Туркманистонда 1000 дан ортиқ маҳбус афв этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи STR AFP Getty Images
Image caption Газга бой Туркманистон дунёнинг энг ёпиқ давлатларидан бири саналади

Туркманистон президенти Қурбангули Бердимуҳамедов мамлакат қамоқхоналаридаги 1200 нафар маҳбусни афв этишга буйруқ берган.

Давлат телевидениесининг хабар беришича, Туркманистон мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан эълон этилган афв ҳақидаги қонунни жаноб Бердимуҳамедов Вазирлар Маҳкамаси ва Хавфсизлик Кенгашининг қўшма йиғилиши чоғида имзолаган.

"Раҳмдиллик анъаналаримиздан келиб чиққан ҳолда, мен Туркманистон мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан 1200 нафар фуқароларимизни афв этиш ҳақидаги фармонга имзо чекдим", - деб айтган туркман раҳбари.

Туркманистонда мамлакат мустақиллигининг навбатдаги санаси муносабати билан минглаб маҳбусларни афв этиш анъанаси марҳум президент Ниёзов даврида қарор топган эди.

Айни пайтда бу каби афви умумий, худди Ўзбекистонда бўлгани каби, мамлакат қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбусларни четлаб ўтиши айтилади.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари Туркманистонни собиқ ташқи ишлар вазири Борис Шихмуродов ва қамоқдаги бошқа фаолларни озод этишга чақириб келадилар.

Туркманистон раҳбарияти 2002 йилда давлат тўнтаришига уринишда айбланиб, маҳкум этилган Шихмуродовнинг тақдирига аниқлик киритиш ҳақидаги мурожаатларни жавобсиз қолдирган.

Human Rights Watch ташкилоти ўтган йили эълон қилган ҳисоботга кўра, сўнгги ўн йилдан ортиқроқ вақт давомида Туркманистонда ўнлаб инсонлар ноихтиёрий тарзда бедарак кетган.

Ташкилот Туркманистон ҳукуматини бу “йўқолган” инсонларнинг яқинларини уларнинг тақдиридан огоҳ этиш ва тутқунлар билан кўришишларига рухсат беришга чақирган.

Бедарак кетганларнинг аксарияти 2002 йил, 25 ноябрда собиқ президент Сапармурод Ниёзовнинг жонига қасд қилиш айбловлари билан узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганлардир.

“Бу сукунат ва қатағон 12 йилдан бери давом этмоқда, Туркманистон ҳукумати бедарак кетган маҳкумларнинг тақдири, қолаверса, уларнинг тирик-ўликлигини очиқ айтадиган вақт келди”,- деб айтган ташкилотнинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўлими директори Рейчел Денбер.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio