Нега туркман "Гўрўғли"си тан олинди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Гўрўғли - туркий халқларнинг умумий қаҳрамони.

"Гўрўғли" достони ЮНЕСКО рўйхатига киритиларкан, у Туркманистон халқ оғзаки ижоди намунаси сифатида таърифланган.

Шимолий Корея чимчиси ва араб қаҳваси ҳам ЮНЕСКО рўйхатига олинган.

Шу қаторда Грециянинг Тинос оролида шаклланган мармар ўймакорлиги ҳам халқаро мақом олди.

Гўрўғли ва Кўрўғли?

Қабрда туғилган ва ҳаётининг илк палласини илоҳий қудрат билан белидан юқориси чиримаган онасининг кўкрак сутини эмиб ўтказган Гўрўғли аксар туркий халқларнинг миллий қаҳрамонидир.

Масалан, ўзбек Гўрўғлисини топиб олишганида, унинг жинсини аниқлаш учун болакайга қурол ва қўғирчоқ ташлашади.

Тўғри баъзи ҳолларда "Кўрўғли" номи билан танилган достонда қаҳрамон кўр одамнинг фарзанди дейилади.

Айрим халқлар уни "Гўрўғли" деб атаб, болакай қабрда, яъни гўрда туғилганига ишора қилишади.

Гўрўғли каби халқ қаҳрамонлари дунё бўйлаб деярли барча халқларда учрайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Мақом. Уни ўзбек, тожик, озари, уйғур ва эронлик ҳам ўз санъати сифатида севиб куйлайди.

Аммо айнан "Гўрўғли" ("Кўрўғли") номи билан машҳур бу достонни нафақат туркманлар, балки ўзбеклару озарбайжонлар, қозоқлару турклар ҳам ўз маданий бойлиги, деб билишади.

Кавказдаги туркий халқлар таъсирида ҳатто гуржи ва арманларда ҳам бугун "Гўрўғли" достони бор.

Манти, манту, монто...

Етмиш йил темир парда ортида қолиб келган собиқ Шўро мамлакатлари ва халқлари маданиятини дунё ҳозир қайтадан кашф эта бошлаган.

Аммо айни жараён баъзида норозилик ва ҳайратга ҳам етаклаяпти.

Марказий Осиё халқлари нафақат ўзаро, балки Хитой, Яқин Шарқ, Ҳиндистон, Кавказ ва Шарқий Оврўпо билан ҳам тарихий, маданий ва савдо алоқаларига эга бўлиб келишган.

Кўп ҳолларда бу халқларнинг келиб чиқиши ўта яқин ва ҳатто ягона илдизларга бориб тақалади.

Шу боис бугун уларнинг мусиқаси, таомлари, кийим ва байрамлари ҳам бир хил аталади ва ё айни маънога эга.

Аммо "Наврўз" каби байрамлар баъзи давлатлар томонидан БМТга йўлланган бўлса, бошқалар бу рўйхатга кирмай қолишган.

Шунингдек, палов ё манти кимнинг таоми, "Шашмақом" қай миллатнинг маданий мероси ё Улоқ (Кўпкари) каби спорт ўйинлари қайси халққа тегишли, деган баҳслар ҳам йўқ эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Шомонлик Марказий ва Шарқий Осиё, Африка ҳамда Америка ерлик халқларида ҳам учрайди.

Шуниси ҳам борки, ҳали бир аср олдин ҳам минтақа халқлари бир-бирларини миллий ё ирқий жиҳатлари билан фарқлашмаган.

Балки "форсигўй" ёки "туркийзабон" деган ибораларни қўллашган. Бу эса биз ўзаро биттамиз, фақат тилимиз фарқли деган маънони берган.

Шунингдек, ўтроқ ва кўчманчи халқлар ҳам ўзаро ҳаёт тарзи билан фарқланиб келишган, холос.

Натижада эса ёзилмаган қонунлар билан ўртада уйғунлик, бирдамлик ҳамда бағрикенглик шаклланган.

Аммо Совет даврида чизилган чегаралар ичида бир миллат етакчилигидаги давлатчиликни шакллантираётган мамлакатлар ўзидаги мавжуд меросга миллий тўн кийдираркан, бу муайян маънода тортишув ё баҳсларга етаклайди деган хавотирларни туғдирмоқда.

Минтақада ҳеч қачон таомлар ё анъаналарга келганда муайян миллатга нисбат берилмаган. Бу анъана ҳамон мавжуд.

Масалан, Андижон, Хўжанд ё Самарқанд палови, Қўқон ё Тошкент патири, Хоразм гуммаси, Чироқчи яхнаси, Ўзган оши, Бухоро ҳолваси каби иборалар ҳамон кенг қўлланилади.

Шунингдек, Бухоро, Фарғона ё Хоразм мақоми, Чуст, Марғилон ё Шаҳрисабз дўпписи, Хоразм, Бухоро, Бойсун ва Фарғона рақси, деб юритилади.

Қадимий Бухоро адраси ё замонавий Марғилон атласи ҳам шулар жумласидан.

Яъни ҳеч қачон бирон миллатга эмас, фақат жўғрофий ҳудудга нисбат берилади.

Дўлма ё дўлмадес?

Маданий меросга миллий ё сиёсий либос кийдириш кўпинча баҳс-мунозарага етаклаган.

Озарбайжон ва Эрон ўртасидаги тор мусиқа асбоби борасида юзага келган баҳс ҳамон ечимини топмаган.

Турклар ва юнонлар эса пашмак ҳолва ёки қўй сутидан қилинадиган ҳалим пишлоғи кимники, деган масалада келиша олишмайди.

Негадир, ҳалим пишлоғи тарихи бадавий арабларга бориб тақалса-да, бугун у турк-юнон тортишувининг бир қисми бўлиб қолмоқда.

Image caption Дўлма сўзи туркий тиллардаги "дўлдурмак" ё "тўлдирмоқ" феълидан келиб чиққан, аммо бу таомни арман, юнон, форс ҳамда араблар ҳам тайёрлашади.

Озарбайжон ва Арманистон эса дўлма устида тортишиб келадилар. Аммо дўлманинг илдизлари Марказий Осиёга етаклаши айтилади.

Бу ёқда юнонлар ҳам уни дўлмадес, деб аташади ва бу грек таоми, деб биладилар.

Бошқа томондан, айрим халқаро қарорлар давлатлар ё халқлар орасида келишмовчиликка етаклаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.

Дейлик, юнонча қатиқ бўз халтада қилинади. Ҳозир у расман шундай аталади ҳам ва бошқа биров бу қатиқни ўзиники, деб чиқиши мумкин эмас.

Аммо ўзбеклар ва турклар ҳам қатиқни бўз халтага солиб, сузма қилишади. Тожиклар ҳам худди шундай усулда чакки олишади.

Шу боис айрим мутахассисларга кўра, ўзаро яқин халқларда учрайдиган ва ҳам тайёрланиши, ҳам аталиши бир хил бўлган таом, мусиқа ё анъаналарга халқаро ёрлиқ ёпиштирганда ўта эҳтиёткор бўлиш керак.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу ҳикояни баҳам кўринг

Бу мавзуда батафсилроқ