Тожикистонга қўшни Юмгон толиблар қўлида

Фото муаллифлик ҳуқуқи MoD

Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош шимолий-шарқий Бадахшон вилоятидан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, Юмгон тумани яна тўлиғича жангарилар қўлига ўтган.

Сўнгги янгиликни ҳам Бадахшон вилояти масъуллари ва ҳам Афғонистон Ички ишлар вазирлиги расман тасдиқлашган.

Сафларида хорижий жангарилар ҳам борлиги айтилаётган ўнлаб толиблар шу ҳафта сешанба куни яна Юмгонни нишонга олишган ва ўшандан буён туманда қақшатқич жангларнинг бораётгани айтиларди.

Юмгон Бадахшоннинг қўшни Тожикистонга бевосита чегарадош туманларидан бири саналади.

Туман 20.000 сондаги аҳолисининг аксариятини шиа мазҳабига мансуб исмоилийлар ташкил қилишади.

Жанглар қақшатқич тус оларкан, афғонистонлик масъуллар кеча чоршанба кунининг ўзида Юмгонга қўшимча мадад кучлари юборишга мажбур бўлишганди.

Аммо туманга юборилган ҳарбий дастакнинг қандай шаклда эканини очиқлашмаганди.

Сўнгги хабарларга аён бўлишича, Юмгондаги жангариларга қарши қирувчи тикучарлар ҳам жалб этилган ва аллақачон ҳаво ҳужумлари ҳам бошлаб юборилган.

Афғонистонлик масъулларнинг айтишларича, ҳаво ҳужумлари чоғида ўндан ортиқ жангари ҳам ўлдирилган ва улардан аксарияти хорижликлардир.

Аммо масъуллар шу пайтгача Юмгонда толиблар билан бир сафда жанг қилаётган хорижий жангариларнинг кимликлари ёки қай бир исёнчи гуруҳга мансубликлари борасида аниқ маълумот беришмаган.

Шу йил июл ойида ҳам катта сондаги хорижий жангарилар бошчилик қилган қарийб бир ҳафталик қақшатқич жанглар ортидан толиблар Юмгон туманини босиб олишганди.

Ўшанда Бадахшон масъуллари хорижий жангариларни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларига нисбат беришганди.

Сўнгги ойларда Бадахшонда айнан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг ҳам анчайин фаоллашишгани кузатилади.

Эслатиб ўтиш жоиз, ҳаракат ўтган йил сентябр ойида Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳига тўлиғича расман байъат келтирган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати лидери Усмон Ғозий эса, яқинда эълон қилган баёнотида ўзларининг Покистондан Афғонистонга тўлиқ ортга қайтганликларини билдирганди.

Усмон Ғозий ўзининг эса, сўнгги ойларда Афғонистоннинг Покистон билан бевосита чегарадош жанубий Зобул вилоятида экани ишонилади.

Минтақадаги мухбиримизнинг маҳаллий қавм оқсоқолларидан бирининг сўзларига таяниб айтишича, Усмон Ғозий Зобулдаги мингга яқин аксарияти марказий осиёлик мингга яқин жангарилар оилаларига бошчилик қилмоқда.

Мухбиримиз Маъмун Дурроний, шунга қарамай, Афғонистоннинг қаерида бўлишмасин, бу жангарилар доимо бир-бирлари билан алоқада эканликларини таъкидлайди.

Ҳам тоғли ва ҳам Тожикистон, Покистону Хитойга бевосита чегарадош экани боис, Бадахшон жангарилар учун ҳам стратегик жиҳатдан муҳим минтақа ҳисобланади.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, Толибон ҳаракатининг қадами Афғонистонда қудратда бўлган 90-йиллар охири ва 2000-йиллар бошларида ҳам Бадахшонга бу қадар етмаган.

Худди шу боис ҳам, минтақавий таҳлилчиларга кўра, Юмгондаги сўнгги ютуғи толиблар ва иттифоқчилари учун стратегик жиҳатдан муҳим. Ҳамда уларга янги жанг жабҳасида ўз мавқеъларини мустаҳкамлаб олишга кўмак беради.

Юмгондаги жанглар

Хабарларга кўра, Юмгондаги ҳаво ҳужумлари учун қирувчи тикучарлар жалб этилган, туманни қайтариб олиш учун қуруқликдан йўлга қўйилиши режаланаётган махсус ҳарбий амалиётларга сўнгги ҳозирликлар бораётгани айтилмоқда.

Афғонистон Толибон ҳаракати Юмгонни кеча чоршанба куни босиб олганини баён қилган, буни маҳаллий аҳоли Би-би-си билан суҳбатида ҳам айтган, аммо афғон масъуллари бу каби хабарларни инкор қилишганди.

Улар Юмгонда ҳануз қақшатқич жангларнинг бораётгани, туман аниқ бир томоннинг назорати остида дейиш хато бўлишини таъкидлашганди.

Юмгондан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, жорий пайтда туман маркази буткул жангарилар назорати остида.

Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбатлашишга муваффақ бўлган айрим бадахшонликларнинг айтишларича, Юмгон билан телефон алоқасига жиддий зиён етган, тумандагилар билан боғланиш деярли имконсиз бўлиб қолмоқда.

Худди шу боис ҳам, давомий қақшатқич жанглар туман ҳаётини қанчалик жиддий издан чиқаргани аниқ маълум эмас.

Аммо, маҳаллий масъулларга кўра, жанглар тинч фуқаро орасида қурбонларга сабаб бўлмаган.

Афғонистонлик ҳарбийлар кеча чоршанба куни Юмгондаги жанглар сабаб, бир аскарларини бой беришгани ва яна бир нафарининг тан жароҳати олганини айтишган.

Бугун пайшанба куни ўндан ортиқ жангарининг ҳалок этилганини маълум қилишаркан, ўзларининг сафларидаги йўқотишларга оид янги тафсилотларга тўхталишмаган.

Сўнгги бир неча ойнинг ўзида Афғонистоннинг айрим Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош қатор шимолий ва шимолий-шарқий туманлари бир неча бор жангариларнинг қўлларига ўтган, афғон ҳукуматининг уларни яна қайта ўз назорати остига олиши эса, осон бўлмаганди.

Афғонистон шимоли-шарқида вужудга келаётган бу каби вазиятдан Марказий Осиё давлатлари қолиб, Россия ва Хитой қадар жиддий хавотирда.

Улар катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг ортга сафарбарлиги ва Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳининг қанчалик қисқа фурсат ичида минтақада фаоллашганини назарда тутиб, шундоқ биқинларидаги Афғонистоннинг иккинчи Ироққа айланишидан жиддий хавотирдалар.

Афғонистон солиши мумкин бўлган таҳдид қаршисида барча Марказий Осиё давлатлари сўнгги йилларда жиддий хавфсизлик чораларига қўл уришган, чегараларини янада мустаҳкамлаш ҳаракатига тушиб қолишган, мавжуд вазият охирги ойлардаги барча йирик йиғинларининг кун тартибидаги асосий мавзулардан бирига ҳам айланган.

Дунёнинг иккита ҳарбий ва иқтисодий қудратидан биттаси бўлган Хитой эса, афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга бел боғлаган янги дипломатик воситачи сифатида ўртага чиққан.

Бунинг учун бутун минтақа бўйлаб бир неча миллиард долларлик иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга ҳам тайёр эканини баён қилганди.

Аммо, энг сўнггида таъкидлаш жоиз, Ғарбнинг қудратли давлатларидан тортиб, барча бефарқ бўлмаган томонларнинг узоқ йиллик афғон можаросига на-да ҳарбий ва на-да сиёсий йўлда ечим топиш уринишлари самара бермаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ