Биз яшаётган жамият: Эмил Дюркхайм

Image caption Эмил Дюркхайм замонавий жамиятшунослик фанининг асосчиларидандир

Эмил Дюркхайм (1858-1917) жамиятшунослик ва жумладан француз жамиятшунослигининг асосчиси ҳисобланади. У 1858 йили Эпинал деган кичкина шаҳарчада яҳудий рабби оиласида туғилган. Лекин у отасининг изини босмасдан, Париждаги École Normale Supérieure (ENS) деган энг салобатли ўқув юртига кирган. У ердаги ўқиши давомида у социалист ғояларга суғорилган назариялар билан танишган, зеҳнан улғайган.

Бир неча йил Эмил Дюркхайм мактабларда дарс берганидан сўнг Бордо шаҳридаги университет ўқитувчиси ўрнини эгаллаган. Бу ерда у илмий ишларга берилган. 1902 йили у Париждаги Сорбонна университетига профессор бўлиб келади ва у ерда ўлимига қадар 1917 йилгача ишлайди.

Эмил Дюркхаймнинг энг асосий ишларидан бири "жамият фанини" яратиш бўлди. Унинг фикрича жамиятшунослик "ижтимоий фактлар" билан шуғулланиши керак. Бу дегани инсонларнинг қай тарзда ўз ҳаракатларини оқлаши, ҳис этиши, саъи-ҳаракатга бош уриши борасида жамиятда мавжуд бўлган қарашларни ўрганишдир. Унинг фикрича, бу ҳол инсонларнинг фикрлаши ва амалидан айридир.

Дейлик, тижорат қоидалари инсонларнинг у ёки бу нарсани пуллари ила сотиб олишидан мустақилдир. Ана шу "ижтимоий фактлар" алоҳида инсондан айри бўлиб, жамият аъзоларини чеклаш кучига эга. Масалан, қонун ҳукмронлигига бўйсунмаслик жазога олиб келади, е жамиятда мавжуд аҳлоқ қоидаларини бузиш шармандагарчиликка келтиради.

Эмил Дюркхайм жамиятда мавжуд шундай қоидаларнинг алохида инсонга таъсирини ўрганиб, жумладан суиқасд масаласини тушинтиришга уринган. Ҳар бир суиқасд ўзининг тарихига ва хослигига эга эса-да, жамиятда суиқасдларнинг ўртача статистик сони бир текисда қолади. Турли мамлакатлар орасида ҳам бунда мунтазам фарқ мавжуд. Статистик фактларни ўрганиб, Эмил Дюркхайм суиқасдлар сони жамиятнинг ҳар бир инсонни ижтимоий интеграция қилиш қобилияти ҳамда шахсий ҳаётни йўриқлаши билан узвий равишда боғлиқлигини кўрсатиб берди.

Жумладан, ижтимоий инқирозлар даврида, ё-да аксинча, жамият фаровонлашиб кетганида, жамиятнинг аҳлоқий кучлари заифлашиб, шахсий кайфиятлар назорати пасайиб, суиқасдалар сони ортиб кетади.

Дюркхайм назариясининг ўқи - ижтимоий созликдир. Унинг ўзи ғалвалар даврида, жамиятининг остин-устун бўлиб турган бир пайтда яшагани учун, қандай қилиб жамиятни бир нуқтага олиб келиш масаласи билан қизиқиб борди. Унинг қарашларига биноан, соддароқ жамиятларда ҳамкорлик - жамият аъзоларининг бир-бирига ўхшашлигига асосланган. Хўш, ихтисослашиш унда жамиятга хавфми? Аксинча, деган Дюркхайм, ишларда ихтисослашиш янги турдаги ҳамкорликни яратади, дейди у. Замонавий жамиятларда инсон баданнинг бир аъзоси кабидир, кими - қўл, кими - ақл ва ҳок.

Дюркхайм тадқиқотлари замонавий жамиятшуносликка улкан улуш қўшган. Улар кўпроқ топилган натижалари боис эмас, балки тўғри қўйилган саволлари ва бу саволларга жавоб қидириш ёндошувлари ила муҳимдир. Бу ёндошув айниқса уни умбрбод қизиқтирган бир саволда мужассам бўлиб қолган. Бу савол: Қандай қилиб борган сайин алоҳидалашган шахслардан яхлит жамият тузиш мумкин деган саволдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio