Туркманистон: Президент яна бир иқтидорини намойиш этди

Туркманистондан олинган хабарлардан президент Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг яна шеър ёзиши ҳам маълум бўлди.

Туркман раҳбарининг илк шеъри унинг ҳали у, ҳали бу иқтидоридан “огоҳ этиб” келаётган давлат нашрларидан бирида пайдо бўлди.

Аён бўлишича, кундалик “Нейтральний Туркменистан” газетасининг олд саҳифасида чоп этилган тўрт миср шеър айнан президент Гурбангули Бердимуҳаммедов қаламига мансуб.

Ва, агар, “Chrono-tm.org” веб саҳифаси тарқатган хабарга таянилса, раҳбарларининг дастлабки шеърий “ижод маҳсули” туркманистонлик мулозимларнинг ҳам эътиборларидан четда қолмаган.

Улар янги музейнинг очилиши маросими чоғида бу тўрт миср шеърни омма кўз ўнгида жўравозликда ўқиб беришган.

Мулозимларнинг бу ишлари эса, ушбу тадбир акс этган телевизион лавҳадан маълум бўлган.

Хабарларга кўра, президент Бердимуҳаммедовнинг “Олға, олға! Фақат олға, она Ватаним – Туркманистон!”, деб номланувчи бу шеъри ватанпарварона руҳда ёзилган.

Шеърнинг ўзи эса, “Оҳ, менинг жонажон ватаним, сен дўстсан ва баҳорсан!” каби мисралар билан бошланиб, “Тинчлигимиз ва қалбларимиз битта байроқ билан боғланган, ҳамда сен бутун оламу жаҳон нишонисан!”, каби сўзлар билан якун топади.

Туркманистон президенти ўзининг турфа қобилиятларини бундан аввал ҳам намоён этган.

Жумладан, 2011 йилда “Оқ гулларим, сизлар учун”, деб номланувчи ишқий қўшиғини шахсан ўзи қўлига гитара олиб, ижро этиб берганди.

Туркманистон давлат телевидениеси бу қўшиқнинг ҳам президент Бердимуҳаммедов томонидан битилгани ҳақида хабар берганди.

Аммо айрим таҳлилчилар эса, шунга ўхшаш қўшиқ бундан олдин ҳам бўлганини айтиб, бу каби хабарларни савол остига олишганди.

Қўшни Туркманистоннинг 58 ёшли президенти, айниқса, ўзининг пойгачилик “маҳорати” билан анча танилган.

Яъни, президент Бердимуҳаммедовнинг турли авто ва от пойгаларидаги кетма-кет ғалабасига оид хабарлар турли оммавий-ахборот воситалари учун одатий тус олиб улгурган.

Бундан уч йил муқаддам эса, Туркманистонда президентнинг доривор гиёҳларга бағишланган илмий ишларининг туркман, рус ва инглиз тилларидаги учинчи жилди кенг жамоатчиликка тақдим этилганди.

Туркманистоннинг амалдаги президенти яна қатор асарлар муаллифи ҳисобланади.

Жаноб Бердимуҳаммедовнинг, бундан ташқари, "Туркманистонда соғлиқни сақлаш тизими ривожланишининг илмий асослари", "Туркманистон - соғлом ва юксак ахлоқли инсонлар мамлакати", "Ахалтекин отлари - бизнинг шон ва шарафимиз" ва "Тараққиётнинг янги чўққилари сари" деган китоблари ҳам нашрдан чиққан.

Тўрт йил олдин туркман раҳбарининг "Одамдан яхши ном қолади", деган илк романи ҳам дунё юзини кўрганди.

Президент ўз романини ўқитувчи бобоси Бердимуҳаммад Аннаевга бағишлаганди.

Гурбангули Бердимуҳаммедов 2012 йилги сайловларда иккинчи бор Туркманистон президенти этиб сайланганди.

У марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг кутилмаган ўлими ортидан 2007 йилда илк бор қудратга келганди.

Президент Бердимуҳаммедов, бундан ташқари, Туркманистон Фанлар академиясининг академиги, тиббиёт фанлари доктори ва профессор саналади.

У 90-йиллар охирларида Туркманистон Соғлиқни сақлаш вазири бўлиб ҳам ишлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ