Таҳлил: Афғонистон ва минтақада тинчлик истиқболлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Ашраф Ғани Хитойдан Покистон билан ярашув жараёнига воситачилик қилишини сўраган

21 сентябр куни Ашраф Ғани Афғонистон Президенти этиб сайланганига бир йил тўлди.

Афғонистон ва атрофидаги вазият борасида хавотирлар кучайиб бораркан, келаётган ойларда вазиятни барқарорлаштириш бўйича минтақавий саъй-ҳаракатларга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қуйидаги олти омилни назардан қочирмаслик муҳим:

Биринчидан, НАТО ва иттифоқчи кучларнинг Афғонистонни тарк этиши қудрат бўшлиғини юзага келтирган бир пайтда Хитой Афғонистонда етакчи ролни эгаллаш сари эҳтиёткор қадамларни қўймоқда.

Пекин шунингдек, вақт Россия тарафида эмаслигини яхши англайди.

Ваҳоланки, Россия Америка кучларининг Афғонистондан чиқиб кетиши асносида юзага келадиган бўшлиқни тўлдириши мумкин, деб кўрилганди.

Аммо Қримни аннекция қилганидан сўнг Украинада юз берган инқироз Россия учун Афғонистонда етакчи мавқъейини қайтариб олишни қийинлаштирди.

Эндиликда Афғонистон ва бутун Марказий Осиё Хитойнинг таъсири остига ўтмоқда.

Россиядан фарқли ўлароқ, хитойликлар Афғонистонда ўзларига жой ҳозирлаш учун ўта эҳтиёткорлик ва қайишқоқлик билан ҳаракат қилишди.

Иккинчи омил, бу- Хитойнинг афғон ва Покистон ҳукуматлари ўртасида сиёсий ярашув ўрнатишга қаратилган мулоқотни йўлга қўйиш уринишлари.

Ашраф Ғани 2014 йилда Афғонистон Президенти сифатида хорижга илк сафари чоғида Пекиндан Покистон билан ярашув жараёнига воситачилик қилишини сўраганди.

Покистоннинг яқин иттифоқчиси бўлган Хитойнинг воситачилиги самараси ўлароқ, Исломободнинг юқори мартабали ҳарбий мулозимлари афғон ҳамкасблари билан яқин алоқалар ўрнатди.

Бу каби ташаббуслар Афғонистон ва Покистонга хавфсизлик борасидаги ўзаро хавотирларни аритишга ёрдам беради.

Агар Президент Ашраф Ғани ҳукумати Покистоннинг хавфсизлиги учун зарур кафолатларни беролса, афғон расмийлари тимсолида ишончли ҳамкорга эга бўлган Исломободнинг Афғонистондаги давлатдан ташқари кучлардан қўшимча кафолатга эҳтиёжи қолмайди.

Ҳозирда Хитой ва Афғонистон Покистонни урушаётган афғон гуруҳлари ўртасида сулҳ ва муроса ўрнатиш юзасидан музокараларга бош-қош бўлишга рағбатлантиришмоқда.

Афғонистон тегарагидаги учинчи муҳим ривожланиш турли фракциялар ўртасида кечаётган музокаралардир.

Хитой ҳозирнинг ўзида Толибон ва афғон ҳукумати ўртасидаги музокараларнинг бир неча даврасига бошчилик ва мезбонлик қилди.

Пекин воситачилигида 2014 йилнинг ноябри ва 2015 йилнинг 7 июлида урушаётган томонлар ўртасида сулҳ музокаралари бўлиб ўтди.

Image caption Хитойнинг фаоллиги Афғонистонда тинчлик умидларини кучайтирган

Музокараларнинг 30 июлга белгиланган учинчи давраси қолдирилиши ортидан Толибон раҳбари Мулла Умарнинг икки йил аввал вафот этгани ўртага чиқди.

Бу ягона ва реал раҳбариятсиз Толибоннинг музокаралардаги мавқеъи заиф бўлиши ва Афғонистоннинг келажагига доир толиблар олиб борадиган мулоқотларнинг тугал бўлмаслигини англатар эди.

Бу орада Толибоннинг янги раҳбари Мулло Аҳтар Мансурнинг афғон расмийлари билан музокараларга мойил экани айтилди.

Аммо Мансур аксар толибларнинг тинчлик музокараларини дастаклашига эриша олишга қодирлигини намойиш қилиши керак бўлади.

Тўртинчи муҳим масала шундан иборатки, Хитой ва Ҳиндистон ўтмишдаги адоват ва рақобатли муносабатлардан эҳтиёткорона ҳамкорлик йўлига ўтишди ва икки томонлама муносабатларни аста-секинлик билан яхшилашга эришдилар. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг шу йил майида Хитойга ташрифи чоғида эълон қилинган қўшма баёнотда шундай дейилади: "Тарих бизнинг зиммамизга икки ўртадаги муносабатлардан ўзаро куч олиш ва уни яхшилик йўлида ишлатиш вазифасини юклаган". Унинг айтишича, Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик қитъанинг иқтисодий ривожланиши ва сиёсий барқарорлиги учун муҳим".

Бешинчи омил, бу Ҳиндистон ва Покистоннинг Шанҳай Ҳамкорлик ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиб кириш истиқболи. Outlook журнали шарҳловчиси Сибал Дасгуптанинг ёзишича, ШҲТ шафеълигида Хитой, Ҳиндистон ва Покистон мунтазам равишда муштарак таҳдидларни муҳокама қиладилар. Бу эса уларга минтақага кенгроқ назардан қараш ва ўзаро ҳамкорликни яхшилашга имкон беради. Деҳлидан профессор Сваран Сингҳга кўра эса, ШҲТ Ҳиндистон ва Хитойга терроризмга қарши кураш ва бошқа муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун жуда яхши форум вазифасини ўтайди.

Ва ниҳоят олтинчидан, Эронга қарши жазо чоралари аста-секинлик билан олиб ташланиши кутиларкан, ғарбий Афғонистонни Эроннинг Чоҳбаҳор бандаргоҳи билан боғлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар кучайиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида Ҳиндистон билан Марказий Осиё ўртасида савдо алоқаларининг ривожланишига имкон яратади ва минтақа фаровонлигининг юксалишига хизмат қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio