Қозоғистон 20 минглик тангани муомалага чиқарди

Фото муаллифлик ҳуқуқи news.kz

Қозоғистон Миллий Банки 20 минг тангалик банкнотларни муомалага чиқаришни бошлаган.

Миллий Банк матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, 1 декабр куни муомалага чиқарилган 20 минг тангалик банкнотлар хали 2013 йилдаёқ ишлаб чиқилганди.

Миллий Банк раиси Данияр Акишевнинг айтишича, номинал қиймати 20 минг танга бўлган (65 АҚШ доллари-таҳр.) банкнотларни муомалага киритиш масаласи 2013 йилдан буён муҳокама қилиб келинган.

"Қозоғистон Республикаси Миллий Банки томонидан янги пул белгиларини чиқариш қарори нақд пул муомаласи талабларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади", - деб айтган Миллий Банк раиси.

Айни пайтда Миллий Банк расмийлари 25 минг ва 30 минглик банкнотларнинг ҳам тез орада муомалага чиқарилиши ҳақида интернетда пайдо бўлган хабарларни рад этишган.

Қозоқ тангаси сўнгги ойларда сезиларли даражада қадрсизланган.

Август ойида Қозоғистон ҳукумати тангани дастаклашдан воз кечган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи news.kz

Натижада бир кунда қозоқ тангаси 25 фоизга қадрсизланган.

2015 йилда Ақш долларининг ўртача қиймати 185 тангадан 220 тангага кўтарилган.

Бюджет қисқарди

Душанба куни Президент Назарбоев танганинг девальвациясидан сўнг Қозоғистон ўз валютасини Миллий жамғарма маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватлашни тўхтатишини айтган.

Жаноб Назарбоев 2016 йилда шунингдек, пенсия ва нафақа жамғармаларини Қозоғистоннинг ўзидаги хусусий ёки хорижий ширкатлар бошқарувига ўтказилишини маълум қилган.

Айни пайтда Қозоғистоннинг 2016-2017 йилларга мўлжалланган давлат бюджети қайта кўриб чиқилган.

Бунга жаҳон бозорида мамлакатнинг асосий экспорт маҳсулоти бўлган нефт нархларининг тушиб кетиши сабаб бўлган.

Иқтисодиёт вазири ўринбосари Марат Кусаиновнинг айтишича, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида Қозоғистондаги иқтисодий ўсиш суръати 1 фоизга секинлашган.

2015 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг реал ўсиши аввал башорат қилинганидек 1.5 фоиз эмас, балки 1.2 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Нефт нархлари билан бир қаторда Қозоғистоннинг асосий савдо шериги бўлган Россиядаги иқтисодий секинлашиш ва рубл қурбининг кескин тушиб кетиши Қозоғистондаги иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатган омиллар сифатида кўрилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio