Тожикистонда мақбул ва номақбул исмлар рўйхати эълон қилинадими?

Image caption Миллий қадрият байроқми, исмми ва ё илм?

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси «Фуқаролик ҳолатини қайд этиш давлат акти» қонунига ўзгартиришлар устида иш бошлаган.

Бу ўзгартиришлар асосан янги туғилган тожикистонлик чақалоқларга ота-оналари томонидан «миллий қадриятларга ёт исмларни бериш»нинг олдини олишга қаратилар экан.

Бу ҳақда хабар берган Тожикистон интернет нашрлари, парламент сўзчиси Муҳаммадато Султоновнинг айтганларига таянишган.

Унинг сўзларига кўра, ота-оналарга ўз фарзандларини тожик ҳалқининг миллий маданияти меъёрларига мос номлаш тавсия қилинади.

Айрим кузатувчиларга кўра, айни қонунга ўзгартиришларни тожикистонликлар орасида кенг тарқалган араб ва турк аслли исмлардан воз кечишга уриниш деб таърифлашмоқда.

АЗИЯ Плюс нашрининг ёзишича, парламентдаги манба, айни ўзгаришлар бўйича мунозаралар энди бошлангани баҳонаси билан бошқа тафсилотларни ошкор этмаган.

«Парламентнинг бошқа иши йўқми?»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption "Фарзандларингизни "Шоҳнама" қаҳрамонлари билан номланг..."

Би-би-си суҳбатда бўлган аксарият тожикистонликлар парламентнинг бу ташаббус билан мавжуд қонун устида ишлашига шундай савол билан муносабат қилишган.

«Фарзандингизни Имомали деб номлайсизми, Маҳмадсаидми ва ёки Тешавойми бу миллатнинг тараққиёти учун фарқи йўқ. Бу фарзанд миллатнинг ҳақиқий ўғли ёки қизи бўлиб етишиши учун, ҳукуматдагилар, парламентдагилар шунга яраша иш қилиши, ўрнак бўлиши керак. Қаерга борманг порахўрликка дуч келсангиз, электр энергиясини кеч соат тўққиздан ўчириб қўйсангиз, мактаблар иситилмаса, касалхоналарга кириб бўлмаса, миллионлаб ота-оналар иш тополмай Россияда юрса…келажак авлоддан нима кутасиз? Номини амал-тақал қилиб тожикча қўйдирсангиз, олам гулистон бўлмайди», деб ёзғиради тожикистонлик кекса ўқитувчилардан бири.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2011 йилда ҳам айни масалани кўтарган эди.

Ўз чиқишларидан бирида, Тожикистон раҳбари ота-оналарга минг йиллик тарихга эга қадим "Шоҳнома" каби асарлардан фарзандларига исм излашлари маъқулроқ эканини ҳам маслаҳат берган эди.

"Азиз ота-оналар, агар сиз "Шоҳнома" ёки форс тилида битилган бошқа мумтоз асарларни варақласангиз, фарзандингизга мос, яхши ва гўзал исмларни топасиз," дея уқтирган эди жаноб Раҳмон.

Эмомали Раҳмон бундан аввал мамлакат зиёлиларини тарихий жой ва ёдгорликларнинг ҳам имкон қадар форсча ва қадим номларини қайта тиклашга чорлаганди.

Тожикистондаги бир неча жой ва туманлар номи унинг кўрсатмаси билан «тожикчалаштирилган» эди.

Эмомали Раҳмон ўз исмидаги «ов» қўшимчасидан ҳам воз кечган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ