Орқатоғнинг қўшиғи Гиннесга кирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption "Олға, фақат олға" ашуласи улкан ўтовда ижро этилди.

Жарроҳ, чавандоз, бастакор, диджей ва хонанда...

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ёки Орқатоғ (Аркадаг) жанобларининг истеъдодлари узун рўйхатга жо бўлади.

Ўз шахсига сиғинишни кучайтириб, марҳум Туркманбошини секин-аста сиқиб чиқараётган Орқатоғ, ниҳоят, Гиннеснинг рекордлар китобига ҳам киришга улгурди.

У ёзган "Олға, фақат олға" ашуласи 4 минг киши иштирокида жўр бўлиб куйларкан, энг кўп ашулачи баравар айтган қўшиқ сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.

Ашула улкан туркман ўтови шаклида тикланган концерт залида ижро этилган.

Бу - Туркманистон давлат раҳбарини олқишлаш йўлидаги омммавий тадбирларнинг охиргиси. Ҳозирча.

Аслида октябрнинг 27 куни, яъни Туркманистон мустақиллиги айёмида куйланган ашула инсонларда ватанпарварлик кайфиятларини кучайтиришни мақсад қилган.

Бироқ иштирокчилар қўлларида президентнинг суратларини кўтариб олганлар.

Ёмғирдан қутулиб дўлга...

Туркманбоши шахсига сиғиниш ўз даврида мисли кўрилмаган чўққиларга чиққанди. Аммо энди Президент Бердимуҳаммедов мамлакат ва халқни ўз шахсига сиғинтириш йўлида улкан ҳаракатларни бошлаб юборган.

Ашхободдаги улкан қоя устида ўзига олтин билан ҳалланган ҳайкал ўрнатди.

От пойгаларида ҳам доимо ғалаба қозонади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Орқатоғ мамлакат ва халқни ўз шахсига сиғинтирмоқда.

Бир неча йил олдинги пойгада йиқилиб тушганини айтмаса, Туркманистон президенти ҳар бир истеъдодини "аъло даражада" намойиш этиб келади.

Асли тиш доктори бўлса ҳам, телекамера ўнггида саратонга чалинган бемор устида жарроҳлик амалиёти ўтказди.

2006 йили марҳум Туркманбоши ўрнига келган Орқатоғ 3 йил олдинги сайловда 97% овоз билан иккинчи муҳлатга сайланган.

Туркманбоши интернетни қарийб тақиқлаган, цирк ва балетни маън этган ва ўрта таълимни чеклаб, ҳатто ой номларини ўз қариндошлари оти билан атаганди.

Шу боис янги президент Туркманистонни дунёга бироз очади, деган умидлар катта эди.

Тўғри, жаноб Бердимуҳаммедов марҳум Туркманбоши ўз қариндошлари номи билан атаган ой номларини яна қайта тиклади, бошланғич таълимдаги чекловларни олиб ташлади, тақиқланган айрим санъат турларига изн берди.

Аммо Туркманистон ҳамон дунёдаги энг ёпиқ ва зулмкор давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Одамларнинг хорижга чиқиши қаттиқ назоратга олинган, яккам-дуккам очилган интернет кафеларига фақат паспорт билан кириш мумкин.

Ҳукуматни танқид қилиш мумкин эмас. Мухолифат вакиллари, журналист ва фаоллар ҳамон қамоқда ёки муҳожиратда қолмоқда.

Мамлакатга бориб келган сайёҳларга кўра, миллий озчиликлар ҳам фақат туркман либосларини кийишлари шарт.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ