Тожикистонда Путинни ташвишга солаётган беш омил

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ўзи ва Президент Путин "Тожикистондаги вазиятдан жуда ҳам ташвишда эканликларини айтган".

Бу ҳақда жаноб Назарбоев пайшанба куни Остонадаги қўшма матбуот анжуманида гапирган.

Тожикистон Афғонистон билан 1400 километрлик умумий чегарага эга.

Сўнгги ҳафталарда чегаранинг афғон томонида Толибон исёнчилиги янада кучайган.

Тожикистоннинг ўзида ҳам нотинчлик юз берган, ҳукумат "исломчилар"ни айблаган.

Толибонпараст ўзбек жиҳодий гуруҳи - "Исломий жиҳод иттиҳоди" яқинда Тожикистон билан чегарадаги "кўпгина" минтақаларни назорат қилаётганини даъво қилган.

Россия Тожикистонда ўзининг йирик ҳарбий базасига эга.

Душанбеда жойлаштирилган рус қўшинлари сони 6-7 минг орасида.

Аммо ўтмишда Россия чегарачилари Афғонистон билан Тожикистон чегарасини ҳам қўриқлаб келган.

Ҳозирда Москва чегара назоратини қайтадан қўлга олмоқчи, деб ишонилади.

Хўш, Президент Путин нега Тожикистондан хавотирда?

Қуйида бунинг беш сабабига тўхталамиз.

Толибон исёнчилиги

Ўтган ой Толибон стретегик жиҳатдан муҳим Қундуз шаҳрини забт этди ва уч кун давомида ушлаб турди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Толибон Қундузни уч кун ушлаб турди

Толиблар шунингдек, тожик, ўзбек ва туркман чегараларидаги Бадахшон, Таҳҳор, Балх, Жавзжон ва Фарёб вилоятларидаги фаолиятини ҳам кучайтирмоқда.

7 октябр куни Сочида Президент Раҳмон билан учрашув чоғида Путин минтақадаги "вазият хавотир уйғотмай қолмаслиги"ни айтди.

Раҳмон унинг фикрини маъқуллади ва чегаранинг "60 фоизида ҳарбий ҳаракатлар бораётгани"ни илова қилди.

Исломий радикаллашув

Россия Афғонистондаги турли-туман жангари гуруҳларнинг бирлашишидан ҳам хавотирда.

"Энг ашаддий толиблар ҳозирда "Исломий давлат" сафларига қўшилиб, Марказий Осиё, шу билан бирга Россияга ҳам таҳдид солмоқда", деб ёзади "Коммерсант" нашри.

Яқин Шарқ ва Марказий Осиё тадқиқотлари марказидан Семён Богдасаровнинг айтишича, "Исломий давлат" Афғонистонда кучланмоқда, сабаби бошқа радикал гуруҳларнинг жанговар отрядларини ёлламоқда.

Унинг айтишича, ҳозир Афғонистонда 8000 га яқин ИД жангарилари бор.

Беқарорликнинг ёйилиши

Россия Афғонистондаги беқарорлик Марказий Осиёга ўтишидан хавотирда.

15 сентябр куни Душанбеда ўтган саммит чоғида Президент Путин "террорчи ва экстремист гуруҳларнинг Афғонистонга қўшни давлатлар ҳудудига сизиб кириш хавфи" ошганини таъкидлади.

"Ҳозирнинг ўзида яхши маълум бўлган ташкилотларга қўшимча, ўзини "Исломий давлат" деб атаётган гуруҳ таъсирининг Афғонистонга ёйилиши таҳдидни янада кучайтиради",- деб айтди Путин.

'Исломий давлат'

ИД жангариларининг Суриядан Марказий Осиёга келиш истиқболи Россия ва иттифоқчилари орасида хавфсизлик хавотирларини кучайтирди.

Собиқ совет ҳудудидан катта сондаги жангарилар ИД сафларида жанг қилаётгани маълум.

Image caption ИД сафларида юзлаб марказий осиёликлар жанг қилмоқда

"Шубҳасиз, улар бизнинг ҳудудларимизга қайтишлари эҳтимолидан ташвишдамиз", - деб айтган Путин Душанбедаги саммитда.

ИД Россиядаги иқтисодий инқироз сабаб даромадлари тушиб бораётган тожик муҳожирларини ўз сафларига ёллаётгани ҳақида хабарлар олинган.

Ички кураш

Ўтган ой Тожикистонда собиқ Мудофаа вазири ўринбосари Абдуҳалим Назарзода бошчилигидаги қуролли исён юз берган.

Назарзода ҳукумат кучлари билан тўқнашувда ўлдирилган.

Ҳукумат исёнда исломий гуруҳларни айблаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи newsgid.net
Image caption Назарзода ҳукумат кучлари томонидан ўлдирилган

Собиқ совет давлатларидаги ягона қонуний исломий партия бўлган Тожикистон Ислом Уйғониш партиясининг қатор юқори мартабали аъзолари ҳибсга олинган.

Партия раҳбари Муҳиддин Кабирий муҳожиротда.

Тожикистон Олий Маҳкамаси ўтган ой ТИУПни террорчи ташкилот деб эълон қилган ва унинг фаолиятини тақиқлаган.

ТИУП Тожикистонда ҳукмдор Халқ Демократик партиясидан кейин иккинчи йирик партия эди, аммо март ойидаги парламент сайловларида биронта ҳам ўрин ололмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio