Табиий офатлар Помир минтақаси “қамал”ини яна ҳам мустаҳкамлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ер кўчкиси Ғунт дарёсини тўсиб қўйган

16 июлда Барсем қишлоғининг бир неча қисми лой кўчкиси остида қолди.

Барсем қишлоғи Тоғли Бадахшон маркази Хоруғдан 16 чақиримча шарқда жойлашган.

Ғунт дарёсини ер кўчкиси тўсиб қўйди, натижада каттагина кўл ҳосил бўлиб, дарё бўйлаб Помирга томон катта йўл ишдан чиқди.

Барсемдаги еру лой кўчкисига сабаб эса, узоқ давом этган, шиддатли ёғингарчилик ва авваллари деярли мисли кўрилмаган ҳаво ҳароратининг исиб кетиши эди.

Помир тоғларидаги музликлар одатдан ташқари тезликда эрий бошлади.

Кўчки ва тошқинлардан фақат Барсем зарар кўргани йўқ.

Памир катта йўлидаги бир неча кўприкларни ҳам сув ювиб кетди.

Айни табиий офат ҳақида матбуотда жуда оз ёзилди, ижтимоий-иқтисодий аҳамияти ҳақида ҳам гапирадиганлар ҳам кўп эмас эди.

Бу кўл ҳозирда бир неча чақиримга ястанган.

Одамлар кўлни резинадан ясалган қўлбола қайиқларда кесиб ўтишади.

Тоғ ёнбағирларида юриш ва ҳаракатланиш ўта хатарнок.

Аксарият рўзғор учун керакли бўлган оғир қопларни кўтариб олишади.

Ҳаммага ҳам бу “қайиқ”да жой етишмайди...

Барсемда ишлаётган қурувчилар ва мулозимлар Памир Катта йўли тез орада ишга тушишини айтишади.

Аммо, Барсемдаги кўчки айнан Хитой билан чегарадан юк ташийдиган машиналар йўлини тўсиб қўйган.

Бир неча ҳафта давомида ўнлаб йирик юк машиналари йўлда туриб қолишди.

Айрим ширкатлар муқобил йўл қидириб, Қирғизистон ҳудуди оша йўлга кўз тикдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Тоғ ёнбағирларида юриш ва ҳаракатланиш ўта хатарнок. Аксарият рўзғор учун керакли бўлган оғир қопларни кўтариб олишади

Аммо, Қирғизистон мулозимлари 60 тонна юк ортилган машиналарни ўз ҳудудидан ўтказишга ошиқишмас, норасмий келишувлар эса, қимматга тушарди.

Қирғизистон билан келишув амалга ошмаганидан кейин аксарият ширкатлар Вахан водийси оша юк машиналар ҳаракатини йўлга қўймоқчи бўлишди.

Бироқ, Вахан водийсидаги йўллар оғир юк машиналари учун мослашмаган, лойли бу йўлларда ҳам бир неча юк машиналари қолиб кетишди.

Тожикистон ҳукумати Барсем оша йўлни қайта ишга тушириш учун ҳаракат қилар экан, бир неча ширкатлар мустақил равишда фаолиятларини давом эттиришни ихтиёр қилишди.

Улар керакли жиҳозларни ижарага олишди. Ишчилар ёллашди ва Вахан водийси оша йўлни таъмирлай бошлашди.

Бир ширкатнинг ёш раҳбари бизга, “шундан бошқа имконимиз йўқ, яқинда мактаб бошланади, Душанбедагилар ўз фарзандлари учун мактаб кийимлари, жиҳозларини сотиб олишлари керак”, деди.

Август бошларидан бери Вахан оша юк машиналарининг оқими жадаллашди.

Ўз ортларидан чанг булутларини қолдиришар, айрим суғориш йўлларини вайрон қилишар ва Душанбе томон илгарилашарди.

Бу суғориш каналларини қайта созлаш эса қурувчи ширкатларнинг иши эмас эди.

Қишлоқликлар оғир аҳволда қолишди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Мурғоб яқинидаги бузилган кўприк

Қизиғи, Хитой моллари Памир минтақаси оша Душанбедаги улгуржи бозорларга олиб борилар, кейин яна Помир бозорларига қайта олиб келинарди.

Хитойга савдо учун борадиганларнинг аксарияти душанбелик савдогарлар.

Помирликлар озроқ мол учун Хитойга ўтишлари қимматга тушади, ҳам виза ва ҳам божхона тўловлари...

Бунинг устига, Қирғизистон Овроосиё Божхона Иттифоқига аъзо бўлди.

Ана энди Тожикистоннинг Мурғоб туманида яшайдиганлар, аксарияти Қирғиз миллатига мансуб бўлганларнинг ҳам савдо алоқалари мушкуллашиб қолди.

Янги божхона тартиби помирликларнинг оғирини енгил қилмади.

Одамларнинг борди-келдиси ва божхона солиқларининг расмий ва норасмий тўловлари ошди.

Помир Катта йўли ишдан чиқиши билан Ўш йўлига талаб ошди.

Мурғобликлар Тожикистон ҳам тез орада Божхона Иттифоқига аъзо бўлади деб умид қилишади.

Аммо, бугун помирликлар қўш муаммо билан рўпара келишган.

Бири табиий офатлар бўлса, иккинчиси, Овроосиё Божхона Иттифоқига аъзо қўшни давлат билан борди-келдиларнинг қийинлашганидир...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio