Туркманистон Назарбоевдан нега норози?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Расмий Ашхобод Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев гапларига норозилик билдирган. Назарбоевнинг Туркманистон чегарасида нималар бўлаётганидан хабардормиз, деган гапи Туркманистон томонининг хавотирига сабаб бўлган ва расмий эътироз билан чиққан.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан чиқарилган баёнотда айтилишича, 15 октябр куни Остонада Россия ва Қозоғистон президентлари иштирокида ўтган матбуот брифингида Қозоғистон томони Марказий Осиёда хавфсизлик масалаларини гапираркан, гўё Туркманистон чегарасида содир бўлган ҳодиса ҳақида фикр билдирган.

"Қозоғистон томонидан воқеиликка тўғри келмайдиган бу каби фикрларга Туркманистон ўзининг кескин хавотири ва тушунмовчилигини билдиради. Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги шуни таъкидлашни истайдики, Туркманистоннинг бу масала бўйича расмий нуқтаи назарини матбуот ва минтақавий ҳамда халқаро майдонларда бир неча маротаба билдирган".

Вазирлик ушбу масала юзасидан кескин норозилик билдиришини ва икки давлат ўртасидаги анъанавий қардошлик муносабатларидан келиб чиқиб, Туркманистон атрофидаги вазиятга баҳо беришда Қозоғистон томони холис ахборотга таянишигиа умид қилишини айтган.

Назарбоев нима деганди?

Путин билан матбуот брифингида гапирган Нурсултон Назарбоев, Сурия ва Марказий Осиёдаги вазиятга ўз нуқтаи назарини билдирган эди.

"Ҳозир сунний ва шиалар мавзуси кўпиртирилмоқда. Лекин бу нарсага умуман боғлиқлик йўқ, чунки Сурияда бўлаётган нарсалар - ҳаммамиз учун умумий таҳдид. Айниқса Марказий Осиё давлатлари учун. Биз Туркманистон чегарасида бўлган ҳодисадан хабардормиз, Тожикистон ҳам бундан азият чекмоқда", - деган Нурсултон Назарбоев.

Назарбоев Туркманистон чегарасида нима содир бўлгани ҳақидаги фикрига очиқлик киритмаган.

Олдинроқ матбуотда чиққан хабарларда Туркманистон ва Афғонистон чегарасида вазият 2014 йилдан бошлаб кескинлашиб бораётгани ва мамлакатга Толибон хавф солиши мумкинлиги ҳақида ёзилганди.

Туркманистон чегара ҳудудларига зирҳли ҳарбий техника сафарбар этган.

6 октябр куни Ўзбекистонга ташрифи давомида президент Бердимуҳамедов расмий Тошкентдан ҳарбий мадад сўрагани айтилади.

Шу кунларда Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов бошчилигидаги ҳайъат АҚШга борган. Ҳайъат у ерда мамлакат ва Марказий Осиёда хафвсизлик масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Мутахассислар туркман мулозими Америкадан ҳарбий кўмак ва дастак сўраши мумкинлигини тахмин қилишади.

Мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Остонада ўтаётган МДҲ га аъзо давлатлар саммитига ташриф буюрмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ