Россия ва Ўзбекистон сиёсий маслаҳатлашув ўтказади

Фото муаллифлик ҳуқуқи plus8db.com
Image caption Карасинга ташриф чоғида Россия ҳарбийлари ҳамроҳлик қилади

Григорий Карасин бошчилигидаги ҳайъат 3 декабрь куни ўзбек томони билан минтақавий хавфсизлик ва икки томонлама алоқаларни муҳокама этиши кутилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар тарқатган.

Россия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, статс-секретарь Григорий Карасинга Тошкентга сафари чоғида Россиянинг ҳарбий ва хавфсизлик идоралари мулозимлари ҳамроҳлик қилиши билдирилган.

Ташриф Ўзбекистонда диний экстремизм, хусусан, "Исломий давлат" таҳдидидан хавотирлар кучайган пайтга тўғри келмоқда.

Сўнгги пайтларда ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари пойтахт Тошкентда диний экстремизмда гумон қилинган ўнлаб шахсларни ҳибсга олган.

Шунингдек, пойтахтдаги жамоат жойлари ва хонадонларда текширишларнинг кучайгани хабар қилинади.

Ўтган ой Россия ва Ўзбекистон ўртасида "Иттифоқчилик тўғрисида"ги шартноманинг имзоланганига 10 йил тўлган.

Президент Путин Президент Каримовга айни муносабат билан табрик йўллаган, аммо ўзбек матбуоти Россия билан иттифоқчилик шартномасининг юбилей санасини эътиборсиз қолдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Каримов Россиянинг Суриядаги ҳаво зарбаларини танқид қилган

Ўзбекистон Россиянинг Суриядаги ҳаво зарбалари борасида сукут сақламоқда.

Расмий Тошкент Туркиянинг рус ҳарбий учоғини уриб тушириши юзасидан ҳам ҳеч қандай муносабат билдирмаган.

Муаммоли шерик

Айни пайтда Президент Каримов Россиянинг Суриядаги амалиётини билвосита танқид қилган.

REGNUM агентлигининг Тошкентдаги дипломатик манбаъларга таяниб хабар беришича, жаноб Каримов ўтган ой охирида Туркманистон Президенти Бердимуҳамедовнинг Тошкентга ташрифи чоғида Россияни Сурияга киришдан аввал у ердан қандай чиқиш ҳақида ўйлашга чақирган.

"Айрим давлатлар тўғри иш қилаяпмиз, деб ўйлайди. Аммо бир ерга киришдан олдин у ердан қандай қилиб чиқиш ҳақида ўйлаш керак", дея Ўзбекистон раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирган REGNUM агентлиги.

Айни пайтда Президент Каримов Россия номини тилга олмаган.

Ўзбекистон расмийлари Президент Каримовнинг ушбу сўзларини расман тасдиқлашмаган, аммо рад ҳам этмаганлар.

Ўзбекистон Россия етакчилигидаги иқтисодий ва ҳарбий иттифоқларга қарши чиқиб келади.

Аммо шунга қарамасдан, Россия мулозимлари Тошкент билан, жумладан, ҳарбий соҳада ҳам икки томонлама ҳамкорлик механизми йўлга қўйилганини таъкидлаб келадилар.

Россиялик таҳлилчиларга кўра, Тошкент Москва учун анчайин муаммоли шерик сифатида кўрилади.

Аммо уларнинг фикрича, минтақада диний экстремизм таҳдидининг кучайиши Ўзбекистонни Россия билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга ундаши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio