Ўзбек жиҳодчилари: 'Тожикистон билан чегарани назорат қилаяпмиз'

Фото муаллифлик ҳуқуқи sodiqlar.info
Image caption Гуруҳ чегаранинг "заиф нуқталарини ўрганаётгани ва маълумот тўплаётгани" ни айтган

Афғонистонда жойлашган толибонпараст ўзбек жиҳодий гуруҳи "Тожикистонга чегарадош кўплаб ҳудудларни назорат қилаётгани"ни айтган.

Исломий Жиҳод Иттиҳоди ўзининг веб саҳифаси - sodiqlar.info да чоп этилган хабарда даъво қилишича, гуруҳ маҳаллий халқ орасида кўплаб "тарафдорлари ва мухлислари"га эга.

ИЖИ ўз мужоҳидлари "Амударё соҳилларида бемалол ҳаракат қилаётгани"ни айтган.

Гуруҳ чегаранинг "заиф нуқталарини ўрганаётгани ва маълумот тўплаётгани" ни айтган, аммо кейинги режалари ҳақида маълумот бермаган.

Хабарга гуруҳнинг айтишича, ўзбек жиҳодчилари Амударёнинг Тожикистон қисмида тургани акс этган суратлар ҳам илова қилинган.

Исломий Жиҳод Иттиҳоди 2002 йилда Покистоннинг қабила ҳудудларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидан ажраб чиққан ўзбекистонликлар томонидан таъсис этилгани айтилади.

Ўзбек расмийлари 2004 йил 30 июлида Тошкентдаги Бош прокуратура ва Исроил элчихоналарига уюштирилган бомба ҳужумларида Исломий Жиҳод Иттиҳодини айблашган.

ИЖИ шунингдек, Покистон ва Олмониядаги қатор ҳужумлар ортида тургани айтилган.

2007 йилда гуруҳ аъзолари экани айтилган уч шахс Олмонияда Франкфурт халқаро аэропорти ҳамда АҚШ ҳарбий базасига қарши ҳужумлар режалаганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган.

Гуруҳ аъзолари орасида Тожикистон, Қозоғистон, Туркия, Покистон ва Озарбайжон фуқаролари борлиги айтилади.

'Таҳдид эмасмиз'

Айни пайтда Толибоннинг янги раҳбари Мулла Ахтар Муҳаммад Мансур ҳаракат Афғонистоннинг шимолий қўшниларига таҳдид эмаслигини айтган.

Ўзининг Қурбон Ҳайити муносабати билан эълон қилган баёнотида у ишғолчилар Толибонни қўшни давлатларга таҳдид сифатида кўрсатишга уринаётганини таъкидлаган.

"Ишғолчилар ва уларнинг ичкаридаги дастакчилари бизнинг Афғонистон шимолидаги ғалабаларимизни шимолий қўшниларимизга таҳдид деб кўрсатиш ва уларни ўз иттифоқчиларига айлантиришга ҳаракат қилишмоқда. Аммо бизнинг қўшниларимизга нисбатан сиёсатимиз аниқ. Улар бизга душманларимиз кўзи билан қарамасликлари лозим", - дейилади Толибон раҳбарининг баёнотида.

Россия ва Марказий Осиё ҳукуматлари АҚШ ва иттифоқчилари Афғонистондан бутунлай чиқиб кетганидан сўнг ўз чегараларига таҳдиднинг кучайишидан ташвиш изҳор қилиб келадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio