Назарбоев: 'Тожикистондаги воқеалар ортида ташқи кучлар турибди'

Image caption Тожикистондаги вазият Душанбеда ўтадиган КХШТ саммити кун тартибида

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Тожикистондаги сўнгги зўравонликлар "ташқи кучларнинг аралашувисиз" юз бермаганини айтган.

У бу ҳақда Душанбега ташрифи чоғида гапирган.

"Тожикистонга сизиб кириш ва беқарорлик келтириб чиқаришга уринишлар бор. Мамлакат ичкарисида юз берган охирги ҳодисалар ҳам, афтидан, ташқарининг аралашуви билан юз берган", деб айтган жаноб Назарбоев Президент Раҳмон билан музокаралардан сўнг.

Қозоғистон раҳбари бирон хорижий давлат ёки гуруҳ номини атамаган.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистон терроризм ва экстремизмга қарши курашнинг жабҳа чизиғида.

"Биз вазиятдан яхши хабардормиз ва бизнинг ҳуқуқ-тартибот идораларимиз ўзаро ҳамкорлик қилишлари зарур", деб айтган жаноб Назарбоев.

Тожикистондаги вазият Душанбеда бошланаётган МДҲнинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти саммити кун тартибидаги асосий масала бўлиши кутилмоқда.

Президент Путин ҳам иштирок этадиган саммит Тожикистон мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода ва унинг гуруҳига қарши аксилтеррор амалиёти манзарасида ўтмоқда.

Тожик ҳукумати исёнкор генерални 4 сентябр куни Душанбе ва Ваҳадат шаҳарларидаги милиция постларига уюштирилган ҳужумда айблаган.

Расмийларга кўра, ҳукумат кучлари Душанбедан 150 километр шарқдаги Ромит дарасида олиб бораётган маҳсус амалиёт "ҳал қилувчи босқичга кирган".

Махсус аксилтеррор кучлари генерал Назарзода ва унинг қуролли тарафдорларини қуршаб олгани хабар қилинади.

Президент Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков Москва вазиятни барқарорлаштиришда Тожикистонга ёрдам кўрсатишга тайёр эканини айтган.

Унинг сўзларига кўра, айни масала Путин ва Раҳмон музокаралари кун тартибининг марказида бўлади.

Тожикистонда шу ой бошидан буён давом этаётган зўравонликлар ҳозирга қадар 20 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio