Афғон қизи тошбўрон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Зино учун тошбўрон қилиш Толибондан бери илк бора содир бўлди

Афғонистоннинг Ғор вилояти расмийларига кўра, 19 яшар Рухшона исмли қиз зино айби билан тошбўрон қилинган.

Тошбўрон жараёнини унда қатнашган эркаклар ёзиб олиб, интернетга юклаганлар.

Ярим дақиқали видеода елкасигача ерга кўмиб қўйилган қизни саллали эркаклар тошбўрон қилишгани тасвирланади.

Ёшгина қиз ўзига келиб тушаётган тошларга қарамасдан, ўлими олдидан тинмасдан Шаҳодат калимасини қайтаришга уринган.

Маҳаллий телеканалларга кўра, Ғор вилояти маркази Ферузкўҳдаги тошбўрон амали бир ҳафта олдин ижро этилган. Мазкур ҳудуд Толибон назорати остида.

Қизнинг оҳ-нолалари атрофни қоплашига қарамасдан, тош отган ва томошабин бўлиб турган эркаклар жараённи қўл телефонларида тасвирга туширишда давом этишган.

Маълум бўлишича, Рухшона ва унинг 23 яшар севгилисининг оила қуришларига қизнинг оиласи розилик бермаган.

Кейин икки ёш никоҳ ўқиб, турмуш қуриш ниятида уйдан қочиб кетишади.

Ғор расмийларига кўра, икковлонни гўё зино устида ушлаб олишгач, шариат маҳкамаси асосида жазо тайинланган.

Лекин йигитни фақат дарралаш билан кифояланишган.

Мулозимларнинг айтишича, Афғонистоннинг ўта мутаассиб қишлоқларида ҳам тошбўрон амали сўнгги йиллари учрамаган эди.

Аммо кўпчилик бу охиргиси бўлмаса керак, деган қўрқувда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ