Нима учун Россияда фолбинларнинг бозори чаққон?

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Александр Шепс бу дунёдан ўтганлар билан "тиллашаман" дейди

Россия аҳолисининг 20 фоизга яқини камида бир марта фолбин, кинначи ва ё усуқчиларга мурожаат қилгани аниқланган.

Омма сўровларига кўра,мамлакатда иқтисодий муаммолар ва қўшни Украинадаги зиддият туфайли фолбинларнинг бозори яна чаққонлашган.

Мен ҳеч қачон фолбинга бормаганман.

Москва чеккасидаги кўп қаватли бинолардан бирига келдим, йирик темир лифтга чиқиб, асосан юлдузларга фол очадиган Александ Шепс ҳузурига йўл олдим.

Мен Петербургда вояга етмаган, айнан менинг шаҳрим Россиянинг энг машҳур фолбини Распутиннинг ватанидир.

Аммо Шепс мутлақо соқолдор Распутинга ўхшамас эди.

У бўйи баланд ва қайсидир маънода Распутиндан ҳам граф Дракуланинг ёшлигини эслатарди.

Жуда мулойим оҳангда сўзлашарди.

Эгнидаги футболкага бошчаноқ расми солинганди.

Шепс “Фолбинлар Жангги” деб номланган реалити шоунинг ғолиби.

Бу кўрсатувнинг бир сонини тўрт миллион томошабин кўради.

"Мен ўлганлар билан мулоқотда бўламан, шунга ихтисослашганман, бу сеҳр санъатидир. Куф-суф қиламан, йўқолган одамларни қидираман”, дейди у.

Россиядаги бир эмас, икки нуфузли омма сўровлари марказига кўра, фолбинлару мунажжимларга ишонадиганлар, кўз тегиши каби ҳолатлардан хавотирда бўлган россияликларнинг сони талайгина экан.

Фолбин Шепснинг сўзларига қараганда, унинг хизматларидан фойдаланадиганларнинг аксарияти асосан ўрта синфдаги шаҳарликлардир.

"Банкирлар, сиёсий арбоблар, таниқли шахсиятлар ва улар орасида икки нафар православ руҳоний ҳам бор...Бу руҳонийлар черковда ибодат қилишади, ваъз ўқишади, аммо муаммоларини ечиш учун менинг ҳузуримга келишади”, дейди у.

Рус православ черкови расман фолбинлар ва мунажжимларни қоралайди, руҳоний Андрей Кураев ўтган 25 йил умрини уларга қарши тарғиботга сарфлаган.

Унинг айтишича, айримлар ўз тақдирини шу "лўттибозлар" билан боғланиши ҳам бор гап.

"Сиз ҳам православ ва ҳам қотил ёки ўғри бўлишингиз мумкин, ҳеч ким бир инсонни мантиқан иш кўришга мажбур қилолмайди. Шунинг учун ҳам инсон шуурида бири бирига қарши ғоялар жам бўлади”.

Image caption Россия православ руҳонийлари орасида ҳам фолбин Шепснинг мижозлари бор

Россияда насронийлик тарихи минг йилдан ортиқ, аммо қишлоқ жойларида мажусийлик анъаналари сақланиб қолган.

Шўролар даврида ҳам фолбинлик ва мунажжимлик қораланарди.

Аммо Советлар уларнинг хизматидан душманнинг ерости атом кемалари жойлашиши аниқлаш, Ғарб давлатлари сейфларида сақланадиган махфий ҳужжатларни ўқиш йўлида фойдаланишга ҳаракат қилишгани маълум.

Шунданми, бугунги кунда Россиянинг масъулиятли вазифаларда ишлайдиган мулозимлари ҳам фолбинларга қатнаётгани ҳайратланарли ҳолат эмас.

Детектив Дмитрий Биков яқинда ёвузларча қилинган қотилликни текширган.

Қурбонни машинада ёқиб юборишган. Жиноятга доир ҳеч қандай далил қолмаган.

Шунда жиноят содир этилган ерга фолбин чақирилган.

"Алал-оқибат бу фолбин аёл қанақадир ахборотлар оқимини аниқлашга муваффақ бўлди. Бизга бир жойга боринглар деди, биз кетдик. Йўлда у бизга, “мени нимадир шу томонга арқон боғлаб тортгани каби тортмоқда деди. Бизга кейин ўлган одам ким бўлган, қаерда ўлган, нима билан шуғулланган ва кимлар билан юргани ҳақида айтиб берди. Бирин-кетин нима бўлганига доир манзарани шакллантириб олдик”.

Аммо фолбинларнинг айтганлари маҳкамада қўл келмайди.

Ҳар қандай тахминлар адлия тизимидаги мавжуд йўл билан текширилиши керак.

Эҳтимол, айнан шунинг учун Биков менга фолбин аёлнинг айтганлари қанчалар тўғри чиққани ҳақида ҳеч нарса айтмади.

Фолбинлик, сиёсат ва ҳаёт

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Украинадаги зиддият, Суриядаги уруш ва иқтисодий мушкулликлар Россияда янги Распутинларни яратмоқда...

Шарқий Украинадан келган Сергей шахсий бир масалада Елена деб аталган фолбинга боради.

Сергейнинг яқин дўсти Украинадаги жангларда бедарак кетади.

Расмий манбалардан ҳеч нарса ололмаган Сергей фолбинга бош уради.

"Ичимда умид сўнмаганди, аммо барибир хавотирда эдим. Мен Еленанинг ҳузурига иложсизликдан бордим”.

Елена Сергейга ёмон хабар беради.

“Дўстинг ўлган”, дейди.

"Фолбин дўстимнинг қандай ўлгани, ёнида ким бўлгани ва нимадан ўлганини тафсилотлари билан айтиб берди. Аммо айни пайтда нимадир ўхшамаётгани ва қурбоннинг оиласига бу ҳақда ҳеч нарса демасликни маслаҳат берди”.

Икки ой кейин эса бу “ўлган” дўстнинг хабари чиқади.

Сергей фолбинларга ишонмай қўйди.

Аммо унинг бошқа бир дўсти, Сергейнинг дўстига тегишти куртка кийгани ва қурбон бўлгани ҳақида хабар келди.

“Ана шу кийимлар орқали фолбин афтидан бу одамга нималар бўлганини кўргандир”, дейди у.

Укранидаги зиддият давом этар экан, Россия Сурияда урушга кирди.

Мамлакат иқтисоди эса ҳали-бери ўнгланадиган кўринмайди.

Бетайин даврлар давом этар экан, Россияда янги “распутин”ларнинг бозори касод бўлмаслиги аниқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio