Гўдак Умарали жасади Душанбега келтирилди

Октябр ойи ўрталарида Санкт-Петербургда шубҳали шароитда оламдан кўз юмган беш ойлик тожикистонлик Умарали Назаров жасади дафн учун Душанбега олиб келинди.

Умаралининг қўлбола тобутга солинган жасади онаси Зарина Юнусова ҳамроҳлигида олиб келинган.

Душанбе қўналғасида бўлган Би-би-си мухбирларига кўра, расмийлар жасадни текширувдан ўтказгунларига қадар онаси ва яқинлари 5 соат кутишга мажбур бўлганлар.

Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси маълумотларига кўра, октябр ойида Санкт-Петербург туманларидан биридаги федерал муҳожирлик хизмати ходимлари икки нафар Тожикистон фуқаросини муҳожирлик қонунини бузишда айблаб ушлаган. Далер Назаров ва Зарина Юнусова исмли икки фуқаро ҳамда уларнинг беш ойлик ёш боласи маҳаллий полиция бўлимига олиб борилган.

Полиция бўлимида онадан гўдакни тортиб олишган. Заринанинг айтишича, унинг болани бувисига топширинглар деган илтимосига полициячилар қулоқ солмаган.

Беш соатдан кейин Тожикистон фуқароларини Россия ҳудудидан чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор чиқарилган. Шундан сўнг она ўз боласини олиш учун полиция бўлимига келган. Лекин унга боласини кўрсатишмаган ва қаерда эканлигини айтишмаган. Эртаси куни тожикистонлик аёлга ёш боласининг ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар беришган.

Дастлабки суриштирувларга кўра, полиция болани Санкт-Петербургдаги ота-оналар қаровисиз қолган болалар учун мўлжалланган марказга олиб келишган. Беш ойлик бола Умарали Назаровнинг ўлимига унинг беморлиги сабаб бўлганлиги айтилмоқда. Лекин Зарина Юнусова боласининг соппа-соғ бўлганлигини айтган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозир Россияда ишлаётган тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг сони бир миллион икки юз минг нафардан ортган. Гарчи кейинги йилларда Россиядаги иқтисодий инқироз туфайли меҳнат ҳақи камайган бўлса-да, Тожикистондан тирикчилик важида олис юртга кетаётганлар сони камайган эмас.

Баъзи рақамларга кўра, ўтган йили Тожикистонга Россиядан 870 тага яқин тобут келган. Жорий йилнинг биринчи ярмида эса Россияда 430 нафардан ортиқ тожикистонлик жон таслим қилган.

Кузатувчиларга кўра, бу ўлимларнинг сабаби бир хил эмас.

Лекин полиция зўравонлиги, тақирбош миллатчилар ҳужуми, иш берувчи томонидан зарур меҳнат шароитлари яратилмагани боис юз бераётган ўлимлар ҳам оз эмас. Бу ўлимлар сабаби кўпинча аниқланмасдан, айбдорлар тегишли жазога тортилмасдан қолади.

Расмийлар назорати остида бўлган вақти беш ойлик гўдакнинг оламдан ўтгани матбуот ва ижтимоий тармоқларда кўплаб саволларни туғдирмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio