"Тожик ҳимоячиси озод қилинсин!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social Media

Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари таниқли Тожик адвокати Бузургмеҳр Ёров ҳибсга олинганлигидан қаттиқ хавотир билдирганлар.

Бугун Human Rights Watch ва Amnesty International дохил олтита инсон ҳуқуқлари ташкилотлари биргаликда Тожик ҳукуматидан адвокатни ҳибсдан қўйиб юбориш ёки унга қўйилган айбловларни исботлаш талаби билан чиқишди.

“Сиёсатга боғлиқ жиноий иш билан шуғулланишни бошлаган таниқли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи адвокатнинг ҳибсга олиниши Тожикистонда инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниши қай даражада ачинарли эканини кўрсатиб турибди,” деди Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси президенти Надежда Атаева.

“Машҳур адвокатни ҳибсга олиш орқали ҳукумат Тожикистон ҳуқуқшуносларни сиёсат билан боғлиқ нозик жиноий ишларга аралашмасликка очиқ огоҳлантириб қўймоқда,” деди Human Rights Watch ташкилотининг Оврўпо ва Марказий Осиё бўлими директори Хю Виллиамсон.

“Ҳозир Тожикистонга олдингидан ҳам кўра ҳар қандай аралашувлардан холи ва жазодан қўрқмай фаолият юритадиган кучли ва мустақил ҳуқуқ касб эгалари керак,” деди у.

Бузургмеҳр Ёров 28 сентябр куни Душанбе шаҳрида қамоққа олинган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги уни 2010 йилда содир этилган қаллобликда ва ҳужжатларни сохталаштиришда айбламоқда.

Аммо халқаро ташкилотлар ва Тожикистоннинг ичида ҳам унинг ҳибсга олиниши сиёсий сабабларга боғлиқлигини таъкидлашмоқда.

Азия Плюс ахборот агенлиги хабар қилишича, таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ойниҳол Бобоназарова Ёровга нима учун бу айбловлар энди қўйилганлиги ва ички ишлар ходимлари шу пайтга қадар нима билан шуғулланганлигини савол остига олган.

Мазкур айбловлар Бузургмеҳр Ёровга сентябр ойида муҳолифатдаги Ислом Уйғониш партияси(ТИУП)нинг 13 нафар етакчи аъзосини ҳимоя килиш мақсадида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасини ташкил қилгани ортидан қўйилган.

Ҳибсга олинишидан олдин Ёров қамоқдаги исломий партия аъзолари билан боғлиқ барча ҳужжатларни прокуратурага топшириш учун тайёрлаш билан шуғулланганди.

“Мен партия аъзоларини ҳимоя қилиш фикримдан қайтмайман. Мени давлат фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун едириб ичирди. Уларга президент таъкидлаб ўтганидек давлатнинг фуқаролар хақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ислоҳотлари сиёсати доирасида фаъолият юритамиз деб айтаман,” деган эди адвокат ички ишлар бўлимига сўров учун чақирилишидан олдин.

Ислом Уйғониш Партияси раҳбарлари шу йилнинг сентябр ойида собиқ мудофаа вазири ўринбосари генерал Абдуҳалим Назарзода бошчилигида Ваҳдат шаҳри ички ишлар бўлимига ва Душанбедаги назорат постига амалга оширилган қуролли ҳужумларни уюштиришда айбланмоқда.

Бу воқеалардан сўнг Тожикистон Олий маҳкамаси 29 сентябр куни ТИУП ни террорчи ташкилот деб эълон қилди ва унинг фаолиятини мамлакатда тақиқлади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг бугунги қўшма баёнотида айтилишича, Ёровнинг ҳибсга олиниши бундан олдин қатор ҳимоячиларнинг ҳибсга олингани, турли қамоқ жазоларига ҳукм этилгани ва баъзилари қўрқитилгани ҳамда Тожик ҳукуматининг мухолифатга ўтказаётган тазйиқлари кучаётгани манзарасида рўй бермоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio