Таниқли имом Рашод Камолов 10 йилга қамалди

Қирғизистонлик асли ўзбек таниқли имом Рашод Камолов 10 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Диний адоватни қўзғаш, тақиқланган маълумотларни сақлаш ва ўз лавозимини суистеъмол қилиб уларни тарқатишда айбдор деб топилган имом ўзининг сиёсий буйруқ қурбони бўлганини айтмоқда.

24 ноябрда Ўш вилоят судида қорасувлик имом Рашод Камолов устидан бўлиб ўтган суд жараёни якунига етди. Унда давлат қораловчиси Гулнора Эркинбоева судланувчини Қирғизистон жиноят кодексининг 299-моддаси ва 299-модданинг 2-банди билан айбдор деб топиб 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этишни суд ҳакамларидан сўради.

"Мен сизлардан Рашод Камоловни "диний адоватни қўзғаш", ҳамда "тақиқлаган маълумотларни сақлаш ва уларни ўз лавозимини суистеьмол қилган ҳолда тарқатганликда айбдор деб топиб, умумий 9 йиллик қамоқ жазосини кучайтирилган тартиб қамоқхонасида ўташини тайинлашингизни сўрайман", - деди прокурор Эркинбоева.

Суд жараёнини олиб бораётган ҳакамлар судланувчи Рашод Камоловга ўз фикрини айтиш учун сўнги сўзни берди.

"Ҳурматли суд ҳакамлари, бир йил аввал шу вилоят судида мени ўлдирмоқчи бўлиб Ўзбекистондан келган киллерни судлаб, унга ўн етти йиллик қамоқ жазосини тайинлагансизлар. Лекин, у инсон яқинда тушунарсиз вазиятда қамоқдан бўшатилиб, Ўзбекистонга ўтиб кетибди. Мен эса бу ерда ўтирибман. Одамларга ҳақиқатни тушунтираман деб бугун қамоқдаман. Барча айтилган маълумотларни инобатга олган ҳолда мени оқлашингизларни илтимос қиламан" - дея мурожаат қилди Рашод Камолов.

Имомнинг адвокатлари ҳам айбланувчи айбсиз эканлигини, унга нисбатан жиноий иш мужмал қарорлар асосида қўзғатилганига урғу бериб ўтдилар.

"Рашод Камоловнинг маърузаларини экспертиза қилган Давлат дин ишлари бўйича қўмита ходими бу соҳага умуман алоқаси йўқ инсон эканлиги бўйича биз етарлича маълумот ва далиллар тўплаганмиз. Қолаверса, суд имомнинг уйидан топилган дискни, жорий йил бошида Ўшда қўлга олинган америкалик журналист Умар Фаррух иши буйича таъқиқланганмаган деб топган. Ва на туман суди ва на терговчи ёки прокурорлар Камоловни қай бир дин билан адоватни қўзғаганлигини айта олаяптилар. Шуларнинг барчасини инобатга олган холда Рашод Камоловни тўлиқ оқлашингизни сўраймиз", - деди адвокат Ҳусанбой Солиев.

Томонлар фикрини эшитганидан сўнг, суд ҳакамлари муҳокама хонасига чиқиб кетдилар ва 10 дақиқадан сўнг суд залига кириб ҳукмни ўқидилар.

"Судланувчи Рашод Камолов Қирғиз Республикасининг 299-моддаси ва 299-моддасининг 2-банди билан айбдор деб топилсин ва умумий 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилсин. Жазо кучайтирилган тартиб қамоқхонасида ўталсин", - деди суд ҳаками.

Ҳукмдан норози бўлган Рашод Камоловнинг адовакатлари апелляция аризаси билан Олий судга мурожаат қилиш ниятида эканликларини айтишди.

Ўш вилоятига қарашли Қорасув шаҳрида жойлашган "Ас-сарахсий" масжиди имоми Рашод Камолов жорий йилнинг февралида экстремизмда гумонланиб қўлга олинганди.

Узоқ давом этган суд жараёнларидан сўнг, 7 октябрида Қорасув туман суди Камоловни 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio