Ҳукумат отинойидан ҳам қўрқадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Полшалик тадқиқотчи Анна Теслевская

Би-би-си Жаҳон Хизмати аёлларга бағишланган махсус дастурлар -"100 аёл" мавсумини давом эттирмоқда.

"Аёл билан мунаввар олам" деб номлаган BBCUZBEK дастурлари хотин-қизлар, жумладан бугунги ўзбек жамиятида аёлнинг ўрни, она, ҳамшира, ўқитувчи, пахтакор ва олима бўлган ўзбек аёлининг ютуқлари, улар дуч келаётган хавф-хатар ва муаммолар ёритилмоқда .

Полшалик олима Анна Теслевская “Аёллар ва Ислом дини” аниқроғи Марказий Осиё жамиятида отинларнинг роли борасида илмий иш олиб бормоқда.

У тўққиз йил давомида минтақа мамлакатларига сафар қилиб, аёллар ва қашшоқлик билан боғлиқ турли ижтимоий муаммоларни тадқиқ қилган.

Яқинда у Тожикистон ва Қирғизистон бўйлаб сафари чоғида ижтимоий лойиҳанинг бир қисми бўлган маҳаллаларда отинойилар орасида ёш болаларни тарбиялашга оид ўқув-машқлар ўтказган.

Қатор отинойилар билан мулоқотда бўлган Анна Теслевскаянинг хулоса чиқаришича, отинлар таъсирида бўлган аёл ўз оиласини ҳам “ислоҳ” қилиши мумкин.

Анна Теслевская: Сўнгги пайтларда Тожикистон маҳаллаларида отинойиларнинг Ислом динини расман ўқитишлари ман қилинган. Қирғизистонда эса бундай амаллар ҳамон давом этмоқда. Қирғизистоннинг Аравон ҳудудида расмий ёки ярим расмий бўлган ҳужралар мавжуд, у ерларда аёллар Ислом динини ўрганишлари мумкин. Одатда отинлар нафақат дин қоидаларини ўргатиш билан шуғулланадилар, улар турли маросимларни ташкил этиб, иштирок этадилар. Сентябр ойида Тожикистон ҳукумати Ислом Уйғониш партиясини тақиқлаб қўйгани туфайли, худди Совет Иттифоқида бўлгани каби, тожик маҳаллаларида динни тарғиб қилувчиларнинг ҳаракатлари анчайин чекланган. Шогирдларнинг рақамлари жуда камайган. Илгари очиқ таълим берган отинойилар бугунги кунда фақат ишонган яқинларини ўқитишади. Мисол учун, ўтмишда 400 шогирди бўлган бир отиннинг менга айтишича, ҳавфсизлик хизмати назорат кучайтиргани туфайли, у норасмий тарзда бор-йўғи бир неча одамни ўқитади, холос.

Image caption Мушкул Кушод маросими, Хужанд, Тожикистон

Би-би-си: Улар бундай тақиқларни қандай қабул қилишган? Эҳтимол, улар аёл сифатида ишлаш ҳуқуқидан айрилган бўлиб, даромадни ҳам йўқотгандирлар. Улар сиз билан мулоқотда ўз муносабатини билдиришганми?

Анна Теслевская: Албатта, улар бундан норози. Ҳукуматни қўллаб қуватламаётган одамлар эса мутлақ мазкур чораларга қарши.Бироқ, отинлар орасида айримлар борки, уларни ҳукумат ўз назорати остида ушлаб туришга ҳаракат қилади. Тожик ҳукумати хозирда аёллар орасида расмий диний лидерларни яратмоқчи. Бу аёллар, яъни ҳукумат дастаги билан ишлаётган отинлар билан мулоқот қилиш имкони деярли йўқ. Расмийлар диний ўқитиш жараёнини тартибга солиш ҳаракатида... Норасмий ўқитиш эса умуман ман этилган. Бироқ, отинларнинг урф-одатларни, маросимларни ташкиллаштириш каби бошқа фаолиятлари ҳам бор. Уларнинг маҳаллаларда тўй, дафн ва Рамазон, ҳамда Мушкул Кушод, Биби Сешанба каби турли маросимларда иштироки ҳам тақиқланган. Мисол учун, октябрда Тожикистонга сафар қилганимда, мен шиаларнинг Ашура маросимида қатнашмоқчи бўлдим, лекин афсуски, ниятимга эриша олмадим, чунки менга бу маросимни ҳам ҳукумат тақиқлаган, деб айтишди.

Би-би-си: Сиз Тожикистондан Қирғизистонга сафар қилгансиз, у ердаги отинлар билан ҳам учрашгансиз. Шу икки ҳудуднинг отинлари бир биридан фарқ қилишадими?

Анна Теслевская: Ҳа, фарқлар мавжуд. Масалан, Тожикистонда уларнинг фаолияти деярли бутунлай тақиқлангани учун яширин йўлга ўтишган. Аравон ёда Ўшда эса, ҳар доимгидек, нормал тарзда отинлар ўз фаолиятини юргизишга қодирлар. Яъни, урф-одатлар ва маросимларни бемалол бошқара оладилар. Бироқ, улар ҳам босим остига олинмоқдалар. Бу босим ҳукумат томонидан эмас, балки кўпроқ маҳаллий аҳолидан. Хусусан, Аравонда янги, анчайин ақидапараст ислом таъсири кучайгани учун, анъанавий отинлар қаттиқ танқидга учрамоқдалар. Мушкул Кушод, Биби Сешанба ва бошқа удумларни йиллаб бошқариб келган отинлар энди бу маросимларни айнан ўша, кескинроқ диндорлар таъсирида камайтиришга мажбур бўлишган.

Image caption Хатми Қуръон, Аравон, Жанубий Қирғизистон

Би-би-си: Ўзбекистон отинлари билан учрашганмисиз, улар ҳақида нима дея оласиз?

Анна Теслевская: Масалан, мен Нақшбандий мажмуасида шиа отинларидан бири билан суҳбатлашдим. У ўзи аслан Бухоро эронийларидан бўлган. У уйида Мушкул Кушод маросимини қандай олиб борганини менга гапириб берган. Мен у маросимда қатнашганим йўқ. Ўзбекистонда мен тадқиқот ишларимни олиб бора олмадим. Чунки у ерга мен фақат сайёҳ сифатида борганман. Ўша отин аёл билан мен Нақшбандий мозорини зиёрат қилганимда суҳбатлашдим, холос.

Би-би-си: Сизнинг назарингизда, отинойилар хоҳ Тожикистонда бўлсин, хоҳ Ўзбекистонда қанчалар обрўга эга? Улар таъсир ўтказишга қодирмилар?

Анна Теслевская: Худди шундай, сўзсиз ўзбек ёки тожик ёда қирғиз маҳалласида отинойилар диний таъсир доирасига эга. Бироқ улар ҳам ҳар хил, ҳаммалари ҳам кучли шахсиятга эга деб айтиш қийин. Агар отин катта обрўга эга бўлса, унинг таъсири ҳам катта. Улар орасида иерархия тушунчаси мавжуд. Баъзилари қудратга эга бўлиб, уларнинг ёнларида ёрдамчилари ҳам бор. Ва бундай отинлар аёлларга кучли таъсир ўтказишга қодир.

Би-би-си: Нима учун минтақадаги айрим ҳукуматлар айнан отинларни нишонга олган? Нима учун уларнинг ҳаракатларини четлатмоқчи? Мулозимларнинг аёл диний раҳбарлардан қўрқишлари остида қандай сабаб бор?

Анна Теслевская: Авваламбор, биз шуни тан олишимиз керакки, ҳар бир аёл диний раҳбарда ўз жамоаси ва тарафдорлари бор. Худди имом каби отин ҳам диний жамоада ўзига хос обрўга эга. Ҳукумат отинларни айнан аёлларнинг диний раҳбарлари сифатида кўрмоқда. Отинларнинг аёлларга бўлган таъсири жуда кучли ва табиийки, аёллар ўз болаларига, ўз оиласига ва хаттоки ўз эрларига ўша олган билимларини тарғиб эта олишга қодирлар. Умуман, ҳаётда ким кимнинг таъсирига тушганини айтиш қийин бўлса керак, бироқ, аёлларнинг роли эркакларникидан кўра кучлироқ. Чунки эркаклар одатда иш билан банд бўлиб, диний билимларни ўрганишга вақтлари йўқ. Аёллар эса уй бекалари ва хусусан, уй ишларини келинларига топширган ўрта ёшдаги аёлллар кўпроқ бўш вақтга эга. Улар тўгаракларда қатнашишга вақт топиб, кейин отинлардан олган билимларини оилада ҳам қўллашлари мумкин. Яъни, отин таъсирида бўлган аёл ўз эрини ҳам қайсидир маънода “ислоҳ” қилиши мумкин. Ҳукумат буни жуда яхши билади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio