Афғон ҳукумати Қундузни қайта қўлга олганини даъво қилмоқда

Афғонистон расмийлари даъво қилишларича, улар шимолдаги Қундуз шаҳри устидан назоратни Толибондан қайтариб олганлар.

Уларга кўра, тунда қилинган ҳужумлар ёрдамида ҳукуматга тегишли иншоотлар қайтарилди ва жангарилар орасида кўп талафотлар юз берди.

Аммо, Толибон ҳали ҳам шаҳарнинг катта қисмини назорат қилаётганини таъкидламоқда.

Душанба куни шаҳарнинг Толибон қўлига ўтиши ўз президентлигининг бир йиллигини нишонлаётган Ашраф Ғани учун катта зарба бўлди.

Ҳукумат ҳарбий амалиёти тунда бошланган, аскарлар шаҳарни турли томонлардан ўққа тутганлар.

Қундуз полицияси раҳбарининг воизи Сайид Сарвар Ҳуссайнинг Би-би-си билан суҳбатда пайшанба куни ҳоким идораси, полиция раҳбари идораси ва хавфсизлик хизмати идоралари қайта қўлга киритилганини айтди. "Толибон жангариларининг жасадлари атрофда сочилиб ётибди", - дея қўшимча қилди у.

Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларига яқин жойлашган Қундуз шаҳри 300 минг кишилик аҳолига эга бўлиб, Афғонистоннинг энг катта шаҳарларидан биридир. У ҳам транспорт маркази, ва ҳам минтақавий савдо маркази сифатида стратегик жиҳатдан муҳим саналади.

Ички ишлар вазири воизи Седиқ Седиқий Твиттерда Қундуз қайта қўлга олинганини ёзди. Бироз ўтиб у АР агентлигига 200 Толибон жангариси ўлдирилгани, ҳамда шаҳарни жангарилардан бутунлай "тозалаш" амалиёти давом этаётгани ва у бир неча кунга чўзилиши мумкинлигини айтди.

Бироқ, Толибон "душманнинг Қундуз ҳақидаги иддаолари"ни рад этди.

"Мужоҳиддин шаҳарнинг хавфсизлик доирасида қаршилик кўрсатмоқда", - деди Толибон воизи Забиҳулла Мужоҳид Рейтерс агентлигига.

Жангарилар шаҳардан одамларнинг чиқиши ва қўшинлар киришини бартараф қилиш учун йўлларга миналар ва назоарт пунктларини ўрнатганлари, ҳамда тун бўйи давом этган бомбардимон амалиётидан шаҳар аҳли қўрқув ичида қолаяпти.

Хабарларга кўра, маҳаллий ўғил болалар ва эркаклар Толибон сафларида жанг қилишга мажбурланмоқда.

Толибон полиция қурол-аслаҳаси, ўқ ва машиналарини қўлга киритган ва банкларни талагани айтилади.