам ўша оқшом куйлаб берганди.

Мирей Матьени эслайсизми?

Шўролар даврида бу франсалик қўшиқчи роса машҳур эди.

Бир неча бор гастроллар билан Россия бўйлаб кезган эди.

У Владимир Путин билан ҳам, Дмитрий Медведев билан ҳам …ўпишган!

Франса оммавий-ахборот воситалари эса уни масхара қилиб, Ливия раҳбари Муаммар Қаддофий учун ҳам қўшиқ куйлаганини эслаб туришади.

2012 йилда у Москвага келади ва "Спасская Башня" фестивалида яна қўшиқ куйлайди. Ўшанда панк гуруҳ Pussy Riot “Илоҳамиз, Путинни даф қил” номли қўшиқни Исо Балогардон эҳромида куйлашган эди.

Мирей Матье буни “шаккоклик” деб атайди, аммо кейинроқ “бир насроний ўлароқ, уларни кечирдим” қабилида чиқиш қилади.

Хуллас, Ғарбнинг аксар сиёсатчиларидан фарқли ўлароқ, юлдузлари орасида Путиннинг мухлислари кўпроқ кўринади...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ