Қозоғистон: "Суриялик қочқинларни қабул қилишга тайёрмиз"

Қочқинларнинг Қозоғистонга кириб келиши эҳтимоли камлиги айтилади Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY
Image caption Қочқинларнинг Қозоғистонга кириб келиши эҳтимоли камлиги айтилади

Қозоғистон лозим бўлган тақдирда урушдан қочаётган сурияликларни қабул қилишга тайёрлигини билдирган. Бу ҳақда tengrinews.kz сайти Бош вазир ўринбосари Биржан Нуримбетовга таяниб хабар берган. Бироқ мулозим Қозоғистонга қочқинлар оқиб келиши эҳтимоли йўқлигини айтган.

"Қозоғистонда 2011 йили "Қочқинлар тўғрисида" қонун қабул қилинган. Ушбу қонун асосида қочқинлик мақоми, бошпана изловчи мақоми каби масалалар ҳал қилинади. Мамлакатда БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича ваколатхонаси доимо ишлаб турибди. Мабодо одам ёпирилиб келадиган бўлса Қозоғистон Фавқулотда вазиятлар бўйича қонунлари доирасида чоралар кўрилади. Лозим бўлиб қолса Қозоғистон маълум миқдорда қочқинларни қабул қилади. Уларни жойлаштириш ва бошпана билан таъминлаш борасида зарур чоралар кўрилади", - деган Биржан Нуримбетов.

Бироқ кузатувчилар танга қадрсизланиши ва нефт нархининг тушиб кетишидан қийналаётган Қозоғистон иқтисоди катта оқимдаги қочқинларнинг кириб келишига тайёр эмаслигини айтишади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мулозимнинг ушбу сўзларини илиқ қарши олмаган.

Айримлар Суриядан қочқинларни қабул қилиш ўрнига хорижда юрган қозоқларни яхши дастурлар орқали чақиришни таклиф қилган. Бошқалар эса Қозоғистон аҳолиси ўртаҳол яшаётгани ва бунинг ўрнига қозоғистонликларнинг турмуш тарзини яхшилаш кераклигини айтишган.

Бироқ салбий фикр берувчилар кўплигига қарамасдан, сурияликларни қабул қилиш керак дегувчилар ҳам топилади.

"Биз ҳар доим қочоқлар ва кўчиб ўтувчиларга ёрдам қўлимизни чўзиб келганмиз. Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам шундай бўлганди. Ҳозир ҳам шундай бўлсин. Ёрдам бериш керак. Уларга ҳозир анча қийин. Лекин жуда ҳам кўп киритмаслик керак", - деган Рустам.

Қозоғистон 2011 йили "Қочқинлар тўғрисида" қонун қабул қилгач мамлакатда учинчи давлатга чиқиб кетишни кутиб турган 30 дан ортиқ ўзбекистонлик бошпана изловчини Ўзбекистонга қайтариб юборди.

Ушбу бошпана изловчилар Ўзбекистонда турли муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Қочқинлик сўраб мурожаат қилган 80 ортиқ ўзбекистонлик орасидан Қозоғистон фақат бир кишига қисқа муддатга қочқинлик мақоми берди.

Ўзбекистонга экстрадиция қилинмаган аёл, бола ва эркаклар бу мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

Ўзбекистон ушбу бошпана изловчиларни диний экстремистик оқимларга аъзоликда ва конституцион тузумга тажовузда айблаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio