Тожикистонда зилзила: Вайронагарчилик кўлами катта

Кучли ер силкиниши Сарез кўлидан 22 чақирим узоқликда, Тожикистоннинг шарқий Тоғли-Бадахшон мухтор вилоятида юз берган.

Зилзила кучи Рихтер шкаласи бўйича 7-8 баллни ташкил этган.

Ер силкиниши марказининг Тожикистон пойтахтидан 363 чақирим узоқликда жойлашган Мурғоб аҳоли пунктига яқин бўлгани айтилмоқда.

Тожикистондан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, ер силкиниши жиддий вайронагарчиликларга сабаб бўлган.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, кучли ер қимирлаши натижасида Мурғобдан ташқари, Бартанг туманида ҳам анчагина одам тан жароҳати олган.

Ҳозирда уларнинг сонларини аниқлаш бўйича иш ҳам олиб борилмоқда.

Кучли ер силкиниши Мурғоб, Бартанг ва Рушан туманининг Хуф водийсида катта сондаги мактаб, турар-жой бинолари ва тиббиёт пунктларини вайрон қилган.

Басид қишлоғида эса, тоғнинг бир қисми кўчиб тушган ва бир нечта уйни босиб қолган.

Вайронагарчилик кўламига қарамай, ҳозирча, инсоний талофатларга оид хабарлар йўқ.

Яъни, зилзила кундуз куни рўй бергани боис, кўпчилик ўз вақтида ташқарига чиқишга муваффақ бўлган.

Хабарларга кўра, вилоят ҳокимлигининг махсус ҳайъати ҳам аллақачон Бартангга жўнаб кетган.

АҚШ Геологик хизматининг текширувларига кўра, зилзила "ўчоғи" 28 чақирим чуқурликда бўлган.

Зилзиладан жабр кўрган ҳудудларга фавқулодда ёрдам гуруҳлари жўнатилган.

Аммо уларнинг етиб боришлари соатларга чўзилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Тоғли Помир минтақасида ҳаво аллақачон жиддий совуб улгурган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Мурғоб ва Бартангда тунда ҳаво ҳарорати Цельсий шкаласи бўйича минус 8-10 ни ташкил этади.

Қаҳратон совуқ ва қалин ёққан қор сабаб, қутқарувчиларга осон бўлмайди.

Об-ҳаво яхши эмаслиги боис, инсонпарварлик кўмакларини ҳам асосан машиналарда етказишга тўғри келади.

Тожикистондаги мухбиримизга кўра, навбатдаги ер силкиниши тоғли Помир минтақасининг етиб бориш қийин бўлган туманларида кучли сезилган.

Мухбиримиз Анора Саркорованинг хабар беришича, табиий офат вилоят аҳолиси орасида катта ваҳимага сабаб бўлган.

Қўрқиб кетган болалар синфхоналардан ташқарига отилиб чиқишган.

Кўпчилигининг аҳволи ёмонлашиб қолган.

Вилоят маркази Хорўғдан "Тез ёрдам" машиналари сафарбар этилиб, жабрдийларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилаётгани айтилмоқда.

Одамлар эса, ер яна қимирлайди, деган хавотирда ташқарида қолишни афзал билишмоқда.

Хорўғликларнинг айтишларича, зилзила оқибатида айрим биноларга дарз етган.

Дастлабкиси ортидан, яна бир нечта ер силкиниши юз бераркан, шаҳар мактабларидаги таҳсиллар бекор қилинган.

Зилзила маркази бўлган Мурғоб билан боғланишнинг қийин экани айтилмоқда.

Мухбиримизга кўра, у ер билан мобил алоқа ҳам деярли йўқ.

Зилзила кучидан пойтахт Душанбе ҳам бир четда қолмаган, аммо безиён кечган.

Лекин, шунга қарамай, шаҳардаги мактаблар ёпилган.

Тоғли Бадахшон - Тожикистоннинг энг ночор ва ишсизлик кенг тарқалган вилоятларидан бири саналади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ерости силкинишлари Покистон, Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатларида ҳам сезилган.

Айрим хабарларга кўра, Покистонда зилзиланинг кучи Рихтер шкаласи бўйича 7.1 баллни ташкил қилган.

Аммо бу ердан ҳам, ҳозирча, бирор бир талофатга оид хабарлар йўқ.

Жумладан, kun.uz нашрининг ёзишича, зилзила Ўзбекистонда ҳам сезилган.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари: Тошкент, Фарғона водийси ва Қашқадарёда 3.5-4 баллгача бўлган ер силкинишлари кузатилган.

Бу ердан ҳам, ҳозирча, қурбонлар ва вайронагарчиликларга оид расмий хабарлар йўқ.

Минтақа сўнгги икки ой ичида қатор ер силкинишларига саҳна бўлган, уларда ўнлаб одамлар қурбон бўлишганди.

Устма-уст зилзилалардан энг кўп Афғонистон, Покистон, Қирғизистон ва Тожикистон зиён чекишганди.

Жумладан, Қирғизистоннинг Ўзбекистонга бевосита қўшни Ўш вилоятида юзлаб уйлар вайрон бўлганди.

Помир тоғларида жойлашган Сарез кўли эса, йилларки, минтақа мутахассисларининг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Яъни, Сарез - Марказий Осиё минтақасига энг кўп хавф солувчи кўл ҳисобланади.

Мазкур кўл 1911 йилда йирик тоғ кўчкиси натижасида пайдо бўлган, Сарез минтақасидаги қишлоқлардан бири буткул сув остида қолганди.

Ушбу табиий офат натижасида камида 90 одамнинг ҳалок бўлгани ишонилади.

Мутахассисларга кўра, айнан кучли зилзилалар сабаб, Сарез кўли ўз ўзанидан чиқиб кетиши ва Аму Дарё ҳавзасида жойлашган Тожикистон, Афғонистон, Ўзбекистон ҳамда Туркманистонда беш миллиондан ортиқ инсоннинг ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин.

Тожикистоннинг Роғун шаҳри яқинида қурилаётган ва Марказий Осиёда энг йириги бўлиши кутилаётган ГЭС ҳам айнан зилзилалар боис, қолган минтақа давлатлари, айниқса, Ўзбекистоннинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Жумладан, ўзбекистонлик мутахассисларга кўра, янги ГЭСнинг баландлиги 335 метр бўлиши кутилаётган тўғонига дарз етиши – Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган давлатлар учун ҳақиқий фожеага айланади.

Худди шу манзарада Роғун ГЭСини қуриш лойиҳаси икки мамлакат муносабатларини кескин совуқлаштирган.

Тожикистон сейсмик фаол минтақада жойлашганини рад этмаган айрим маҳаллий мутахассисларга кўра эса, Роғун ГЭСи қурилиши минтақага хавф солмайди.

2010 йилда Тожикистоннинг Роғун ГЭСи қурилаётган сатҳига яқин ва мамлакатдаги энг йирик Норак ГЭСи жойлашган шимолий-шарқий минтақаларида қарийб 6 балли ер силкиниши юз берганди.

Тожикистон зилзила тез-тез юз берадиган тоғли мамлакат.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, Тожикистонда йилига 2.000 дан ортиқ енгил ер силкинишлари кузатилади.

Улардан айримлари ўнлаб инсоннинг умрига зомин бўлгани, яна катта сондагисига тан жароҳати етказгани ҳам бор гап.

Бундан бир неча йил бурун Тожикистоннинг тоғли Помир минтақасида рўй берган қақшатқич зилзила оқибатида эса, юзлаб кишилар бошпанасиз қолишганди.

Тожикистоннинг шарқий Бадахшон вилояти ҳам зилзилаларга жуда мойил минтақа ҳисобланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ