Қирғизистон Ягона энергетика тизимидан чиқиши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи president.kg
Image caption Атамбаевга кўра, Қирғизистон энергетика мустақиллигига эришган

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев мамлакат Марказий Осиё Ягона энергетика тизимидан чиқиши мумкинлигини айтган.

Бу ҳақда у Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадаги Боткен вилоятида қуриб битказилган сув иншооти очилишида гапирган.

Атамбаевга кўра, Қирғизистон энергетика мустақиллигига эришган.

"Аввал бизда қийинчиликлар бор эди, чунки биз қўшниларга қарам эдик. Биз уларга миллионлаб доллар пул тўлардик. Аммо бугун вазият ўзгарди", -дея қирғиз президентининг сўзларидан иқтибос келтиради 24.kg агентлиги.

Унга кўра, авваллари Боткен минтақаси электр энергиясини Тожикистондан олган ва қўшни давлат электр таъминотини истаган пайти узиб қўйиши мумкин эди.

"Ҳозирда биз ўзимизни ўзимиз электр билан таъминлаяпмиз ва тармоққа боғланмаган бир нечта қишлоқ қолди, холос", деган у.

Қирғизистон ўтган ой 450 километрлик Датка-Кемин электр линиясини қуришни бошлаган.

Бу мамлакат жануби-ғарбидаги Датка станциясида ишлаб чиқарилаётган электр энергиясини шимоли-шарқдаги Кемин станциясига, Ўзбекистон ва Қозоғистонни четлаб ўтган ҳолда етказиб бериш имконини яратади.

Қирғизистон минтақанинг Ягона энергетика тизимидан чиқишини айтаётган биринчи давлат эмас.

Бундан аввал Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам айни тизимдан чиқиш билан таҳдид қилган, аммо 2012 йилда Тошкентда кечган музокаралар ортидан ҳар икки давлат тизимда қолишини эълон қилганди.

Марказий Осиё Ягона энергетика тизими 1998 йилдан бошлаб "паралел" равишда ишлашга ўтган.

Яъни қиш кунлари бирор мамлакатда узилишлар бўлса, электр тақчиллZиги бошқа давлатлар ҳисобидан тўлдирилган.

Марказий Осиёда сув тақичиллиги юзага кела бошлагач, ушбу тизимга аъзо давлатлар ўртасида зиддиятли масалалар ўртага чиқа бошлади.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистоннинг 2010 йилда ягона тизимдан чиқиш қарори ортида сиёсий важлар турганди.

Тожикистон ва Қирғизистон йирик гидроэлектр лойиҳалари устида иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон қўшнилари ҳудудида янги гидроэлектр станциялари барпо этилишига қаршилик кўрсатиб келади, чунки, Ўзбекистоннинг айтишича, улар мамлакат ҳудудига келаётган сув миқдорини камайтиради ҳамда пахтага ихтисослашган иқтисодини издан чиқаради.

Шу йил бошида Атамбаев Ўзбекистоннинг қаршиликларига қарамай, Қамбарота гидроиншоотини қуриб битказишларини айтган.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистон ва Тожикистоннинг зиддиятли гидроиншоот лойиҳаларига мухолифлигини шу кунларда Прагада ўтган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти форумида яна бир марта такрорлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio