Лондон-Остона:Ярим кунда 5 миллиард

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Қозоғистон ва Британия ўртасидаги иқтисодий ришталар мустаҳкамланмоқда

"Тушдан кейин ярим кунда 3 миллиард фунтлик (5 миллиард доллар) ишни қойиллатиш ёмон эмас" - деб эълон қилди Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашуви ортидан Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон.

Айни ҳазилнамо ҳақиқат Британия бош вазирининг Қозоғистон давлат раҳбари билан ўтган ўртадаги учрашувдан нақадар қониқиш ҳосил қилганини ҳам кўрсатади.

Келишилган 5 миллиард долларлик 40та шартнома нафақат нефть ва энергетика соҳаларини, балки кимёвий ишлаб чиқариш ҳамда фармацевтика саноатларидаги ҳамкорликни ҳам қамраб олган.

Қозоғистон нефтга қарамликдан қутулишга ва иқтисодни ранг-баранглаштиришга интилмоқда. Шундай экан, Остона ҳам айни сафар натижаларидан мамнун.

Жаноб Назарбоев ҳам имзоланган келишувлар ўз мамлакати ишлаб чиқариш қудратини оширишини урғулади.

Бу эса энди Қозоғистон ва Британия ўртасида борди-келди кучайишини ҳам англатади.

Шу боис, томонлар Остона ҳаво йўллари Қозоғистондан Лондонга ҳафтасига бешта тўғридан-тўғри парвозни амалга оширишига ҳам келишиб олишган.

Икки давлат ўртасидаги алоқалар шундоқ ҳам анча жипс бўлиб, ҳозир Қозоғистонда ярим мингга яқин ширкат фаолиятида Британия капитали ҳиссаси бор.

Британ ширкатлари Марказий Осиёнинг энг фаровон ва энг улкан иқтисоди бўлмиш Қозоғистонга 12 миллиард долларлик сармоя киритганлар.

Собиқ Бош вазир Тони Блейр Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевга кўп миллион долларлик мояна эвазига маслаҳатчилик ҳам қилади.

Хабарларга кўра, нефтга бой Қозоғистон раҳбари шарафига Қиролича Елизавета ҳам дастурхон ёзадиган.

Ёқилғи ё демократия?

Даунинг Стрит Бош вазир Девид Кэмерон учрашув пайти Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари масаласини ҳам кўтарганини айтмоқда.

Президент Назарбоев эса Қозоғистонда коррупцияга барҳам бериш, очиқ ва либерал бошқарувга эришиш ҳамда суд-адлия тизимида адолатни таъминлаш учун кенг қамровли ислоҳотларни кучайтираётганини билдирган.

Лекин Қозоғистон давлат раҳбарининг Британияга ташрифи ва бу қадар иззат-икром билан кутиб олингани айрим истеҳзою танқидларга ҳам сабаб бўлмоқда.

Хусусан, моддий манфаатлар инсон ҳуқуқларидан устун қўйилмоқда, деган даъволар янграётир.

Британиядаги қатор нашрлар нафақат Нурсултон Назарбоев ташрифини танқид қилишмоқда.

Балки ўтган ой Хитой президентининг шоҳона кутиб олингани ва Миср ҳарбий президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сисининг бошланаётган Лондон сафари ҳам қораланмоқда.

Танқидчиларга кўра, Буюк Британия иқтисодий манфаат эвазига бугун диктаторлар пойига поёндоз тушамоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ