"Ҳақиқий инқироз энди келади"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат бошига иқтисодий қийин паллалар келаётганини таъкидлаган. У иш ўринларининг қисқариши ва даромад кўриш камайиши мумкинлигини айтган.

"2007-2009 йиллардагидан анча кучли - ҳақиқий инқироз келмоқда. Шу муносабат билан ҳукуматга вазиятни таҳлил қилиш, инқирозга қарши иш режалари тузиш, зарур чораларни аниқлаш ва аҳолига етказишни топшираман", - деган Нурсултон Назарбоев.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Бош вазир Карим Масимовни қабул қилган Назарбоев мамлакат иқтисоди қийин аҳволда амал қилаётганини айтган.

"Ёнилғи маҳсулотларининг нархи пасайиши натижасида бюджет тушуми 40 фоизга камайди. Бундан ташқари кўмир, қора ва рангли металл каби бошқа экспорт маҳсулотларимизнинг ҳам нархи тушди. Шу билан бирга қишлоқ хўжалигида унча катта бўлмаган ўсиш кузатилди, саноат корхоналари, жумладан, машинасозлик соҳамиз ишлаб чиқаришини камайтирди", - деган Нурсултон Назарбоев.

Давлат раҳбари дунёдаги иқтисодий ҳолатни назарга олиб тез орада вазият яхшиланмаслигини айтган. Мамлакат аҳолиси ташкилотларнинг фойдаси камайиши, даромадларнинг тушиши ва иш ўринларининг камайишига тайёр туришини таъкидлаган.

Назарбоев аҳолининг заиф қатламини дастаклаш учун тайёр дастурлар бўлиши кераклигини айтган. Бироқ у ишлаб чиқаришга асосланган корхоналар давлатдан ёрдам кутмаслиги кераклигини ва бунинг учун Миллий жамғармадан маблағ ажратишни тақиқлаб қўйишини билдирган.

Кузатувчилар Қозоғистон иқтисоди қийин дамларни бошидан кечираётганини олдин ҳам айтишган.

Қозоқ тангасининг қадрсизланиши ва мамлакатдаги ишлаб чиқарувчиларнинг россиялик тадбиркорларнинг рақобатига дош беролмаётгани мамлакат иқтисодига зарба бўлаётгани айтилади.

Қозоғистон Миллий банки тангани 20 октябрда эркин савдога қўйган бўлса-да, уни яна назорат остига олишга мажбур бўлган.

Танга бозорда эркин сузишни бошлаганидан сўнг 1 долларнинг нархи 300 тангагача кўтарилиб кетди. Бироқ Миллий банкнинг бозорга миллионлаб доллар чиқариши натижасида бугунги кунда бир доллар 278 тангадан сотилмоқда.

Миллий банк 16 сентябрдан бошлаб тангани дастаклаш учун бозорга 1,5 миллиард долларга яқин маблағ чиқаришга мажбур бўлди. Миллий банк матбуот хизматининг маълум қилишича, октябр охиригача тангани курсини маълум миқдорда ушлаб туриш учун 3 миллиард доллар сарфланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ