Марказий Осиё: Сув ва энергия бошоғриғи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Музликлар хавф остида

Париждаги иқлим ўзгариши бўйича олиймақом учрашувларда қатнашган Тожикистон ва Қирғизистон президентлари минтақадаги музликларни “мисли кўрилмаган шиддат билан эриб бораётганидан” ташвиш билдиришган.

Қирғизистон президенти Атамбаевга кўра, яна ўн йилдан кейин мамлакатдаги мавжуд музликлар 40 фоизга қадар эриб битиши мумкин.

Музликлар минтақадаги ичимлик сувининг асоси экани назарда тутилса, бу жиддий хавотирларни уйғотадиган рақамдир.

Қирғизистон президентининг айтишича, аср охирига келиб мамлакатдаги барча музликлар эриб битиши ва харитадан йўқолиши мумкин.

Иқлим ўзгаришига доир БМТ йиғинида сўз олган Тожикистон президенти ҳам айни масалага батафсил тўхталган.

Ҳудудининг тўқсон фоиздан ортиқроғи тоғу тошлардан иборат Тожикистон ҳиссасига, мутахассисларга кўра, Марказий Осиёдаги сув заҳиралари асоси бўлган музликларнинг ярмидан кўпроғи тўғри келади.

“Емаган сомсага пул тўлаш”

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Тожикистон ва Қирғизистонда бунақаси йўқ

Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Тожикистон ва Қирғизистоннинг иссиқхона газлари чиқаришдаги ҳиссалари дунёнинг бошқа давлатлари, айниқса саноати ривожланган мамлакатларига нисбатан ўта оздир.

Шунга қарамай, иқлим ўзгариши минтақага аллақачон таъсирини ўтказишни бошлаган.

Париждаги йиғинда нутқ сўзлаган ҳар икки раҳбар ҳам ўз давлатлари, таъбир жоиз бўлса,“емаган сомсага пул тўлаш” га мажбур бўлаётганларини айтишган.

Эмомали Раҳмонга кўра, биргина сув билан боғлиқ табиий офатлар туфайли мамлакат иқтисоди шу йил ёзда юз миллионлаб зарар кўрган. Тошқинлар оқибатида аҳоли орасида қурбонлар бўлган, аксарият бошпана ва чорвасидан ажраган.

Қирғизистонлик иқлимшунос олима Динара Кутмановага кўра, Марказий Осиёдаги музликлар ҳақиқатда ҳам жиддий хавф остидадир.

“Глобал иқлим илиши техноген таъсирлар, иссиқхона эффектини ҳосил қиладиган газлар табиийки музликлар эришига ҳисса қўшмоқда. Турфа тахминлар ўртага отилмоқда музликларнинг келажаги ҳақида...Аммо энг аввалида иқлим ўзгаришига ҳисса қўшадиган омиллар бартараф этилмас экан, вазият ўзгаришига умид йўқ”, дейди қирғизистонлик олима.

Музликлар эриши ва электр энергиясига талаб

Image caption Қамбарота ва Роғун иншоотлари қурилса нима бўлади?

Марказий Осиё аҳолисининг йил сайин ўсиб бораётгани ичимлик суви ва энергияга талабни ҳам кучайтирмоқда.

Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарияти айни пайтда гидроэлектр иншоотларини ўз мамлакати фаровонлиги, аммо айрим мутахассисларга кўра, иқтисодий мушкулликларга барҳам бериш гарови сифатида кўрмоқда.

Президент Эмомали Раҳмоннинг айтишича, гидроэлектр иншоотларни қуриш табиий офатлар, хусусан тошқинларнинг олдини олади.

“...шундан келиб чиқиб ҳам, бизнинг мамлакатимиз гидроэлектр энергия саноатини ривожлантиришни устивор масала деб билади”, деб айтган у.

Минтақанинг аҳолиси жиҳатидан энг йирик давлати Ўзбекистон эса бу каби иншоотлар қурилишига қарши эканини урғулаб келади.

Иқлимшунос олима Динора Кутманованинг айтишича, музликларнинг эриши бу каби минтақавий муаммоларни яна ҳам урчитиб юбориши мумкин.

“Ўзи бизда оила даражасида ҳам, давлат ва ё минтақа миқёсида ҳам сувдан оқилона, тежамкорона фойдаланиш маданияти йўқ. Энди музликлар эриши муаммони яна ҳам чигаллаштиради. Ичимлик суви тақчиллашиб боради. Бу эса сувга нисбатан минтақа давлатларининг сиёсати ўзгариши муҳим эканини кўрсатади”, дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype – bbcuzbekradio